Би-би-си радиосининг хабар беришича, пахта далаларидан ўқитувчи ва шифокорларни қайтариш буйруғи ҳамма жойда ҳам ишламаяпти. Фарғона вилояти ўқитувчиларнинг пахтага чиқиши ва одам ёллаш талаби ҳамон ўз кучида қолмоқда. Аммо уларни энди кузатувчилар учун тайёрлаб чиқаришмоқда.
“Ўқув юртида ўқиш қолиб кетмасин деб 12 ўқитувчи келишиб кунига 5 минг сўмдан ташлаб мардикор ёллаётган эдик. Бугундан бошлаб ўқитувчилар ётоққа чиқсин деган буйруқ бўлди ва энди 10 кун ётиб пахта териш учун 400 мингдан 2 та мардикор ёллашимиз керак экан. Кунига 5 мингдан топиш билан бирданига 50 минг сўмни топиб бериш ўртасида фарқ бор ва оғирлик қилмоқда”, – дейди Фарғонадаги ўқув юрти ўқитувчиси.
Фарғонадаги Тиббиёт коллежи ўқитувчиларидан 10 кунлик пахтага одам ёллаш учун 150 минг сўмдан ўлпон йиғиш талаби қўйилган.
Мактаб ўқитувчилари эса Бош вазир буйруғидан сўнг ортга қайтган бўлган, аммо эртаси кунидан яна пахтага чиқарила бошлаган.
“Ҳокимиятдан ҳар бир коллеж, лицей ва мактабдаги ишчи сонига қараб шунча одам чиқарасан деб талаб қўйилади. Бу талаб Бош вазир буйруғидан сўнг ҳам ўзгаргани йўқ. Фақат ўқитувчиларга ким сўраса мардикорман, уй бекасиман, деб айтиш талаб қилиб қўйилган. Бу халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчиларини алдаш учун қилинади”, – дейди Фарғонадаги мактаб ўқитувчиси.
Ушбу гапларни Фарғона вилояти туманларида мониторинг ўтказиб қайтган “Қўрқмаслар” гуруҳи фаоли Малоҳат Эшонқулова ҳам тасдиқлади.
“Далада ишлаётган ўқитувчи ва шифокорлардан ким бўлиб ишлайсиз десангиз, сизга ўз касбини айтмайди. Шу маҳаллада яшаймиз, пул ишлаш учун пахтага чиқдик, дейишади. Аммо биз уларни кузатиб мактабга борганимизда, ўша ерда ётиб пахта тераётган ўқитувчи бўлиб чиққанини кўрдик”, – дейди у.
Малоҳат Эшонқулова ва Елена Урлаевалар Бош вазир Абдулла Ариповнинг ўқитувчи, шифокор ва талабаларни ортга қайтариш ҳақидаги буйруғи берилган тунда Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 12 чи мактабда бўлган.
“Мактаб ҳарбий объектлар сингари ўраб олинган, кириш чиқиш кучли назорат ва журнални тўлдириш орқали амалга оширилади. Бизни ичкарига киритишмади. Аммо ташқаридан мактаб ичида одамлар яшаётганини сезиш мумкин эди”, дейди Малоҳат Эшонқулова.
Фаоллар девордан ошиб ичкарига киришган ва мактаб спорт залида ётган ўқитувчилар билан суҳбатлашган.
Ўқитувчилар ўзларининг қайси фандан дарс беришларини ва казарма ҳолатида ётиб пахта теришга мажбур эканликларини билдиришган.
Қўлга тушиб қолган ҳуқуқ ҳимоячиларини Яйпан туман ички ишлар бошқармасида тунги 2 яримгача ушлаб ўтиришган ва телефон ҳамда фотоапаратлардаги ўқитувчилар туширилган суратларни ўчириб ташлашган.
Би-би-сига Бош вазир буйруғидан сўнг ҳам бюджет ташкилоти ходимларининг пахтага чиқишга мажбурланаётгани тўғрисида бир нечта факт бор.
Ангрен шаҳридаги туғруқхонада қўриқчи бўлиб ишлайдиган эр-хотинга ҳам пахтага ётоққа чиқиш талаби қўйилган. Аёл 3 ёш болани кимга ташлаб пахтага чиқишини билмай ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилган.
Кузатувчилар меҳнатга мажбурланаётган ўқитувчи ва шифокорлар ишини йўқотиб қўйишдан қўрқиб арз қилмаслигини айтишади.
Ўзбекистон Президенти Нью Йоркда Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким билан учрашувда мамалакатда ёши катталарнинг мажбурий меҳнатига барҳам бериш борасида қатъиятини билдирганди.
У халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчиларнинг Ўзбекистонда ҳамрохларсиз ва эркин ишлашига шароит яратиб беришини айтган. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, даладаги ёки одам ёллашга мажбур ўқитувчи ва шифокорлар халқаро ташкилотга ҳақиқатни рўйи рост айтишга қўрқишади.
ЎХҲ хабарлар бўлими