O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Пахта далаларидаги қурбонлар ва жабрдийдалар.

Пахта далаларидаги қурбонлар ва жабрдийдалар.
16 views
24 September 2013 - 14:29

пахта2013каршиЎзбекистонда пахта  кампанияси бошлангандан буён бир неча бахтсиз ходисалар юз берди, йўқотишлар бўлди. Аммо Ўзбекистон ичидаги ОАВлари уларнинг ҳеч бирини ёритмаяпти. Пахта теримига  келган талабалар учун шароит йўқ, уларнинг еган овқатлари эса қайнатилган макарон. Тошкентдаги тадбиркорлардан пахта теримчиларининг озиқ-овқатлари учун деб йиғиб олинган пуллар эса кимнинг киссасига кетгани номаълум.

Тошкент касалхоналарига келтирилган беморларнинг уйларига қайтариб юборилиши, айрим туманларда ҳатто қариялар ҳам пахта даласига мажбур чиқарилаётганлиги, пахтага чиқмаганлардан эса маълум миқдорда пул йиғилаётганлиги… Буларнинг барчаси Каримов режимининг йилдан йилга одамларни қийнаётганлиги, куч билан ушлаб турганидан далолат. Пахта кампанияси ҳар йили Ўзбекистонда режим қандай эканлигини очиқлайди. Шунда ҳам пахта  кампаниясини мониторингги билан шуғулланган журналистлар ва  фаолларни турли  шантажлар билан синдиришга ҳаракат қилишади.

Бу йилги пахта кампаниясининг бахтсиз ходисаси Агросаноат коллежининг иккинчи курсида ўқийдиган, «Сарой» қишлоғида яшовчи Маҳлиё исмли  қизнинг 9 сентябрь куни пахта теримида ҳалок бўлганлиги билан бошланди. Маҳлиё қўлини ювиш учун сув оқаётган лотокка эгилган, бироқ мувозанатини йўқотиб, йиқила бошлаган. Шунда у яқинда турган электр сими ўтган симёғочга ёпишган,  симнинг бир қисми изоляция қилинмагани учун қизни ток урган.  Махлиёни Қашқадарё вилоят шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб боришган, бироқ уни қутқаришнинг иложи бўлмаган.

Ундан кейин эса, Бухоро вилоятининг Вобкент тумани Нарчоқ қишлоғида 6 яшар болакай Амирбек Раҳматов пахта ортилган прицепга чиқиб ухлаб қолиб устига терилган пахтанинг  остида бўғилиб ўлган.

Қарши Давлат университети Тарих факультети миллий ғоя йўналишининг 2-курс талабаси шу факультет 4-курс талабаларидан 4 нафарини 16 сентябрь куни пахта даласида пичоқлаб қўйди. Пичоқланганлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлди.

Озодлик радиосига берилган маълумот бўйича, университетнинг 2 курс талабасини пахта даласида илон чақиб олган. Унга ўз вақтида тез тиббий  ёрдам  кўрсатилган эмас. Айни пайтда у шифокорлар назоратида.

Андижонлик талаба Мавлуда Мирзақобилова Тошкент ирригация ва мелиорация институти “Ирригация гидротехника иншоотларини қуриш ва улардан фойдаланиш” факультетининг 2-босқич талабаси. У пахта даласига сув келтириладиган темир бочка оёғини босиб қолганлиги учун бугун Тошкентдаги Жуковский шифохонасида операция қилинади.

Ўзбекистонда пахта асосий қишлоқ хўжалик маҳсулоти ва экспорт хомашёси саналади, уни сотишдан тушган фойдани ҳукуматнинг энг тепасидагилар назорат қилади.

Шунинг учун уни териб олишга мамлакат ҳукумати алоҳида эътибор қаратади.

Мамлакат ҳукумати ўз фуқароларидан бу йил 3,35 млн. тонна пахта териб беришни талаб қилмоқда.

 

ЎХҲ хабар маркази.