Ўзбекнинг истеъдодли шоири ва жасур журналисти Паҳлавон Содиқ бугун 40 ёшга тўлди. Албатта, ҳар куни миллионлаб инсон қирқ ёшга тўлади, аммо буларнинг ичида умрини сарҳисоб қилиб, “мен тўғри яшадим”, дейдигани кам бўлади. Паҳлавон Содиқ “мен тўғри яшадим” дейишга маънавий ҳаққи бўлган нодир инсонлардандир.
Ўзбекистонда журналистлик килиш ниҳоятда таҳликали маслакдир. Бу бир жонбозликдир. Ўз қалами ва эътиқодини сотмасдан, доим ҳалқнинг ёнида бўлиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Айниқса, мамлакатдаги сиёсий режим ўз фуқаролари учун ҳеч бир ҳақ танимайдиган тазйиқ ва таъқиб режими бўлса. Айниқса, эрк учун курашганлари “халқ душмани” дея аталиб, юртдан қувғин килинган, ўғри ва хоинлари бошига тож кийдирилган бир режимда яшаётган бўлсак.
Паҳлавон Содиқ бир ижодкор ва журналист сифатида шундай бир режимнинг чиғириқларидан ўтган инсондир.
Қирқ ёш йигит киши учун навқирон бир ёшдир. Бу ёш умрнинг маҳак тоши бир ёшдир. Умр чизгиси, танланган йўл аниқлашган бир ёш.
Паҳлавон Содиқ йўли ҳаммамиз кўриб турганимиздек, тўғри йўлдир. Сироти мустақимдир. Аллоҳ умрини хайрли ва зиёда айласин!
Паҳлавон Содиқнинг дўстлари
***
Қирқ ёш
Паҳлавон Содиқ
Қирқ ёшда қиличдай кесмас нафасим,
Дорга тикилмагай бу бошлар бошқа.
Демак, арзимайди қирқ йил онамнинг
Кўзларидан оққан қирқ томчи ёшга.
Мени таъқиб этар қирқ йил саҳрода
Адашиб, улоқиб юрганлар беиз.
Қирқта тоғ елкамдан туради босиб,
Оёқларим отган қирқта илдиз.
Аросатда турган дўстмиди, душман?
Қошига чорлайди қирқ минг қиёфат.
Ҳар тунда бошимга қулайди осмон,
Ҳар тонгда юракда қўпар қиёмат.
Кузги япроқ каби турибман титраб…
Ортимда қирқ баҳор, олдинда-қишим.
Ҳар лаҳза вайрона вужуд устидан
Учиб ўтмоққа шай турар жон қуши.