Фарҳодбек
Ҳозир Ўзбекистонда пахта териш мавсуми давом этмоқда. Диктатура ҳукумати шаҳар ва қишлоқ аҳолисини бу ишга жалб қилган. Деҳқонлар қаторида ўқитувчилар, врачлар, ҳамширалар, олий даргоҳ домлалари пахта майдонига ҳайдалган. Ҳа, айнан ҳайдалган, чунки улардан пахта теришга қатнашишни истайсизми, дея ҳеч ким сўрамаган. Бунинг устига хориж радиоларидан бирининг хабар беришича, пахта теришга олиб чиқилаётганлар худди “моллар” каби қўпол равишда, яъни ҳақорат қилиниб ва мажбурлаб автобусларга миндириб, далаларга олиб кетилмоқда.
Бундай зўровонлик 21 асрнинг бошланишида, инсоният жуда кўп соҳаларда тараққиётга эришган, оммавий ахборот воситалари ривожланган, яъни дунё бир мамлакат ҳолига келган бугунги кунда содир бўлмоқда. Яъни, дунё бир томонда Ўзбекистон бошқа томонда. Дунё гулхона, Ўзбекистон қулхона!
Каримов диктатурасининг бундай зўровонлик билан териб олинган пахта пулларини қаёққа сарфлаши албатта ҳаммани қизиқтирса керак? Бу саволга жавоб бериш ҳам осон эмас. Чунки бугунги Ўзбекистон бюджети (даромади ва харажати) сир тутиладиган “ноёб” давлатлардан биридир. Аслида бундай давлатни давлат ҳам деб бўлмайди. Чунки бюджет давлат чегараси, пул бирлиги, давлат тили каби унинг асосий хусусиятидир. Бюджети номаълум, фақат бир кишининг ихтиёрида бўлган давлатни ҳақиқий маънода давлат, дейиш мумкинми?
Тахминларга қараганда Ўзбекистоннинг йиллик бюджети қирқ эллик миллиард доллар орасидадир. Ўзбекистон йилига уч ярим тўрт миллион тонна пахта етиштиради. Бу пахта хирмонининг қанча қисми Ўзбекистонда, қанчаси хорижга сотилади? Уни ким сотади ва қанчага сотади? Пахта тижоратида нималар асос олинади? Келадиган даромад қандай тақсимланади?
Бу саволларга жавоб бериш у ёқда турсин, уларни Ўзбекистонда кун тартибига келтириш ҳам жиноятдир. Бу саволларнинг жавоби диктатор Каримов ва унинг ҳамтовоқларининг қовоғига қараб қолган. Чунки улар Ўзбекистонликлар машаққат билан етиштирган пахта ҳосилини ўзларининг шахсий мулки ўрнида кўрадилар, ўзлари истаганича сотадилар, даромадни ҳам шу тарзда тақсимлайдилар.
Албатта, пахта пулидан бюджет аҳлига, яъни давлатга қарам бўлган ташкилотларга, ўқитувчиларга, тиббиёт ходимларига ҳам бир миқдор ажратилади. Аммо бундай ажратишнинг фалсафаси қулга нон ва сув бериш тарзида бўлади. Яъни, ажратилган миқдор улар очларидан ўлмасликларига кифоя қилади, холос. Бу бечоралар очдан ўлсалар янаги йил пахтани ким теради?
Шунинг учун ҳам ўқитувчилар мактабда дарс ўргатиш билан бирга томорқада ҳам қуллик қилишга мажбур бўладилар. Тиббиёт ходимлари ва олий даргоҳ ўқитувчилари эса аламларини порадан оладилар. Каримов режимида эса ҳеч қурмаса порахўрлик “эркинлиги” бор ахир…
Пахта пулидан биринчи навбатда диктатор Каримов ва оиласи яхши фойдаланади. Бу оиланинг чет эл банкларида миллиардларча доллар пули борлиги энди ҳамма аён. Опа сингил Гулнора ва Лола Каримовалар бекорга Швецариянинг энг бой хонимлари рўйхатига кирмаганлар. Шунингдек, диктатор Каримовнинг ўғри вазирлари, вилоят ва туман ҳокимлари, пахта етиштириш ва сотишга алоқаси бўлган концернларнинг хўжайинлари, банкалардаги ҳаромхўрлар, буларнинг барчаси пахтадан тушган даромаддан ўз улушларини оладилар. Тўғрилик билан эмас, ўғрилик билан оладилар. Ўзбекистон диктатори яқинда Қозоғизтонга сафари давомида кўзи қизарган ва косасидан чиқадиган ҳолда Тожикистон ва Қирғизистонда қурилаётган сув тўғонлари қурилишини танқид қилди. Бунинг асосий сабаби бу диктаторнинг ўзбек халқи ҳақида ғамхўрлиги эмас, ўзининг, оиласининг ва ҳамтовоқларининг пахтадан келадиган даромаддан қуруқ қолиши эканлигидир.