O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Пастор Терри Жонс Канадага кира олмади

Пастор Терри Жонс Канадага кира олмади
188 views
12 October 2012 - 11:52

Русчадан Улуғбек Ҳайдаров таржимаси

Пастор Терри Жонс

Қуръони Каримни ёқиш билан ном чиқарган Америкалик пастор Терри Жонс Канадага киритилмади. Бу хақда ИТАР-ТАСС хабар тарқатди.
У Канаданинг Онтарио вилоятига қарашли Виндзор чегара ўтиш пунктида Канадалик чегарачилар томонидан тўхтатилган. Аввалига унинг автомобилини диққат билан текшириб чиққан чегарачилар, пасторнинг ўзи билан давомли равишда сухбатлашганлар. Шундан сўнг Канада давлатининг чегара хизмати ходимлари, уни мамлакатга киритмасдан ортга қайтаришган.
Канаданинг Иммиграция ва фуқаролик ишлари бўйича Вазирлиги, мамлакат чегара хизмати ходимлари ўз ваколатлари доирасида харакат қилганларини тасдиқладилар.
Флориданинг Грейсвилл шаҳрида яшовчи пастор Терри Жонс, Қуръонни бир неча марта намойишкорона оловда ёққан эди. Айниқса, унинг 2011 йилнинг март ойидаги Қуръонни таҳқирлаши мусулмон оламини қаттиқ жунбушга келтирганди.
Ўшанда Афғонистоннинг ўзида 100 дан ортиқ одам, жумладан, Мозори Шарифда жойлашган БМТ миссиясининг 8 нафар ходими хам ўлдирилганди.
Шу йилнинг апрел ойи сўнгида Джонс ўзи яшаётган шаҳарда, Қуръоннинг бир нечта нусхасини ва пайғамбар Мухаммад алайҳиссаломнинг тасвири дейилаётган расмларни оловга отди. Махаллий полиция ўшанда унга 271 доллар миқдорида жарима солган, бироқ бу унинг диний нифоқ солиш йўлидаги ҳатти-ҳаракати учун эмас, белгиланмаган жойда олов ёққани учун солинган штраф эди.
Америкада чоп этиладиган The Atlantic журналига кўра, пастор, мусулмон оламини ғазаб отига миндирган, Мухаммад пайғамбарни хақоратловчи «Мусулмонлар гуноҳсизлиги» фильмининг продюсерларидан бири.
Олинган хабарларга қараганда, пастор Терри Жонс, 12 октябр куни Торонто шаҳрида ўтказилиши мўлжалланган «Мусулмонлар гуноҳсизлиги» фильмининг муҳокамасига келаётган бўлган.
Ўтган ойда у Германияга келмоқчи бўлган, бироқ, Германия унга виза бермаган эди.