O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Панжа орқасидан қараш

Панжа орқасидан қараш
235 views
15 March 2018 - 18:18

ПАНЖА ОРҚАСИДАН ҚАРАШ

Агар айтаётганларидек, мамлакат аҳволининг яхшиланишига ишониш саробга ишониш каби бўлса, мен ҳали ҳам саробга ишонишда давом этмоқдаман.

Бир мухолифатчи ўлароқ, вазифам конституцияни бузаётган ҳокимиятни танқид қилиш экан, ҳали ҳам сиёсий тутқунларга қилинаётган қийноқларни кўрган ҳолда, жим туришни давом эттирмоқдаман.

Иқтидор сиёсий эркинликлар сари битта ҳам қадам ташламас экан, мен бу сустликка панжа орқасидан қарашни давом эттираяпман.

Тўғрироғи, панжа орқасидан қарашда бир йил олдин эйфория чодирига кириб, у ердан чиқишни ҳеч истамаётган мамлакат жамоатчилигига тақлид қилаяпман.

Бутун кучим билан тақлид этишга ғайрат кўрсатаяпман. Аммо алдатилган оломонга қилинаётган бу тақлид мен учун ниҳоятда қийин бўлмоқда.

Панжа орқасидан қараш заҳмати жамоатчилик каби номусли маҳлуқ билан қиёслаганда менга жуда қийин – чунки ундан фарқли ўлароқ, унинг кўрмаётганини мен кўриб турибман.

Давом этаётган разолатнинг даҳшати панжа орқасидан қарасанг ҳам озаймайди.

Панжа орқасидан боқар экан, бу мотамсир мато(холст)да шаффоф тешикчалар кўринади. Бу тешикчалар матони тешиб ўтган ўқ излари – бу радикал умидимизнинг келажакка қараб узган ўқлари.

Аммо бу ҳам менинг кайфиятимни кўтармайди.

Бу улкан расмнинг деталларига тикилиб, умум манзарани қамрамаслик ва фақат деталларнигина муҳокама этиб, моҳиятга тегмаслик – мана бизга тақдим этилган дастур. Шу дастурга кўра яшашимиз керак!

Аммо менинг ҳаётим бу дастур чорчўпи ичида яшашни истамайди, бу аниқ.

Мен моҳиятни кўришни ва сизга ҳам кўрсатишни истайман.

Сиз кўришни истамаётган ва кўрсатишни ҳам истамаётган моҳиятни.

Аммо бу сизни қутқараолмайди.

Мен у “буюк келажак” ҳақдаги шайтоний орзулар байрамини бекор қилиш талабимни такрорлашда давом этмоқчиман.

Мен сизларни қўлингиздан келмайдиган очиқликка даъват этмайман. Аммо воқеалар сизни даъват этмаганим маконга хайдаб келтиражак. Ва сиз энг яқин замонда у маконга етиб борасизлар ва мен сизларни кутиб оламан.

Ва биз сиз билан ниҳоят ўша моҳиятни кўрамиз. Женшен илдизи каби қип-яланғоч моҳиятни.

Биз ҳам айни моҳиятдай либоссиз турамиз, ҳудди Охиратда каби. Ва бутун қилмишларимиз учун жавоб беришга бошлаймиз.

Биз ҳеч кимни ўлдирмаганимиз ҳолда, қўлларимиз қон бўлади у кун. Чунки бу чексиз зулмни кўриб жим турдик бизлар. Қўлларимиз виждон қонига бўялган бўлади у кун.

Ҳа, биз у ёки бу ҳолда, Ёмонликнинг Миллий Байрамида иштирок этдик, Миллий Золимга қарсаклар чалдик.

Биз 27 йил давомида дунёга, ўз тақдирмизга ва ўз келажагимизга панжа орқасидан боқдик.

Энди бу одатни кескин ўзгартириш пайти келди.

Юзимиздан бу ПАНЖАрани индириб, кўзларимизни кенг очган ҳолда, моҳиятнинг том юзига, нақадар қўрқинчли бўлмасин, унинг том юзига қараш замони келди.

Муҳаммад Солиҳ