O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Паолага кӯрсатилган мулозамат ӯзбекларга қачон кӯрсатилади?

Паолага кӯрсатилган мулозамат ӯзбекларга қачон кӯрсатилади?
151 views
05 July 2019 - 12:54

24 ёшли атлет, мексикалик қиличбоз Паола Плиегога Ӯзбекистон фуқаролиги берилганлиги тӯғрисидаги хабарни ӯқиб, рости хӯрлигим келиб кетди. Олдиндан айтиб қӯяй, менда кӯролмаслик, ичиқоралик каби салбий одатлар йӯқ. Буни ӯзимни оппоқ қилиб кӯрсатиш учун эмас, балки дунёқарашларимиз ва фикрларимиз бир-биримизга унчалик тӯғри келмайдиган дӯсту бирадорларимга жавоб сифатида айтаётирман.

Мени Ӯзбекистоним, шу азиз юртим, табаррук ватанимнинг тараққиёти, равнақи учун тер тӯкиб меҳнат қилган, қилаётган, меҳнатлари эвазига ютуқларга эришган, эришаётган ҳар бир юртдошимнинг муваффақияти, ғалабаси, у ким бӯлишидан қатъи назар, фақат қувонтиради, фахрлантиради, меҳнати қадр топмаган, эъзозланмаган, ҳуқуқлари поймол бӯлган ватандошларимга нисбатан эътиборсизликлар, беписандликлар эса том маънода нафратлантиради.

Хулласи калом, мексикалик қиличбоз Паола Плиегога Ӯзбекистон фуқаролиги берилгани туфайли хӯрликларим келиши замирида ҳеч қандай ғаразгӯйлик аломатлари йӯқ. Мени кимлардир юртимизда 30 соат яшамай туриб, фуқаролик олган бир пайтда Ӯзбекистонда 30 йиллаб яшаган ҳолда фуқаролик ололмаётган шахслар борлиги, юртимизда уларга нисбатан адолатсизликлар ҳамон давом этаётгани қаттиқ ташвишлантиради.

Энг ачинарлиси, шу кунга қадар Ӯзбекистон фуқароси бӯлолмаётган шахсларнинг деярли 97-98 фоизини Ӯзбекистонда доимий яшовчи, уни ӯз она Ватаним деб ҳисобловчи, собиқ СССР парчаланиши натижасида прописка деган қусур туфайли Ӯзбекистон фуқароси бӯла олмаган ӯзбек миллатига мансуб, Ӯзбекистондан ташқарида туғилган ӯзбеклар ва ҳатто уларнинг Ӯзбекистонда туғилган фарзандлари ташкил этади.

Ундан ҳам ачинарлиси шуки, улар орасида Ӯзбекистонга Паоладан кӯра кӯп шараф келтирадиган, ӯқимишли, зиёли, илмли, бир неча китоб ёзган олимлар, имконсизликлар туфайли Ӯзбекистон довруғини оламга ёйишдан маҳрум бӯлган шахслар бор.

Бироқ, афсуски, ӯзбек деганда тепа сочи тик турадиган Каримов ҳукумати ӯзлари яратган Конституцияга, қонунларга хилоф ҳаракатлари орқали улардан аксариятининг энг гуллаган ёшлик чоғларини ҳавога совурди. Буни Мирзиёев баҳоли қудрат давом эттиряпди. Агар ундай бӯлмаганда эди, Шавкат Миромонович ҳар қандай қоғозбозликларни бир чеккага йиғиштириб, кутилмаганда, бемаврид фуқаролиги бӯлмаган шахсларга, айбсиз айбдорларга айланиб қолган минг-минглаб жабрдийдаларга зудлик билан фуқаролик берган бӯларди! Плиегога ӯхшаган қиличбозларга ӯйламай-нетмай, қонунга биноан Ӯзбекистон ҳудудида доимий беш йил яшашини кутмай фуқаролик беришга қарор қилишда, Илтимосномаси, аризасига (агар ёзган бӯлса) имзо қӯйишда озгина бӯлса ҳам виждони қийналган бӯларди?!

Мексика Олимпия Қўмитасидаги коррупция ҳолатидан безор бӯлган етти ёт бегона шахснинг эмас, шу юрт, шу заминнинг асл эгаси бӯлмиш ӯзбекларнинг, йиллар давомида фуқаролик ололмаётган шахсларнинг оғирини енгил қилишга астойдил чоғланган бӯларди!

Паола Плиегога ӯхшаганлар Ӯзбекистон шарафини фақат қиличбозлар мусобақасида, бунинг орқасидан катта пулга эга бӯлиш мақсадида ҳимоя қилишини, Ӯзбекистонда яшаб туриб фуқаро бӯлолмаётган шахслар эса она-Ватанимизни ҳеч қандай таъмаларсиз, сидқидилдан ҳимоя қилишини теран англаган бӯларди!

Рости, кейинги пайтларда Ӯзбекистонимизни ким бошқараётганини билолмай қолдик. Паола Плиегога оппа-осон йӯл билан фуқаролик берилишига қараганда бизни асли ӯзбекистонлик миллиардер, 2008 йилдан буён Халқаро Қиличбозлик Федерацияси (FIE) президенти лавозимида ишлаб келаётган Алишер Усмонов ҳам бошқараётирмикан, деган хаёлларга боради киши.

Э-воҳ, мексикалик қиличбозга кӯрсатилган мулозаматлар Ӯзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бӯлмаган шахсларга қачон кӯрсатиларкан?

Рӯзибой Азимий