O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Пиво идишидаги кўкчой ва Каримов режими

Пиво идишидаги кўкчой ва Каримов режими
192 views
05 July 2013 - 2:11

Тошкентлик тадбиркор Фарҳоднинг (исми ўзгартирилган) “айби” – намозхонлиги, қилган “жинояти” – маҳалласидаги камтаъминланган оилаларга моддий ёрдам бериб, ўнқир-чўнқир йўлларни асфалтлагани. Ўтган йил ёзида маҳалладаги йўлларни обод қилди-ю, тинчлиги йўқолди: Тошкент шаҳар мххчилари уни турли “суҳбатлар”га чақира бошлашди.

Режим хизматкорларининг унга қўяётган “айблари”ни энг кучли фантастлар ҳам ўйлаб топа олишмаса керак: эмишки, камбағалларга ёрдам бериб, маҳалла йўлларини текис қилиб, Фарҳод аҳоли ўртасида ўз обрўсини оширишни, навбатдаги президент сайловларида ўз номзодини қўйишни ва Каримовдан берухсат президент бўлишни ният қилган экан. Каримов режимининг мххчилари ўртаҳол тадбиркорга: “Анави оилаларнинг уйларига ёрдам кўрсатганинг эса – исломий байтулмол тузганликнинг ўзгинаси”, – деган туҳматни ҳам тиндирмай ёғдиришмоқда.

Фарҳод қамалиб қолишдан унчалик қўрқаётгани йўқ. У бор мол-мулки, шу жумладан, яшаётган уйи мусодара бўлиб, болалари кўчада қолиб кетишидан хавотирда холос. Ахир, Ўзбекистонда мол-мулк мусодараси деган жазо тури бундан 10 йил илгари бекор қилинган бўлса ҳам, собиқ коммунистик тузумдан қолган ушбу модда амалда диний ва сиёсий моддалар билан айбланаётган фуқароларга нисбатан қўлланиб келинаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Шунинг учун сўнги пайтларда тадбиркор “намозхон” деган тамғадан қутулиш йўлларига ўтган. Шу мақсадда у бешвақт намозини фақат уйида ўқиб, жума намозларига бормай қўйган. Бундан ташқари, “Балтика”, “Heineken”, “Carlsberg”, “Tuborg” ва ҳоказо пиво идишларига кўкчой солиб, ҳар куни кечқурун ховлисининг олдида, гўёки, пиво ичиб ўтиради. Фарҳод маҳалласидаги “қулоқлар” кўриши учун атайлаб шундай қилади.

Лекин “посбон”, “сардор” ва “маҳалла оқсоқоли” деган чиройли номлар билан айтилаётган “қулоқлар” ҳам, мххчилар ҳам, Каримов режими ҳам анойилардан эмас: улар тадбиркордаги кутилмаган, аммо “ижобий” ўзгарилашларга ишонмайди. Яқинда маҳалла оқсоқоли Фарҳодга мххчиларнинг антиқа таклифини етказибди: эмишки, агар тадбиркор маҳаллага кураторлик қилувчи мххчи “опер”ларга “кўкидан” 30 минг узатиб, улар билан бирга ароқ ичиб, фоҳишалар билан бирга зино қилса, “қулоқлар идораси” ишбилармонни тинч қўярмиш.

Оқсоқол Фарҳодга: “Ука, каллани ишлатинг! Шу 30 минг долларни садақа қиворинг шуларга. Ишратнинг, қизларнинг харажатларини улар ўзлари тўлашади. Эазига сизни бошқа ҳеч ким ҳеч қаерга чақиртирмайди, фирмангиз ҳам, уйингиз ҳам ўзингизда қолади”, – дегани деган.

Бу ғалвалардан тадбиркорнинг боши қотган: йўқ “айби” ва содир қилмаган “жинояти” учун пора бериб, ароқ ичиб, зино қилай деса – иймон қийнамоқда, шу ишларни қилмай деса – молк-мулкидан ажрай деб турибди. Режим бошқа намозхонлар қатори Фарҳодни ҳам гаранг қилиб қўйган.

Шу сабабдан ҳам ибодатдаги ўзбек тадбиркори ҳозирча кўкчойни пиво идишига солиб, ҳаммага кўз-кўз қилиб ичишга мажбур.

Аҳрорбек ЭШОНХЎЖАЕВ