Иброҳим алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлиши
Аллоҳу Таоло Иброҳим алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссаломни юбориб динини ўргатди (56) ва қавмига пайғамбар этиб йўллади (57).
Шундан кейин унинг отаси ва қавми орасида кечганлари, Қуръони Каримда Шундай билдирилади:
“Хотирланг, у отасига: “Эй ота, сен нега эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга ҳеч фойда келтирмайдиган нарсага топинасан? Эй ота, муҳаққақки, сенга келмаган бир илм менга келди. Бас, сен менга эргаш, сени ҳақ йўлга чиқарайин. Эй отам, Шайтонга ибодат қилма. Чунки Шайтон Раҳмонга осий бўлгандир. Эй ота, ҳақиқатан ҳам сенга Раҳмон тарафидан бир азоб келиб, Шайтонга ёр бўлишингдан қўрқаман!” – деди. (Отаси):
“Эй Иброҳим, сен менинг тангриларимдан юз ўгирмоқчимисан? Онт ичаманки, бундан воз кечмасанг, сени тошбўрон қиламан. Ва мени узун муддат тарк эт!” – деди. (Иброҳим эсa):
“Омон бўл. Энди Парвардигоримдан сени мағфират қилишини сўрайман. Шак-шубҳасиз, у менга меҳрибон бўлган Зотдир. Сизлардан ҳам, сиз Аллоҳни четлаб, топинганингиз бутлардан ҳам узоқлашажакман. Роббимга илтижо қиламан. Роббимга дуоларим шарофати ила сизлардай бебахт бўлмасман, дея умид қиламан”, – деди (58).
Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси учун мағфират сўраши унга берган ваъдаси сабабли эди. Унга отасининг Аллоҳ душмани эканлиги маълум бўлгач, отасидан бутунлай узоқлашди. Албатта, Иброҳим кўнгилчан ва ҳалийм эди (59)”.
Ўшанда у отаси ва қавмига:
– Сиз топинаётган бу тимсоллар (бутлар) нимадир? – деб сўраганди. Улар:
– Биз оталаримизни шу бутларга топинаётганини кўрганмиз, – дейишди. (Иброҳим):
– Oнт ичаманки, сиз ҳам, оталарингиз ҳам очиқ залолатда экансизлар, – деди. (Улар):
– Сен бизга ҳақиқат олиб келдингми ёки сен ҳазил қилгувчиларданмисан? – дедилар. (Иброҳим):
– Йўқ, сизнинг Роббингиз осмонлар ва ерни яратган Аллоҳдир, буларни У яратгандир, мен бунга гувоҳлик бергувчиларданман, – деди (60).
Ўшанда у отасига ва қавмига:
– Сизлар нимага топиняпсизлар? – деганида, улар:
– Бут-санамларга ибодат қилмоқдамиз. Бас, уларга содиқ қоламиз, – дейишди. (Иброҳим) айтди:
– Сиз уларга дуо этиб, ёлворганингизда ёлворишингизни эшитадиларми? Ёки сиз (дуо қиларкан) бир фойда (дуо қилмас экан) бир зарар келтираоладиларми? Улар:
– Йўқ, биз оталаримизнинг шундай топинаётганини кўрганмиз, – дейишди. (Иброҳим):
-Энди боболарингиз ва сизлар нимага топинганингизни англадингизларми? Шак-шубҳасиз, улар менинг душманимдир. Фақат бутун оламларнинг Робби бундай эмасдир. У Робб мени яратгандир, менга тўғри йўлни кўрсатган Удир. Мени тўйдирган, ичирган Удир. Касал бўлсам менга Унинг Ўзи шифо берур. Мени аввал ўлдириб, кейин тирилтиражак бўлган Удир. Жазо куни (қиёмат)да менинг гуноҳларимни мағфират қилишига умид боғлаганим ҳам Удир. Роббим, менга ҳикматингни эҳсон эт ва мени солиҳ (қул)ларинг қаторига қўш. Мендан кейин келганлар ичида мен ҳақда бир лисоний сидқ (яхши xотира)қолдир. Мени Наим Жаннатининг ворисларидан айла. Отамни ҳам мағфират айла. У адашганлардан бўлди. (Қулларинг) қабрлардан қалқажак куни мени шарманда этмагин. У куни на молу давлат, на ўғил-фарзанд ёрдам бера олади. Магарки, Аллоҳ ҳузурига (куфр ва нифоқдан) Солим ва Xолис қалб ила келганлар мустасно. У кун шундай кундирки, Жаннат тақво соҳибларига яқинлаштирилгандир. Дўзаҳ эсa йўлдан озганларга кўрсатилди. Ва уларга:
– Сизлар Аллоҳни қўйиб, топинган бутларингиз қани? Улар сизга ёрдам бераоладиларми ёҳуд ўзларига ёрдам бера оладиларми? – дейилди. Бас, булар (бутлар) ҳам, йўлдан озганлар ҳам, Иблис лашкарлари ҳам юзтубан жаҳаннамга улоқтирилдилар. Улар у ерда бир-бири билан тортишиб:
– Аллоҳга онтки, биз сизлар (бут)ни бутун оламларнинг Робби билан тенглаштирганда, оппa-очиқ залолатда эдик. Бизни у мужримлар (доҳийлар) йўлдан оздирди. Энди биз учун на шафоатчи, на-да бирон қадрдон дўст бор. Улар “қанийди, яна бир бор (дунёга) келишнинг иложи бўлса, биз ҳам мўминлардан бўлсак”, деяжаклардир (61).
Иброҳим алайҳиссаломнинг бутхонадаги бутларни синдириши
Иброҳим алайҳиссаломнинг бутларга қарши ҳаракатлари қавми ичига ёйилган, аммо бу Намруднинг қулоғига етмаганди. Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмини бутларга топинишини тарк этиб, Аллоҳу Таолога сиғинишга даъват этганида, қавми:
– Сен кимга ибодат этасан, – деб сўради.
– Роббил Оламинга, – дея жавоб берди Иброҳим алайҳиссалом.
– Намрудга топин! – дедилар унга.
-Йўқ, мен мени яратган Зотга топинаман, – деди Иброҳим алайҳиссалом.
Энди Иброҳим алайҳиссаломнинг фаолияти очиқ-ошкор бўлганди. Намрудга ҳам хабар етганди (62).
Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси Озар ўғлини бутпарастга айлантириш учун бир тадбир ўйлади.
– Эй Иброҳим, бизнинг бир байрамимиз бор, агар унда биз билан қатнашсанг, ҳар ҳолда динимиз сенга маъқул бўлажак, – деди у.
Байрам куни келди. Ва Иброҳим алайҳиссалом қавми билан йўлга чиқди. Бир оз юргач, йўл ёқасига ўтириб, “мен хастаман, вабога тутилдим”, – деди. Буни эшитган оломон, унинг оёқларини топтаб, тўрт тарафга қоча бошлади. Иброҳим алайҳиссалом энг орқада қолганларига сасланди (63):
– Аллоҳга ямин этаманки, сиз елкангизни ўгириб қочгандан сўнгра, мен сизнинг бутларингизга бир тузоқ қураман, – деди (64).
Қочаётган оломоннинг орқа қаторидагилар Иброҳим алайҳиссаломнинг хитобини эшитди. Иброҳим алайҳиссалом бутлар қўйилган бинога қайтиб келди. Бино жуда катта эди. Бутхона эшиги қаршисида катта бут бор эди (65), у олтиндан ясалганди. Унинг кўзларига тунда порлаб турадиган иккита гавҳар ерлаштирилганди (66).
Унинг ёнида узун-қисқа қатор бутлар тизилиб турарди. Бутпарастлар байрамга кетар экан, бутларнинг олдига овқат қўйиб, “улар бу емакларни баракатлантирсин, байрамдан кейин келиб еймиз”, дея ният қилгандилар. Иброҳим алайҳиссалом бутларга ва олдиларида турган емакларга боқиб (67):
– Нечун емак емаяпсизлар? – дея сўради у бутлардан. – Нима ҳеч гапирмайсизлар-а? – деди яна у (68).
Иброҳим алайҳиссалом қўлига бир болта олиб, бутларни бир ўтин каби ёрди (69). Ҳар бирига урар экан:
– Ўзингни ҳимоя қилсангчи! – дерди (70).
У бутларни парча-парча этди. Фақат энг катта бутга тегмади, балки унга (мушриклар) мурожаат қиладилар, дея (71). Болтани ҳам ўша катта бутнинг бўйнига осди ва бутҳонани тарк этди.
Бутпарастлар табаррук бўлсин, дея қолдирган емакларини олиш учун бутхонага келишди ва бутларнинг аҳволини кўриб (72):
– Бизнинг тангриларимизга буни ким қилди?
– Ҳар ҳолда, у золимлардан биридир. Иброҳим деган бир ёш йигит бу ҳақда вайсаётганди (73).
– У бутларимизни ҳақоратлар, айблар ва уларнинг устидан куларди. Ундан бошқа ҳеч кимдан бундай сўзларни ешитмадик, – дейишди (74). Ва қавм Иброҳим алайҳиссаломнинг ёнига келди. Иброҳим алайҳиссалом уларга:
– Сиз ўз қўлларингиз билан йўнган нарсага топинаяпсизми, деди. Ҳолбуки, сизни ҳам, ясаганингиз нарсаларни ҳам Аллоҳ яратган-ку, – деди (75).
Бу ҳодиса ҳақида Намрудга хабар берилди (78).
Иброҳим алайҳиссаломнинг сўроқланиб, оловга улоқтирилиши
Намруд билан Ашрафий қавми Иброҳим алайҳиссаломни далил-исботсиз жазолантиришни истамадилар. Улар Иброҳим алайҳиссалом айбини бўйнига олишини истадилар (77).
– У ҳолда уни одамларнинг олдига олиб келинг. Ки улар ҳам Иброҳимга қарши шоҳидлик этсинлар, – дейишди (78).
Иброҳим алайҳиссаломни олиб келишгандан сўнг, халқ ўз қироли Намруд ҳузурида тўпланди (79).
– Эй Иброҳим, тангриларимизга буни қилган сенми? – деб (сўрашди улар. Иброҳим) айтди:
– Балки, бу ишни бутларнинг каттаси қилгандир. Агар сўйлай олсалар, улардан сўранг (80). Бутларнинг каттаси сизнинг кичик бутларга топинганингиз учун ғазабланиб, уларни парчалагандир балки, – деди (ва оломон бир оз инсофга келгандай бўлди). (81) Аммо кейин яна эски тушунчаларига қайтарилдилар ва:
– Онт бўлсинки, бутларнинг сўзлай олмаслигини сен ҳам биласан! – дейишди.
– Ундай бўлса, Аллоҳни қўйиб, сизга на фойда, на-да зарар келтира оладиган шу бутларга топинишда яна давом этмоқчимисиз? – деди (Иброҳим алайҳиссалом). (82)
Шунда қавм Иброҳим алайҳиссалом билан тортишиб, (ўз тангриларининг хайрлироқ эканини иддао этди (83). Бунга ҳужжат келтиришга ҳаракат қилди.
– Аллоҳ мени тўғри йўлга қўйган экан, сиз ҳали ҳам мен билан тортишаяпсизми? Сизларнинг унга шерик қўшганингиз нарсалардан ҳеч қўрқмайман. Магарки, Роббим истаган нарсагина юз берар. Роббимнинг илми ҳар нарсани қамраб олгандир. Ҳали ҳам ўйлаб, сабоқ олмадингизми? Улар ҳақида ҳеч бир далил ва бурхон индирилмаган нарсаларни Аллоҳга шерик қўшишдан қўрқмас экансиз, мен бу шерик қўшганингиз нарсалардан нега қўрқайин?
Энди айтинг: бу икки зумранинг қайси бириси қўрқувдан амин бўлишга лойиқ?
Иймон келтирганлар, иймонларини ҳақсизлик ва ширкка булғамаганларгина қўрқувдан амин бўлиш ҳаққига соҳибдурлар. Улар тўғри йўлни топган кишилардир (84), – деярак, Аллоҳу Таолонинг қўрқилишга, топинишга улар топинган нарсалардан лойиқроқ эканлигини билиши учун ибратли тимсоллар келтирди (85). Намруд Иброҳим алайҳиссаломни ҳузурига чақириб:
– Сенинг шу топинганинг, халқни ҳам унга ибодатга даъват этганинг, қудратининг ҳар нарсадан устунлигини ифода этганинг илоҳни ўзинг кўрдингми? У қандай зот? – деди (86).
– Менинг Роббим ҳам тирилтиради, ҳам ўлдиради, – деди Иброҳим алайҳиссалом.
– Мен ҳам тирилтираман, ўлдираман, – деди Намруд (Бақара 258). Иброҳим алайҳиссалом унга:
– Сен қандай тирилтириб, ўлдирасан, – дея сўради.
– Ўлимга ҳукм қилинган икки одамнинг биттасини ўлдираман, бу билан уни ўлдирган бўламан. Иккинчисини афу этаман, уни тирилтирган бўламан, – деди Намруд (87). Иброҳим алайҳиссалом:
– Аллоҳ қуёшни шарқдан чиқаради. Қани, сен уни ғарбдан чиқариб кўр-чи, – деди ва кофир Намруднинг тили томоғига тиқилди. Аллоҳ золимлар гуруҳини муваффақ қилмас (Бақара сураси 28).
Шундан кейин Намруд Иброҳим алайҳиссаломни етти йил зиндонда сақлади (88). Сўнгра Намруд қавми билан бирга Иброҳим алайҳиссаломни ўлдиришга қарор қилишди (89).
“Унинг учун оловдан бир бино қуриб, оташга улоқтиринг уни” (Саффот 97). Уни ёқинглар! Бу билан тангриларингизга ёрдам этинг, агар уддалай олсаларинг (Анбиё 68)!
Намрудга “уни ёқинглар” деб маслаҳат берган одам форс баъдавийларидан Курт Ҳайзон эди. Аллоҳу Таоло уни ерга юттирди. У қиёматгача ҳар қимирлаганда тобора ернинг тубига ботади. (Ибн Ҳабиб. “Китоб-ул муҳаттар, 391- саҳифа).
Намруд Иброҳим алайҳиссаломни ёқиш учун турли ўтинлардан тўплашни буюрди. Ўтинлар энг қаттиқ, узоқ ёнадиганларидан танланди. Ҳатто Иброҳим алайҳиссаломнинг қишлоғидан бир касал хотин:
– Тангри мени хасталикдан қутқарса, мен Иброҳим учун ўтин тўплайин, – дея қасд ҳам қилганди (90).
Намруд оташ учун чағир тошдан бир катта чуқур ҳам, тандир ҳам ясатди (91) оташ ўчоғи Гута карерида эди, ўчоққа 3 ой ўтин тўплатилди (Ибн Илёс. “Бадайи уз-зуҳур”, 85- саҳифа).
Ва ниҳоят, ўчоққа тўпланган ўтинларга ҳар тарафдан ўт қўйилди. Оташ у қадар кучли эдики, устидан учган қушлар қоврилиб, ерга тушарди (92). Оташнинг ҳарорати ва тутуни Гута халқини сал бўлмаса ҳалок этажак эди. Ҳароратнинг шиддатидан баъзилар ертўлаларга тушдилар (Ибн Илёс. “Бадаи уз-зуҳур, 85-сaҳифa).
Иброҳим алайҳиссаломни бу оташга отмоқ учун баланд бир бино устига чиқардилар ва қўл-оёғини маҳкам боғладилар (93). Бинонинг устига бир манжанақ ерлаштирдилар (Абул Фараж ибн Жавдий. “Тобаро” 1- жилд, 114- саҳифа). Иброҳим алайҳиссаломни манжанақ косасига ўтқаздилар (94). Манжанақни ясаган Курт Ҳайзан бўлиб, у манжанақни илк ясаганлардан эди (Абулфидо. “Ал бидоя ван ниҳоя”, 1- жилд, 146- саҳифа).
Иброҳим алайҳиссалом, манжанаққа боғланар экан, Аллоҳу Таолога нидо қилиб:
– Сендан бошқа илоҳ йўқ! Сен нуқсондан муназзаҳсан ва муқаддассан! Оламларнинг Роббисан! Ҳамд сенга махсусдир. Мулк сеникидир. Сенинг шеригинг йўқдир!”, – деди (95).
Манжанақ уни Ҳaвoга улоқтирганда Жаброил алайҳиссалом келиб:
– Эй Иброҳим, бир эҳтиёжинг борми? – деб сўради (97).
– Сенга еҳтиёжим йўқ, – деди Иброҳим алайҳиссалом (98).
– Ундай бўлса, тилагингни Роббингдан тила, – деди Жаброил алайҳиссалом.
– У аҳволимни, тилагимни билади, шу – менга етар, – деди (99). Ва бошини осмонга кўтариб:
– Эй Аллоҳим, сен осмонларда ягонасан (100), ерда ҳам ягонасан (101). Мен ҳам ерда бир ўзимман (102). Мендан бошқа сенга ибодат этажак ҳеч кимса йўқ (103). Аллоҳ менга етар (104), на гўзал вакилдир У, – деди (105).
Оташнинг Иброҳим алайҳиссалом учун салқин бир оромгоҳга айлангани
Оташга отилар экан, Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳга таваккули энг юксак даражада эди (106). Тавҳиди воситасиз, орачисиз ҳеч нарса қўшилмаган топ-тоза бир тавҳид эди (107). Ва Аллоҳу Таоло тарафидан:
– Эй оташ, Иброҳимга нисбатан салқинлик ва омонлик бўл, – дея амр этилди (Анбиё, 69). Оташ Аллоҳу Таолонинг буюргани каби бўлди (108). Оташдан ҳарорат ва куйдирувчи табиати олиниб, нур ҳолига келтирилди (109). У фақат Иброҳим алайҳиссалом боғланган ипларни ёқди (110).
Иброҳим алайҳиссалом оташ ичида 7 кун қолди (111).
Унинг у ерда 40 кун ваёки 50 кун қолгани ҳақида ҳам ривоятлар бор (112).
Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси Озар ўғлининг оташга отилганидан 7 кун сўнгра Намруднинг ёнига бориб:
– Иброҳимнинг суякларини олишга изн бер, уларни олиб кўмайин, – деганди (113).
Иброҳим алайҳиссаломнинг оташ ичида онаси билан кўришгани
Иброҳим алайҳиссаломнинг онаси Нуна:
– Эй ўғлим, сенинг ёнингга келишни истайман. Аллоҳга дуо эт, оташ ҳароратидан мени қўрисин, – деди
– Майли, – деди Иброҳим алайҳиссалом ва онаси унинг ёнига келди. Оташ ҳарорати уни куйдирмади. Нуна ўғлини қучоқлаб ўпди ва қайтиб келди (114).
Иброҳим алайҳиссаломнинг оташ ичидан чиқиб, Намруд билан суҳбатлашуви
Намруд Иброҳим алайҳиссаломнинг ўтда ёниб кул бўлди, деб ўйларди ва бунга шубҳа қилмасди (115). У бир куни отга миниб, гулханнинг ёнидан ўтди. Тўпланган ўтинлар ҳали ҳам ёнаётганди. Намруд қараса, Иброҳим алайҳиссалом оловнинг ичида типпа-тирик ўтирибди, ёнида унга ўхшаган яна бир зот бор. Намруд дарҳол изига қайтди ва қавмига:
– Иброҳимни оташ ичида тирик кўрдим. Мен шубҳа ичидаман. Бир баланд бино қуринг дарҳол, устига чиқиб, Иброҳимнинг ҳолини кўрайин, – деди.
Тез бир бино тиклашди (116). Намруд унинг устига чиқиб, Иброҳим алайҳиссаломнинг оташ ичида ўтирганини ва ёнида унга ўхшаган яна бир одам борлигини кўрди.
– Эй Иброҳим, – деди у. – Кўрдимки, сенинг илоҳинг жуда улуғ экан, унинг қудрат ва иззати орамизга кириб, сени балодан қутқаражак қадар даражага етибди (117). Эй Иброҳим, не тенгсиз Робдир сенинг Роббинг! (118)
Кейин яна:
– Эй Иброҳим, оташнинг ичидан чиқишга ҳам кучинг етадими? – дея сўради.
– Етади, – деб жавоб берди Иброҳим.
– Оташ ичида ўтириш сенга зарар беришидан қўрқмайсанми? – деб сўради Намруд.
– Йўқ, – деди Иброҳим алайҳиссалом.
– Ундай бўлса, ўрнингдан туриб, оловнинг ичидан чиқ-чи, – деди Намруд.
Иброҳим алайҳиссалом ўрнидан туриб, оловнинг ичидан чиқди. Ва тўғри Намруднинг ёнига келди.
– Эй Иброҳим, сенинг ёнингда турган одам ким эди, – дея сўради Намруд.
– У соялар фариштаси эди. Менинг Роббим уни мен билан суҳбатлашишга ва оловни салқин ва омонликка айлантирсин деб юборди, – деди Иброҳим алайҳиссалом.
– Эй Иброҳим, мен сенинг илоҳингга қурбон тақдим этмоқчиман, – деди Намруд.
– Сен бу динингдан ҳеч нарса олмасдан менинг динимга кирмагунча, Аллоҳ сенинг тақдим этажагинг қурбонни қабул этмайди, – деди Иброҳим алайҳиссалом.
– Эй Иброҳим, мен мулк ва салтанатни қўлдан чиқаришга кучим етмайди. Лекин мен унинг учун қурбон кесаман, – деди ва қурбон кесди (119).
Муҳаммад Солиҳ тайёрлаб,
2009 йилда Истанбулда нашр этган
«Пайғамбарлар Тарихи» китобидан.