O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Паҳлавон Содиқ: Шартни Каримов қўймоқда, Ғарб эмас…

Паҳлавон Содиқ: Шартни Каримов қўймоқда, Ғарб эмас…
19 views
01 June 2012 - 7:46

Ўзбек матбуоти узоқ тарихга эга, бироқ эркинлик ҳамиша ноёб неъмат бўлиб келган.

ХХ аср бошларида, ўзбек матбуоти оёққа тура бошлаган дамлардаги уйғоқлик бугунги вазиятдан анча жонли кўринади. Жадидлар давридаги ва мустақиллик йилларидаги “Ҳуррият”ни солиштириш бу фарқ қанчалик эканлигини ҳам, сўз эркинлигига нисбатан тоқат ва тақатсизикни ҳам яхши кўрсатади.

Назаримда, шу каби қисқа уйғонишлар бўлгани боис ҳам, ҳақиқий журналистикага бўлган қизиқиш йўқолмади. Имкон бўлди дегунча, бу эҳтиёж дарҳол ўзини кўрсатди, матбуотни миллат, халқ турмушининг жонли бир бўлагига айлантирди. Ана шундай қисқа бир уйғоқлик даври 1990-йиллар бошида кузатилган эди.

Бугунги суҳбатдошим – журналист Паҳлавон Содиқ, „Би-Би-Си“ (BBC) радиосининг ўзбек хизмати ходими.

Паҳлавон 1990-йилларда ўзбек матбуотида кузатилган нисбий эркинликлар даврида ишлаган ва бу тўлқиннинг аёвсиз бостирилишига ҳам гувоҳ бўлган.

Паҳлавон назарида мамлакатда сўз эркинлиги ва журналистларга таъқиблар сиёсий мухолифатга нисбатан анча аввалроқ бошланган. Журналистлар ҳамиша сиёсий қатағонларнинг олдинги қаторида турган.
Бу таъқиблар 90-йилларданоқ, мухолифатга нисбатан бошланган босимдан аввалроқ юз берди.

Шу маънода журналистларга нисбатан сўнгги босимларни ҳам янги тўлқин сифатида баҳоламаган бўлардим. Буни таъқиблар давомийлигини кўрсатувчи ишора сифатида қабул қилиш мумкин. Агар эсласангиз, 1992-йилдаёқ хукумат „Эрк“ газетаси ходимлари устидан иқтисодий айблар билан жиноий иш очган эди.

Аслида „Эрк“ мухолифатнинг қўлидаги қурол эканлиги яхши маълум эди. Кейинчалик сиёсий мухолифатга қарши таъқиблар, қама-қамалар ҳаммаси у ёки бу маънода сўз эркинлиги, мустақил нашрлар фаолиятига боғлиқ бўлди.

90-йиллар охири 2000-йиллар бошида эса вазият бир қадар ўзгарди, яъни Ўзбекистонда мустақил бўлган босма матбуотнинг ўзи қолмади. Айниқса, ҳукумат ташаббусида очилган „Хуррият“ билан боғлиқ ҳодисадан сўнг, мамлакатда цензура қилиш мумкин бўлган босма матбуотнинг ўзи қолмади. Ҳукумат ҳаммасини яксон қилди.

Босимларнинг хозирги жараёни эса бу – интернет фазосидаги эркин ахборотга қарши кетаётган кураш. Шу маънода ҳукуматнинг матбуотга муносабатида ўзгариш йўқ. Ўзгараётган нарса фақат Ўзбекистоннинг ташқи дунё билан алоқаси, яъни агар хукумат ташқи дунё билан алоқасини яхшиламоқчи бўлса, худди „Ҳуррият“ мисолида кузатилгани каби, матбуотга озгина эркинлик бериб, очиқликни намойиш этмоқчи бўлади.

Паҳлавон фикрича, ҳукуматнинг матбуотга муносабати сўз эркинлигига бўлган эҳтиёжга эмас, аксинча Ўзбекистоннинг ташқи дунё билан қураётган муносабатлари динамикасига боғлиқ. Хозирги пайтда бу динамика анча жонланган кўринади. Мен Паҳлавонга бир муддат аввал Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги доимий вакили Норбер Жустинни (Norber Justin) „Немис тўлқини“даги интервьюсини эслатдим. Бу сухбатда элчи Ўзбекистон хукумати билан сўз эркинлиги масаласида, хусусан халқаро журналистларни Ўзбекистонда ишлаш имкониятлари ҳақида музокаралар бораётганини эслатган. Пахлавон Содиқ элчидаги умидбахшликка унчалик ишонмайди, бу борада анча пессимист эканлигини айтади. Чунки, дейди у, бугунги музокаралар жараёнида шартни Ғарб эмас, Ўзбекистон , Ислом Каримов қўймоқда.

Ҳозирги вазиятни 2002 йилдаги, яъни Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида стратегик ҳамкорлик бошланиш даврига солиштирганимизда ҳам, шу кеч-кундузда Каримовнинг музокара олиб бориш позицияси жуда мустаҳкамлигини кўрамиз. Ҳозир шартни Каримов қўяяпти, Ғарб эмас. Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш масаласи ҳал қилинар экан, Ғарб Ўзбекистонга қараб қолган. Буни Британия матбуоти ҳам тан олаяпти. Албатта, биз музокараларни барча тафсилотларини билмаймиз, лекин аниғи шуки, қўшинларни олиб чиқишнинг энг қулай ва арзон йўли бу – Ўзбекистон.

Бу вақт мобайнида сўз эркинлиги ҳам, инсон хуқуқлари ҳам биринчи планда бўлмайди, албатта айрим баёнотлар бўлиши мумкин, лекин Каримов ўз позициясини юмшатиши мумкинлиги ҳақида бирор ишора бермайди.

Демак, яқин келажакда биз сўз эркинлиги борасида бирор янгилик, ёки юмшаш каби ҳолатларни кутмаймиз, аксинча босимлар яна-да ошади, айниқса биз кузатган сўнгги воқеалар, Виктор Кримзалов ва Елена Бондарга нисбатан очилган ишлар, хорижий журналистларнинг Ўзбекистонга киритилмаслик ҳолатлари…

Сўнгги воқеалар навбат мамлакатда қолган саноқли русийзабон журналистларга келганини

кўрсатмоқда. Чунки, ўзбек журналистлари мамлакатда деярли қолмади, борлари қамоқда ўтирибди ёки хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлди. Шу муносабат билан Интернетда қолдирилган қизиқ бир шархни ўқидим, яъни муаллиф ёзаяпти, агар русийзабон журналистлар ўрнида ўзбек журналистлари бўлганида эди жарима билан кифояланмасдан уларни аниқ қамашарди деб. Билмадим, бу нима билан боғлиқ.

Тан олиш керак, ҳозир фақат бир неча русийзабон журналистларгина мамлакатдан ахборот чиқаришмоқда. Хукумат энди улардан хам қутулмоқчи, чунки таъқиблар бир қадар изчиллашган. Бу жараён Каримов ўзига меросхўр танлаётгани, Ўзбекистонда ростдан қандайдир ўзгаришлар кутилаётгани билан жадаллашган бўлиши хам мумкин.

Афсус, хукумат бир нарсани унутаяпти, диктатура қанчалик кучли бўлмасин, барибир эркин матбуотга нисбатан эҳтиёж бўлади. Бир мисол, Хрушчов даврини эсласак. Ўша машҳур ХХ съезддаги нутқини матбуотга етказган, хозирги фаразларга кўра, Хрушчовнинг ўзи бўлган. „ Рейтер“ га бу ахборот Хрушчов яқин одами орқали етказилган.

Шу маънода, бугун Ўзбекистонда жаҳон матбуоти деган нарса қолмади. Бир пайтлар ўтган матбуот анжуманларини яхши эслайман, уларда Ислом Каримов ўзини жахон матбуотига жудаям тараққийпарвар лидер сифатида танитишни яхши кўрарди, журналистлар билан мулоқоти яхши эди. Лекин бошқа томондан хокимият алмашиши пайтида албатта мустақил журналистлар ҳукуматга халақит бериши мумкин. Шу маънода ахборот майдонини тозалаш яна-да тезлашгани эхтимолдан холи эмас.
Эртамизни бугунги вазиятга қараб бахолайдиган бўлсак, яқин келажакда Ўзбекистонда номига бўлса-да, бирор мустақил журналист қолмаслиги мумкин. Вазият анан шу томонга қараб кетмоқда, хатто хар қандай диктатуранинг кичик бир сўз эркинлиги оролчасига эхтиёжи борлигини инобатга олган тақдиримизда ҳам …

Назаримда бу ерда яна бир жихат бор. “Араб бахори” журналистикани демократия тарғиботи билан уйғунлашиб кетганини кўрсатди. Аввал айрим давлатлар, жумладан Ўзбекистон хам журналистикани демократия байроқдори сифатида кўрмаган бўлиши мумкин, лекин сўнгги воқеалар журналистикани инқилоблар марказига айлантириб қўйди, жумладан интернет ва социал тармоқларни. Журналистлар шу марказда турган одамлар. Хукумат шу маънода хам улардан қўрқаётган бўлиши мумкин, яъни мустақил журналистикадан қўрқув янада кучайган деган фикрдаман.

Бирож, бўшаб қолаётган ахборот майдони бор. Биз сўз эркинлиги деганда кўпроқ ахборот узатиш эркинлигини назарда тутамиз. Лекин Ўзбекистонда анъанавий ўзбек матбуоти бор. Бу матбуотдан хам фойдаланишга уринаётган одамлар бор эди, масалан Хайрулла Хамидов. 2007 йилда Ўзбекистонга борганимда, мени бир нарса – исломий мавзуларнинг кенглиги хайратга солган эди. Эҳтимол, бу тепадаги цензорларни диний мавзулардаги хабарсизлиги билан боғлиқдир. Ҳар ҳолда ўшанда жамиятдаги муаммоларга, коррупцияга диний исломий нуқтаи назардан ёндошишга уриниши бор эди. Хайрулла Хамидов ёки “Ирмоқ” газетаси мисолида буни айтиш мумкин эди. Матбуотга нисбатан кузатилган кейинги репрессиялар эса бу уринишларни хам йўққа чиқарди.

Хуллас, мавжуд таъқиблардан қатъи назар, келажак сўз эркинлиги муқаррарлигини кўрсатади, чунки бу ривожланиб келаётган глобал тенденция. Бир томондан авторитар давлатлар босимни кучайтирможда, бошқа томондан эса сўз эркинлигига интилиш, ижтимоий тармоқлар роли жиддий тарзда кучайиб бормоқда.

 

Малик Мансур,
Германия

Манба: “Америка овози” радиоси.