Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Самарқанд туман ҳокими пахтага чиқишдан ва одамларни чиқаришдан бош тортган уч нафар олий тоифали шифокорни ишдан олган. Бу ҳақда норасмий “Қўрқмаслар” гуруҳи фаоли Малоҳат Эшонқуловага туман тиббиёт бирлашмаси ходими маълум қилган.
Малоҳат Эшонқулова ва Елена Урлаевалар Самарқанд туманида тиббиёт ва таълим ходимларининг ҳар куни пахта теримига ихтиёрий-мажбурий равишда сафарбар қилинаётганига гувоҳ бўлган.
Тонгги соат 6 дан бошлаб ўқитувчи ва шифокорлар шаҳарнинг икки жойидан тўп-тўп бўлиб автобусларга минган.
Ҳуқуқ фаоллари тиббиёт ходимлари ва ўқитувчиларни пахтага олиб кетаётган жараённи тасвирга олган.
Бироқ кейинчалик етиб келган ички ишлар органи ходимлари фаолларни тинтиб барча тасвирларни ўчиришга ҳаракат қилган.
Шундай бўлса-да, Малоҳат Эшонқулова тиббиёт ходимларининг пахтага кетиш онларини сақлаб қолишнинг уддасидан чиққан.
Биз исмини ошкор қилмаётган туман тиббиёт бирлашмаси ходимаси Самарқанд туман ҳокимининг тиббиётчиларга ўта қўпол муомалада бўлгани ва уларга таҳдид қилганини айтиб берган.
Унинг таъкидлашича, Самарқанд туман ҳокими Шуҳрат Жамолов туман бош шифокорини қўл остидагилар кўз ўнгида ҳақоратлаган.
Пахтага чиқишдан ва шифокорларни чиқаришдан бош тортган уч нафар олий тоифали шифокор ўша ернинг ўзида ишдан олинган.
“Савияси баланд, олий категорияли врачларимиз – Лола Тошпўлатова, Туғуруқхона бўлим мудири Асророва, кейин хирургия бўлимидан Самадовларни ҳеч нарса демасдан, ҳозирнинг ўзида ишдан бўшатинглар, деб қўлларини қаттиқ қилиб урди. Қўлларини шундай қаттиқ ураяптики, худди бармоқлари синиб кетадигандек, бўлиб қолди. Шундай мумкинми? Нимага одамларни пахтага чиқармадинг, нимага кам бердиларинг, сизлар нима иш қилиб ўтирибсилар, деб бўшатди”, – дейди тиббиёт ходимаси.
Кузатувчилар пахта сиёсати бу йил ўтган йиллардагидан қаттироқ ва ўзгача бўлаётганини айтишмоқда.
Бир томондан ҳукумат ўқитувчи, шифокор ва талабаларни пахтадан қайтаришга топшириқ берган.
Иккинчи томондан аксар жойларда бюджет ташкилоти ходимлари пахтага чиқишга ёки ўрнига одам топиб беришга мажбурланмоқда.
Бу йил Ўзбекистон тарихида илк маротаба пахта теришга поездлар ҳам сафарбар қилинган.
Кун.узнинг хабар беришича, Андижон-Тошкент поезд қатновлари бекор қилинган. Поездлар водийликларни Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига пахта теришга ташиш билан банд.
ЎХҲ хабарлар бўлими