Яқинда қўшним вафот этдилар. Жуда яхши аёл эди. Қўни қўшничилик ҳақларига риоя этадиган, иффатли, ибодатли аёл эдилар.
Шифокорлар юрак ҳуружи дейишди. Шунчаки қарилик ва юрак ҳуружи. Тамом! Ўлди қутилди. Ўлди азиз бўлди. Тириклигида иккита кабобга тенг кўрмаган ўғли, ўлгандан кейин қўй сўйиб элга марака қилди.
Онаҳон жуда ажойиб инсон эдилар. Содда ва жуда ҳам камтар. Кўп бора гаплашиб, дардларини эшитиб, дуоларини олардим. Бир дона ўғиллари ва иккита қизлари бор эди. Ўғил хотинни кетидан пойтаҳтга кетган, қизлар уйлик-жойлик бўлиб, ўз оиласи билан яшарди. Она бир ўзлари турар эдилар. Қизлари келиб турарди. Ўғилни жуда кам кўрардим. Кунлардан бир кун ўғил кела солиб “биз билан яшайсиз. Олиб кетаман”, деган гап айтибди.
Бирдан меҳрибонлик қилиши ортида бошқа гап бор экан. Ўғил катта ҳовлини “нотурар жой” қилиб, кредитга қўйиб, катта миқдорда пул олмоқчи бўлган экан. Мана шу учун олиб кетаман деган. Бу гапларни эшитиб онаҳон жуда ўксидилар. Назаримда, бир кунда қариб, мункайиб қолганга ўхшади. “Кўчада қоламан. Қариганда сарсон бўламан” дедилар. Дедилару, оналик меҳрими ёки бошқа омилми… барибир рози бўлдилар. Ўғил ҳам қўл қўйдиргунча гирдикапалак бўлди.
Бир кун қаттиқ жанжал овозини эшитдим. Ўғиллари билан телефонда гаплашаётган эканлар. Уйларига кирдим. Ўғил ўз онасига бақириб, сансираб гапирарди. “Болам, мени тўғри тушун”, деб йиғларди ҳалос она шўрлик. Телефонни қўйдию жим бўлиб қолди. Ўксиб ўксиб йиғлади. Дори бердим. Бир оз овутгандек бўлдим… тинчландилар. Онам ҳам чиқиб, бир оз гаплашдилар. Кўнглим бўлмай чиқиб кетдим. Эрталаб жойнамоз устида жонлари узилибди.
Бу хабарни эшитдим-у, қотиб қолдим. Бир жиноятчи қотиллик қилса қамашади. Бир инсон бошқани мулкига тажовуз қилса қонун албатта жазо беради. Лекин ўғил онасини гўрга тиқса, уни юрагини адо қилса “юрак ҳуружи” деб ташҳис қўйишади. Бу ишда ҳеч ким айбдор бўлмайди.
Бир оилада келинига зулм қилиб, жигари ириб кетгунча, оддий сариқ касалдан ўлиб кетгунча шифокорга жўнатмаган қайнонага қонунда ҳеч қандай жазо йўқ. Отасига ичиб келиб қўл кўтарган фарзандни тинчлантириш учун чиққан қўшни, нокобил фарзандни бир шапалоқ урганда йиқилиб, калласи тошга тегиб мийяси чайқалса, қўшнини қамашади. Жазо беришади. Ўз отасига қўл кўтарган аблаҳ эса жазосиз қолади.
Бу дунёда қанчадан қанча ўз отасини, онасини қотиллари бор. Улар жазосиз, бемалол яшаб юрибди. Пичоқ, қурол ва буюм билан ўлдирган қотил-у, сўз билан ўлдирган қотил эмас.
Саййид Ислом