O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Пайғамбарлар тарихи (33). Муҳаммад алайҳиссалом

Пайғамбарлар тарихи (33). Муҳаммад алайҳиссалом
198 views
06 August 2014 - 8:25

p.t.3Қуръайшнинг душманлиги

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Макка мушрикларидан Абу Толибнинг ҳимоя қилиши Қуръайш қабилаларини ҳаракатга келтирди. Қуръайш мушрикларидан:

1. Утба бин Рабийъ
2. Шайба бин Рабийъ
3. Абу Сўфиён бин Ҳарб бошчилигида ўн кишидан ортиқ бир гуруҳ Абу Толибнинг ёнига бориб, унга шундай дедилар:

– Эй Абу Толиб, биродарингнинг ўғли бизнинг илоҳларимизга тил теккизди, динимизни eрга урди, ақлимизни ақлсизлик деб айтди. Боболаримизнинг залолат ва бузуқлик ичида ўлиб кетганликларини иддао этди. Сен уни ёки бизга гап отишдан тўхтат ёки уни бизга қўйиб бер, орамиздан чиқ. Биз унинг ҳаққини ўзимиз берамиз!
Абу Толиб уларни мулойим қаршилади, юмшоқ сўзлар айтиб, улардан қутилди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ашаддий душман бўлганлар Абу Жаҳл Амр бин Ҳишом, Абу Лаҳаб бин Абдулмутталиб, Уқба бин Абу Муёт эдилар.
Қуръайш мушрикларининг Пайғамбаримиз душманларига асосий сабаблар шулар эди:

1. Қурайшликлар юзларча йилдан бери бутларга сиғиниб келишарди. Пайғамбаримиз эса бу бутларни ерга урди, бутпарастларнинг жаҳаннамга кетиши ҳақида очиқ гапирди.
2. Макка шаҳри илоҳий Маъбад бўлган Каъбаси билан араб дунёсининг диний Маркази бўлиб, у ерга ҳар йил- Ҳаж мавсумида, умра пайтида ҳар тарафдан одамлар оқиб келарди. Уларнинг эҳтиёжларини қаршилаган Маккаликлар бу соҳада катта маблағ ва эътибор қозонардилар. Бу манфаатга зарар бериши мумкин бўлган ҳар қандай одам уларнинг душмани эди.
3. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Қуръайш мушрикларининг разолатини шафқатсиз шаклда фош қиладиган оятларнинг тўғридан уларга тегиб кетаётганини билганидан ғазабнок эдилар.
4. Қуръайшнинг “катталари” ҳаммани тенг қўйган, уларга имтиёз бермаган бир динни, “Сизнинг Аллоҳ қатида энг шарафли ва қийматлик бўлганингиз Аллоҳдан қўрққанлардир”, деган бир динни асло ҳазм қила олмас эдилар. Масалан, Ислом душмани Абу Лаҳаб “Эй Муҳаммад, сенга иймон этсам, менга нима берилади?, деб сўради. “Мусумонларга нима берилса сенга ҳам ўша берилади”,деди Пайғамбаримиз алайҳиссалом. “Оломондан ҳеч фарқим, устунлигим бўлмайдими?”, деди Абу Лаҳаб. “Яна нима истардинг?”, дея сўради Пайғамбаримиз алайҳиссалом. “Мени оддий инсонлар билан кўражак динга суф!”, деди Абу Лаҳаб.
5. Қуръайш хонадонлари орасида “устунлик” бобида аввалдан бир рақобат бор эди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Ҳошимийлардан чиққани бошқа хонадонларда ҳасад уйғотди.
6. Қуръайш “катта”ларининг талоққийларига кўра, Қуръон инадиган бўлса, нега энди Қуръайшнинг бой ва кекса бўлган вакилларига инмади? “Мен Қуръайшликларнинг саййиди, улуғ кишиси бўлганим ҳолда, нега четда қолдим?!, дея хитоб қилганди Валид бин Муғира. Мунаббиҳ ва Нубайҳ бин Ҳажжож ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга дуч келганида, ”Аллоҳ пайғамбарликка сендан бошқа одам тополмадими?”, дейишганди.

Қуръайш мушрикларининг Абу Толибга қўйган шарти

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг фаолияти кенгайиб, таблиғ ва даъват ишлари кучайган сари мушриклар қаттиқроқ ғазабланди ва ниҳоят тўпланиб, яна Абу Толибнинг ёнига келишди. Бу кез очиқча таҳдид этдилар.

– Эй Абу Толиб, сен ичимизда кекса ва обрўли инсонлардансан. Биз сендан биродарингнинг ўғлига бизга тегмаслигини айт, дегандик. Аммо сен буни қилмадинг. Биз энди бунга чидамоқчи эмасмиз. Сен ёки уни бу ишидан воз кечтир ёки икки тарафдан бири йўқ бўлгунга қадар у билан ҳам, сен билан ҳам урушамиз, – дедилар ва кетдилар.
Бу Абу Толибга оғир келди.
Абу Толиб Пайғамбаримиз алайҳиссаломга одам юбориб, чақиртирди. Унга, “Эй биродаримнинг ўғли, қавмингнинг “катталари” келиб, сен туфайли мени жуда хафа қилишди”, деди ва бўлган воқеани гапириб берди.
Сўнгра:

– Ўзингга ва менга раҳминг келсин. Кучим етмайдиган, тагидан чиқолмайдиганим бир юкни менга юклама, бу ишнгдан воз кеч!, – деди Абу Толиб.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом амакисининг бу сўзларидан қаттиқ таъсирланди ва деди:
– Эй амаки, валлоҳи бу ишни ташламоғим учун соғ қўлимга қуёшни, сўл қўлимга ойни қўйсалар ҳам – Аллоҳ ишимни устун қилгунча ёки мен бу йўлда ўлгунча – асло ташламайман!, – деди, кўзлари намланди, йиғлади.
Кейин оёққа қалқди, кетабошлади, шунда амакиси Абу Толиб:
– Бу ёққа кел, эй биродаримнинг ўғли!, – деб чақирди.
Пайғамбаримиз қайтиб келди.
– Эй биродаримнинг ўғли, истаганингни сўйла, ишингни давом эттир. Валлоҳи, мен сени ҳеч қачон уларга таслим этмайман, – деди.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёш муҳофизлари

Ривоятга кўра, Қуръайш мушрикларининг “катталари” Каъбанинг ҳижрида тўпланиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўрган заҳоти ўлдиришга қарор бердилар.
Абу Толиб Ҳошим ва Мутталиб ўғилларидан бир гуруҳ ёш йигитларни қуроллантирди ва ёнига Пайғамбаримиз алайҳиссаломни олиб, мушрикларнинг масжидига кирди ва уларга:
– Эй Қуръайш жамоати, мақсадимни биласизларми?, – деди.
– Билмаймиз, – дейишди мушриклар.
Шунда Абу Толиб ёнидаги ёш йигитларга “чиқаринг қиличларингизни!”, деб буюрди.
Ёшлар қиличларини яланғочлади.
Абу Толиб:
– Валлоҳи, агар уни (Пайғамбаримиз алайҳиссалом) ўлдирсангизлар, сиздан ҳеч ким тирик қолмаяжак!, – деди.
У ердаги Қуръайш жамоати том маънода саросимага тушди, айниқса, Абу Жаҳл.

Қуръайш мушрикларининг пайғамбаримиз алайҳиссаломга таклифлари

Бир куни қуёш ботгандан сўнгра Утба бин Рабийъ, Абу Суфиён Саҳр бин Ҳарб, Абу Жаҳл бин Ҳишом каби йигирматага яқин киши Каъбанинг орқа тарафида тўпланиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломни чақириб, у билан гаплашиб олишга қарор қилдилар. Унга “Қуръайшнинг ашрофи сен билан гаплашмоқ истайди, уларнинг ёнига кел”, дея хабар юбордилар.
Расулуллоҳ алайҳиссалом дарҳол уларнинг ёнига келди.

Чунки уларнинг яхши ният билан чақирганлигига ишонарди.
Қуръайш мушриклари шундай деди: Эй Муҳаммад, сен билан гаплашайлик, деб сенга хабар солдик. Валлоҳи араблардан сен каби ҳеч ким ўз қавмининг бошини дардга қўйганини эслолмаймиз. Сен оталаримизга тил теккиздинг, динимизни айбладинг, илоҳларни ҳақоратладинг, бирликни парчаладинг – бошимизга келмаган бало қолмади!

Агар сен бу билан мол-мулкка эришмоқ истаётган бўлсанг, сени ҳаммамиздан бойроқ қилгунча, сен учун мол тўплайлик. Агар сен шон-шараф қозонмоқ истаётган бўлсанг, биз сени саййид ва улуғ кишимиз сифатида танийлик!
Агар сен қирол бўлишни истасанг, сени ўзимизга қирол сайлайлик!

Агар сенга келган нарсалар жинлар таъсиридан бўлса, улардан қутқариш учун сени даволатайлик”, дедилар.
Расулуллоҳ алайҳиссалом уларга: “Айтганингиз нарсалардан ҳеч бири менда йўқ. Мен келтирганим нарса билан сиздан на мол, на шараф, на шон, на-да ҳукмдорлик истайман. Лекин мени Аллоҳ сизга пайғамбар ўлароқ юборди ва менга китоб индирди. Буни қабул этганларингизга Жаннатни муждалаб, қабул этмаганларингизни Жаҳаннам билан қўрқитиш амр этилди менга.
Мен Роббимнинг менга берган элчилик вазифасини сизга таблиғ этдим, келтирганим нарсаларни қабул этсангиз, бу дунё ва охиратда сизнинг озиғингиз бўлади. Қабул этмасангиз, Аллоҳу Таоло орамиздаги ҳукмини бергунча, унинг амрини бажариш учун бутун машаққатларга чидаш бурчимдир”, деди.

Қуръайш мушриклари: “Эй Муҳаммад, сен яхши биласан- ки, бизнинг турмуш шароитимиз оғир, сени юборган Роббингга айт, бизни икки тарафдан қисиб олган шу тоғларни биздан узоқлаштирсин, юртимизни кенгайтирсин. Ўлган боболаримиздан баъзиларини тирилтирсин, уларнинг ичида Қусайй бин Хилоб ҳам бўлсин, чунки у тўғрисўз бир шайх эди. Сенинг сўйлаганларинг тўғрими, ботилми, ундан сўрайлик. Агар у тасдиқ этса, сен ҳам бизнинг истаганларимизни қилсанг, сени тасдиқ этамиз. Ҳам сенинг Аллоҳ қатидаги мавқеингни, унинг сени пайғамбар юборганини ўрганамиз”, дейишди.
Расулуллоҳ алайҳиссалом уларга: “Мен сизларга бундай вазифа билан юборилганим йўқ. Аллоҳ мени нима билан юборган бўлса, уни сизларга таблиғ этдим”, деди.

Мушриклар унга: “Сен биз учун истамасанг ўзинг учун Рoббингдан бир нарсалар иста. Сенга боғчалар, кўшклар, олтин ва кумуш хазиналари берсин, сени турмуш қийинчиликларидан қутқарсин. Чунки сен ҳам биз каби бозорларда юриб, ўз нонингни топиш учун заҳмат чекаяпсан. Агар сен пайғамбар бўлсанг, Роббингнинг қатида мавқеингни кўрайлик”, дейишди.
Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Мен буни қилмайман. Сизларга бундай иш билан юборилмадим. Фақат Аллоҳ мени бир мужaдачи ва қўрқитувчи ўлароқ юборди. Агар сизга келтирганимни қабул этсангиз, бу – дунё ва охиратда сизнинг насиб ва озиғингиз бўлади. Уни рад этсангиз, Аллоҳу Таоло орамизда ҳукмини бергунча, Аллоҳнинг амрини адо этишда давом этмак – менинг бурчимдир”, деди.
Мушриклар: “ундай бўлса, Роббинг айтганинг каби, кўкни парчалаб устимизга туширсин қани! Сен буни қилмасанг, сенга ишонмаймиз”, дедилар.

Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Бу иш Аллоҳга оиддир. Агар буни қилишни истаса, у қилишга қодир”, деди.
Қуръайш мушриклари: “Эй, Муҳаммад, бизнинг сен билан суҳбатлашишимизни, ундан сўрашни истаганимиз нарсаларни сендан сўрашимизни Роббинг билмайдими? Бизга беражагинг жавобларни сенга олдиндан ўргатмадими? Таблиғ этганинг нарсаларни қабул этмасак, бизга нима қилишингни сенга нега айтмади? Эшитишимизча, бу гапларни сенга Ямомадаги Раҳмон деган биттаси ўргатган экан. Валлоҳи, биз ҳеч қачон Раҳмонга ишонмаймиз. Эй, Муҳаммад, ортиқ сенга нисбатан бир масъулиятимиз йўқ. Валлоҳи, энди сенинг ёқангни қўйиб юбормаймиз. Ё биз сени йўқ қиламиз ёки сен бизни йўқ қиласан”, дейишди.
Расулуллоҳ бу гапларни эшитиб, уларни тарк этди.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг холасини ўғли Абдуллоҳ бин Аби Умаййа Пайғамбаримиз алайҳиссалом мушрикларнинг ёнидан чиқиб кетар экан, у билан бирга чиқди ва шундай деди: “Ё Муҳаммад, қавминг сенга баъзи таклифлар қилди. Сен уларнинг ҳеч бирини қабул этмадинг. Улар сен қўрқитганинг азоблардан бир қисмини тез келтирилишини сендан истадилар, буни ҳам қилмадинг. Ортиқ сен кўз ўнгимда нарвон қўйиб осмонга чиқиб кетмагунингча, пайғамбарлигинга шаҳодат келтирувчи тўртта малак келтирмагунингча сенга асло ишонмайман”, деди ва у Расулуллоҳдан, Расулуллоҳ ундан айрилди.
Расулуллоҳ алайҳиссалом уйига қайғули қайтди. (Тобарий”Тафсир”,15/164).

Мушриклар саволларининг Аллоғу Таоло тарафидан жавоблантирилиши

“Уларга Роббларининг оятларидан бир оят келса, албатта ундан юз ўгирувчи бўлдилар. Уларга ҳақ (Қуръон) келганда, уни ҳам ёлғон дейишди. Энди яқинда уларга нимани масхара қилаётганликларининг хабари келажакдир! Улардан аввал неча наслларни ҳалок этганимизни кўрмадиларми? Уларга (аввал ўтганларга) ерда сизларга бермаганларимизни бергандик, устларидан самони (ёмғирни) мўл-кўл қилиб, остларидан дарёларни оқизиб қўйгандик. Бас, ўшаларни гуноҳлари сабабли ҳалок этдик, улардан сўнг яна янги наслларни пайдо қилдик. Агар сенга (қоғозга) ёзилган бир мактуб туширсайдик, уни қўллари билан ушлаб кўрсалар ҳам кофир кимсалар – бу очиқ сеҳрдан бошқа нарса эмас – деган бўлардилар. Яна улар “унга бирон малак индирилса эди”, дейишди. Агар биз малак туширсак, иш битган бўлурди. Уларга бир он ҳам кўз очтирилмасди. Агар унинг (пайғамбарнинг) ўзини малак қилсак ҳам, малакни одам (эркак) суръатида кўрсатиб, уларни ўша тушган шубҳаларига яна туширардик. Онт бўлсинким, сендан аввал ўтган пайғамбарлар устидан ҳам кулинди. Сўнгра масхара қилган кулгилари уларни ўраб (домига тортиб) кетди. Айт, ерни айланиб, сайру-саёҳат қилинглар, сўнгра (пайғамбарларни) ёлғончига чиқарганларнинг оқибати қандай бўлганини кўринглар”. (“Анъом”, 4- 11)

“Агар бир Қуръон бўлиб, у билан тоғлар жилдирилса эди, ёxуд ер ёрилса эди, ёхуд у билан ўликлар тилга киритилсайди (кофирлар барибир иймон келтирмасди). Йўқ, бутун иш ёлғиз Аллоҳнинг (илкида)дир. Иймон келтирганлар агар Аллоҳ истаса, албатта, барча одамлар ҳидоятга келишини англамадиларми? Аллоҳнинг ваъдаси келгунича куфр йўлини тутган кимсаларга ўзларининг қилган қилғиликлари сабабли турли офат-балолар етар ёки юртларининг яқинига бир бало тушажакдир. Шубҳасиз, Аллоҳ ваъдасидан хилоф иш қилмас!

Онт бўлсинки, сендан аввалги пайғамбарларни ҳам масхара қилишди. Мен у куфр этганларга бир муҳлат бердим, кейин уларни тутдим! Учраган азоблари нақадар (даҳшатли) эканини биласан”. (“Раъд” 31- 32).
“Улар яна ”нега у пайғамбар (оддий одамлардек) таом ейди, бозорларда кезади? Унга бир малак индирилиб, у билан бирга қўрқитувчи бўлса ёки кўкдан бир хазина туширилса ёки унинг учун бир боғу бўстон бўлиб, у еб- ичса эди” дейишди. Яна у золимлар (мўминларга) сизлар сеҳрланган, ақлдан озган кишига эргашаяпсизлар- дейишди. Қара, улар сен ҳақда қандай ёмон мисоллар келтирдилар. Бас, улар йўлдан оздилар, энди улар (тўғри) йўл топишга қодир эмаслар!
(Аллоҳ) шу қадар буюк зотки, агар хоҳласа, сенга ўша (айтганлари)дан хайрлироғини (беради), остидан дарёлар оқиб турган Жаннатни, қаср саройларни беради. (Фурқон, 7-10).

“Биз сендан аввал ҳам пайғамбарларни бошқа шаклда юбормадик: шубҳасизки, улар ҳам таом ер ва бозорларда кезардилар. Биз сизнинг баъзиларингизни баъзиларингизга синов-фитна қилиб қўйдик, сабр этиб-этмаслигингиз билинсин дея. Сенинг Роббинг ҳар нарсани кўриб турибди.

Бизга рўбарў келишни умид қилмаганлар “бизга малаклар индирилса эди, биз Роббимизни кўрсак эди”, дейишди. Онт бўлсинким, улар нафсларида кибрландилар, катта кетиб, ҳаддан ошдилар”. (“Фурқон” 20- 21).
“Ва дедилар: (мана шу ерни ёриб) бир чашма чиқариб бермасанг сенга асло инонмаймиз! Ёки сенинг хурмозор, узумзор боғинг бўлиб, унинг ўртасидан ирмоқлар оқмагунча, ёки ўзинг даъво қилганингдек, осмонни устимизга парча-парча қилиб туширмагунингча ёки Аллоҳ ва малакларни олдимизга келтирмагунингча ёки сенинг олтиндан бир уйинг бўлмагунча ёхуд ўзинг осмонга кўтарилмагунча (сенга иймон келтирмаймиз). Токи бизга ўқиладиган бир китоб туширмас экансан, бу (осмонга) кўтарилишингга ҳам ишонмаймиз! Айт, “Роббимнинг шони юксакдир. Мен Аллоҳнинг Расули, бир башар (одам) эмасманми? Инсонларга ҳидоят келганда уларнинг бунга иймон этишига уларнинг “Аллоҳ бир башар (одам)ни пайғамбар қилиб юбордими?”, деган сўзлари тўсиқ бўлгандир”.
(Уларга) айт: “агар ер юзида одамлар ўрнида малаклар сокин юрганда эди, албатта, уларга кўкдан малак пайғамбар юборардик”.
Айт: “сиз билан менинг орамда гувоҳ ўлароқ Аллоҳ етар. Чунки У қулларнинг нима қилганидан хабардор ва (уларни) кўриб турган зотдир”.

Аллоҳ кимга ҳидоят насиб этса, ана ўша тўғри йўлни топгандир. У зот кимни йўлдан оздирса, улар учун Аллоҳдан бошқа ёрдамчи тополмайсан. Биз уларни қиёмат куни кўр, соқов, кар қилиб, юзтубан ётган ҳолда тирилтиражакмиз! Уларнинг борар жойи Жаҳаннамдир-ки, оташи пасайса, уни оловлантириб туражакмиз”. (“Исро” 90- 97).
“Шундай қилиб, Биз сени ўзидан олдин неча умматлар ўтган бир умматга, сенга ваҳий этганимиз Қуръонни ўқиш учун юбордикки улар Раҳмонни инкор этаяпти. Айт, “у менинг Роббимдир, ундан бошқа илоҳ йўқ, мен фақат унга суянаман. Менинг тавбам, қайтишим ёлғиз Унгадир!” (“Раъд”, 30).

“Биз агар истасак, уларни ерга юттирамиз. Ёхуд осмонни устларига парча-парча қилиб туширамиз”.(“Сабаъ”, 9).
“Ҳали булар азобимизни тез келишини истаяптиларми? Лекин бу уларнинг диёрига тушганида, қўрқитилганларнинг тонглари ёмон отажакдир”. (“Вас-саффот”, 176-177).

“Яна улар Аллоҳга қизлар иснод этарлар. У (зотнинг шони) бундан муназзаҳдир”. (Наҳл, 57).
“Улар ундан (пайғамбардан) юз ўгириб, ”(унга Қуръон бировлар томонидан) ўргатиб қўйилган, (у) мажнун”, дедилар. (“Духон”, 14).

“Сен Роббингнинг неъмати туфайли мажнун эмассан”. (“Қалам”, 2).
“Бас, (сен) ўгит беришга давом эт. Сен Роббингнинг неъмат-марҳамати билан на коҳин, на да мажнунсан”. (“Тур”, 29).
“Ҳеч шубҳасиз, сен буюк бир аҳлоқ устидасан. Сен яқинда кўрасан, улар ҳам кўражаклар, қайси бирингиз мажнун (телба) эканингизни!”. (“Қалам”, 4-6).

“Улардан аввалгиларга ҳам бирор пайғамбар келмади- ки, токи улар уни ҳам сеҳрбоз ёхуд мажнун демаган бўлсин! Нима, улар бир-бирига васият этганмидилар? Йўқ! Улар туғёнга тушган қавмдирлар!’’ (“Ва-з-зoрият”, 52-53).
“Инсонларни огоҳлартир (қўрқит), иймон этганларга Робблари қатида улар учун муҳаққақ бир қадамий-сидқ (шафоат ва ажр) борлигидан мужда бер,” дея ўзларига ўхшаган бир одамга ваҳий юборганимиз эриш туюлдими? Ки уни кофирлар “бу бир сеҳргардир” дедилар?” (“Юнус”, 2).

“У кофирлар ўз ораларидан бир пайғамбар чиқиб, (уларнинг бошига келажак таҳликаларни билдирганига) ҳайрон бўлишди ва “бу бир жодугар, бир ёлғончидир” дейишди”. (“Саъд”, 4).

“Улар сени тинглар экан, қандай тинглаб, пичирлашганларини ва бу золимларнинг (мўминларга) “сизлар сеҳрланган бир кимсага эргашаяпсизлар” деганини ҳам яхши биламиз”. (“Исро”, 47).
“Лекин бу кофирлар ҳали ҳам (Қуръонни) инкор этмоқдалар. Ҳолбуки, у шонли бир Қуръондирки, (унинг асли) “Лавҳи Маҳфуз”дадир”. (“Буруж”, 19- 21- 22).

Муҳаммад Солиҳ тайёрлаб,
2009 йилда Истанбулда нашр этган
«Пайғамбарлар Тарихи» китобидан.