O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Пайғамбарлар тарихи (37). Муҳаммад алайҳиссалом

Пайғамбарлар тарихи (37). Муҳаммад алайҳиссалом
189 views
11 August 2014 - 9:17

p.t.3Мушрикларга қарши юриш

Ҳазрати Умар шундай ҳикоя қилади: “Мусулмон бўлганим пайтлари Расулуллоҳ алайҳиссалом билан асҳоби мушриклардан яшириниб юрган замонлар эди, бир куни “Ё Расулуллоҳ, биз хоҳ ўлик, хоҳ тирик бўлайлик, ҳақ устидамиз, шундайми?”, деб сўрадим.
Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ҳа. Борлиғим қудрат қўлида бўлган Аллоҳга ямин этаман-ки, сизлар хоҳ ўлик, хоҳ тирик бўлинг – ҳақ устидасизлар” деди.
“Ё Расулуллоҳ, биз ҳақ устида, улар эса ботил устида бўлганига кўра, нечун биз динимизни яширамиз? Биз исломиятни куфрга қарши эълон қилишга лойиқмиз, Аллоҳнинг дини Маккада муҳаққақ устун келажак! Қавмимиз бизга қарши келса, у билан жанг қиламиз, инсофли ҳаракат қилишса, буни ҳам қабул қиламиз,” дедим мен.
– Бизнинг сонимиз улардан оз, – деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.
– Сени ҳақ дин ва Китоб билан пайғамбар қилиб юборган Аллоҳга ямин этаман-ки, ҳеч чекинмасдан, қўрқмасдан Исломнинг инонч асосларини эълон қилмаганим бирорта жамоат қолдирмайман! Биз муҳаққақ майдонга чиқамиз!, – дедим мен!
Ва икки саф бўлиб чиқдик.
Сафларнинг бирини бошида Ҳамза, иккинчисининг бошида мен бор эдим.
Қатъий қадамлар билан, йўлнинг чангини ун каби тўзитиб, Масжидий Ҳарамга кирдик. Қуръайш мушриклари гоҳ менга, гоҳ Ҳамзага боқишар эди.
Улар ҳеч қачон тушмаган бир қайғуга тушдилар. Ўшанда Расулуллоҳ менга “Ҳақ билан ботилни айирди” дея “Фаруқ” исмини берди”.

Мушрикларнинг Расулуллоҳни ўлдиришга ташаббус қилиши

Исломият араб қабилалари орасида ёйилишга бошлади.
Ҳабашистон қироли Нажошийнинг Ҳазрати Жаъфар ва сафдошларига кўрсатган икроми Қуръайш мушрикларига жуда оғир ботган эди.
Қуръайш мушриклари Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ўлдиришга қарор бердилар ва “уни очиқ ёки гизли – муҳаққақ ўлдирамиз”, дея ямин этишди.
Абу Толиб Қуръайш мушрикларининг бу жиноятни ишлашга қатъий қарорли эканини кўриб, Ҳошим ва Абдулмутталиб ўғилларини ёнига тўплади. Мусулмон бўлгани ҳам, мушриги ҳам, қариндошлик боғлари асосида Шиибда тўпландилар. Фақат Ҳошим ўғилларидан Абу Лаҳаб келмади.
Ҳошим ва Абдулмутталиб ўғилларининг Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун Шиибда қароргоҳ қурганларини эшитган Қуръайш мушриклари ҳам бир мажлис чақирдилар.
Улар Макканинг юқори тарафида Муҳассобда йиғилишди. Ҳошим ва Абдулмутталиб ўғилларига қарши шу чораларни кўришга келишдилар:
1. Расулуллоҳ алайҳиссаломни ўлдириш учун уларга таслим этгунларича Ҳошим ўғиллари билан ярашув таклифи қабул этилмаяжак,
2. Уларга шафқат қилинмаяжак,
3. Уларга қиз берилмайди, улардан қиз олинмайди,
4. Уларга ҳеч нарса сотилмаяжак,
5. Улардан бирор нарса сотиб олинмаяжак,
6. Улар билан ўтирилмайди, кўришилмайди, гаплашилмайди,
Ва Уларнинг уйларига кирилмайди, деб келишиб олдилар.
Бу моддаларни бир саҳифага ёзиб, унга муҳр босдилар. Ва берган сўзларини тутиш учун бу саҳифани Каъбанинг ичига осдилар.
Бу саҳифани ёзган Мансур бин Икрима эди 5. Саҳифани ёзган куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом дуо қилди ва Мансурнинг қўли қуриди, чўлоқ бўлди.

Абу Толибнинг олган тадбирлари

Абу Толиб Пайғамбаримизга қарши ҳар қандай ёмонлик ва суиқасдга қарши бир тадбир ўлароқ, уйқу олдидан Пайғамбаримизни ҳамманинг кўз олдида ётоғига ётқизиб, кейин ҳамма ухлаганида уни турғазиб, қариндошлардан бирининг ўрнига ётқизар, қариндошни эса Пайғамбаримизнинг ўрнига ётқизарди.

Шииб аҳолисининг машаққатлари

Шиибда тўпланган мусулмонларга қарши Қуръайш мушрикларининг уйғулаган тадбирлари 3 йил ичида ўз таъсирини кўрсатди.
Мушриклар мусулмонлар учун бозор ва савдо- сотиқ йўлларини кесдилар. Улар Маккадан келган озиқ- овқатни Шиибдагилар олмасдан олдин дарров ўзлари сотиб олардилар. Ёки, масалан, сотувчиларнинг ёнига Абу Лаҳаб бориб, “Эй, Тужжор жамоати, Муҳаммаднинг асҳобига шундай юксак баҳода сотинглар-ки, улар ҳеч нарса ололмасин!”, дея ташвиқот юритарди.
Шииб аҳолисининг кун кўриши учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом бутун молини харжлади.
Ҳазрати Ҳадича ҳам, Абу Толиб ҳам бу йўлда бутун мол- мулкини харжладилар. Ейишга нон тополмай, ёғоч япроқларини еганлар, ҳаттто очликдан ўлганлар ҳам бўлди. Очликдан йиғлаган болаларнинг фарёди Шииб тарафдан тез- тез эшитила бошлади.
Қуръайш мушриклари ўзларининг мусулмон қариндошларига бирор озиқ юбормоқчи бўлса, буни яширинча юборишга мажбур эди.Чунки Абу Лаҳаб кабилар кузатиб юришарди.

Мушрикларнинг қурғоқчилик балосига мубтало бўлиши

Пайғамбаримиз алайҳиссалом мушрикларнинг исломиятга қарши истаксиз ҳаракатини ва зулмларини кўриб, “Эй Аллоҳ, буларга ҳам Юсуф алайҳиссалом замонидаги етти (қитлик) йили каби етти (қитлик азоби) бериб, менга ёрдам эт,” дея дуо этди.
Бу дуодан сўнг ёмғирлар тўхтади, ер қуриб қолди.
Қуръайш мушриклари ҳаётида даҳшатли қитлик бошланди.Кўплари очликдан ўлди. Ҳаром ўлган ҳайвонларнинг гўштларини, ит гўштини едилар.
Ўшанда Абу Сўфиён Саҳр бин Ҳарб Пайғамбаримиз алайҳиссалом ёнига келди ва:
– Эй Муҳаммад, сен ўзингни раҳмат билан юборилганингни айтиб, бизга Аллоҳга итоатни, қариндошга ёрдамни амр этиб турибсан. Қавминг эса қурғоқчилик ва қитликдан ўлиб кетаяпти. Уларнинг устидан бу фалокатни олиб ташлаш учун Аллоҳга бир дуо эт!, – деди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом дуо этди.
Ёмғирлар ёға бошлади.
Аллоҳу Таоло уларнинг устидан фалокатни узоқлаштирди, аммо улар яна ўз ширкига қайтдилар.

“Йўқ, улар (ўлганидан сўнг тирилишга) шубҳа қиладилар, (буни масхара қилиб) ўйнайдилар. Бас, осмоннинг ошкор бир тутун келтиражаги бир кунни кузатинг. У (тутун) одамларни ўраб олажак! Бу аламли азобдир. Эй Роббимиз, биздан бу азобни аритгин. Чунки биз энди иймон этамиз (деяжаклар). Улар учун ўйланиш, ибрат олиш қаёқда дейсиз? Ҳолбуки, уларга (ҳар нарсани) очиқ тушунтирган бир Расул келди, ундан юз ўгирдилар! Ва “унга (бировлар томонидан) ўргатилган”, “(у) мажнун” дейишди. Албатта, биз бу азобни бир оз аритамиз. Аммо сизлар яна (куфрга) қайтасизлар! У кун биз даҳшатли ушлаш билан ушлаймиз. Зеро биз интиқом олувчимиз!” (“Духон”, 9-16).

Димод-ул-Аздийнинг мусулмон бўлиши

Аздий Шануа қабиласидан Димод бин Салаба Умра қилиш учун Маккага келганди. У жоҳилия даврида Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан танишиб, дўсти бўлган эди. Табиб эди, ақл хасталари, жинниларни дуо ўқиб, тузатарди.
У Маккада Абу Жаҳлнинг бир мажлисига кириб, у ерда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ақлдан озиб қолганини, унинг илоҳларни ҳақоратлаб юрганини эшитди. Ва уни даволаш ниятида Пайғамбаримизнинг ёнига борди.
Ё Муҳаммад, мен жинниларни ўқиб даволайман, балки сенга ҳам ёрдамим тегар. Сен ҳақда шундай-шундай нарсалар эшитдим, – деди Димод бин Салаба.
Пайғамбаримиз эса унга шундай жавоб берди:
– Ҳамд Аллоҳга махсусдир. Биз унга ҳамд этиб, ёрдамни ҳам ундан истаймиз. Нафсларимизнинг шарридан Унга сиғинамиз. Аллоҳнинг тўғри йўлга солганини йўлдан оздирадиган йўқ. Йўлдан оздирганини тўғри йўлга эриштиражак йўқ. Шубҳасиз, биламан ва билдираман-ки, Аллоҳдан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқ. У бир ва ягонадир. Унинг шериги ва ўртоғи йўқдир. Яна, шубҳасиз, биламан ва билдираман-ки, Муҳаммад Унинг қули ва Расулидир!.
Пайғамбаримизнинг бу сўзлари Димодга ниҳоятда ёқди.
Мен ҳеч қачон бунчалик гўзал калом эшитмаган эдим! Шу сўзларни яна бир бор такрорласанг-чи менга!, – дея илтимос қилди у.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом такрорлади.
Димод унга яна икки карра такрорлатди.
– Валлоҳи, мен коҳинларнинг, сеҳргарларнинг ва шоирларнинг сўзларини ҳам эшитдим. Аммо сенинг шу сўзларинг каби ҳеч бир сўз эшитмадим. Бу сўзлар денгизнинг тубигача бориб етгандир. Сен нималарга даъват қиласан?, – деди у.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга:
– Сени бўйнингдаги бутларни юлиб, шериги ва ўртоғи бўлмаган, бир ва ягона бўлган Аллоҳга иймон этишга, менинг эса Аллоҳнинг Расули эканимга шаҳодат келтиришга чақираман, – деди.
– Мен буни қилсам, менга нима бор?, – деди Димод.
– Сенга жаннат бор, – деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.
– Мен бўйнимдан бутларни юлиб отаман ва шаҳодат этаманки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ! У бирдир, унинг шериги, ўртоғи йўқдир! Яна шаҳодат этаман- ки, сен Аллоҳнинг қули ва Расулисан! Менга қўлингни бер, сенга исломият устига баёт этайин!, – деди Димод бин Салаба.
Пайғамбаримиз қўлини узатди, Димод баёт этди.
– Бу баёт қавминг номидан ҳамми?, – деб сўради Расулуллоҳ алайҳиссалом.
– Ҳа, қавмим номига ҳам, – деди Димод.

Муҳаммад Солиҳ тайёрлаб,
2009 йилда Истанбулда нашр этган
«Пайғамбарлар Тарихи» китобидан.