O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Покистон ва Марказий Осиё диктаторлари Шимолий таъминот тармоғи устида талашмоқда

Покистон ва Марказий Осиё диктаторлари Шимолий таъминот тармоғи устида талашмоқда
158 views
05 July 2012 - 11:11

    Исломобод ҳукумати Афғонистондаги НАТО қўшинларига мўлжалланган таъминот юклари транзити учун ўз ҳудудини очишга рози бўлди¸ дея баëнот берди АҚШ Давлат котиби Хиллари Клинтон.

Покистон ҳукуматининг транзит йўлини очишини кутаëтган юк машиналари сони мингларга етган.
Клинтон сешанба куни покистонлик ҳамкасби Ҳино Раббоний Ҳар билан ўтказган телефон суҳбатидан сўнг расмий Исломобод НАТО юклари транзити учун ўз ҳудудини очишга рози бўлгани ҳақда маълум қилди.

2011 йилнинг ноябр ойида Покистон ўз ҳудуди орқали Афғонистондаги НАТО қўшинларига таъминот юклари олиб ўтиш йўлларини норозилик тариқасида ёпиб қўйган ва бунга НАТО ҳужуми оқибатида 24 покистонлик аскарнинг ўлгани сабаб бўлган эди. АҚШ ҳукумати НАТО ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган покистонлик аскарлар учун Покистондан узр сўрайди, деб айтди Х.Клинтон.

“Ташқи ишлар вазири Ҳар ва мен покистонлик ҳарбийлар ўлимига сабаб бўлган хатоларни тан олдик. Бу инсоний талафотлар учун узр сўраймиз, бундай хатоларга бошқа йўл қўймаслик учун Покистон ва Афғонистон ҳамкорлик қиламиз”, деди Клинтон.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ бошлиқ НАТОнинг Афғонистонга 10 йилдан ортиқ муддат олиб борган урушига асосий сабаб қилиб, 2001 йил 11 сентябрь портлашлари келтирилади. Мазкур портлашларда Афғонистоннинг на бирор ташкилоти, на бирор фуқароси айбдорлиги бугунгача исботланмаган. Ўтган 11 йил мобайнида НАТО ҳужумларида Афғонистон тинч аҳолисидан бир неча юз минг киши ҳалок бўлган ва бу қотиллликлар учун ҳам ҳануз ҳеч ким жазоланмаган.

Аввалроқ Покистон янги Бош вазири Ража Парвез Ашраф етти ой давом этган НАТО таъминот тармоғи блокадаси Покистон ва НАТО давлатлари ўртасидаги алоқалар ривожига тўсқинлик қилаётганини таъкидлаган эди. Покистон қандай шартлар асосида НАТО учун ўз чегарасини очишга рози бўлгани ҳозирча аён эмас.

Афғонистонда НАТО етакчилигидаги ҳарбий амалиётлар 2014 йил охиригача якун топиши ва шу йил бошидан коалиция кучлари ўз ҳарбий техникасини олиб чиқишни бошлаши айтилган. Май ойида Чикагода ўтган НАТО саммитида жанубий транзит йўлини очиш борасида Покистон билан музокаралар барбод бўлган эди. Покистон билан юзага келган чигалликлар охирида Ўзбекистон НАТО раҳбариятини ўз ҳудудларидан ўтувчи “Шимолий таъминот йўли”дан фойдаланишга “кўндирган” эди ва ўтган ҳафта НАТО расмийлари Ўзбекистон ҳамда минтақадаги бошқа маҳаллий диктаторлар билан Афғонистондаги ўн минглаб зирҳли машина, контейнер ва қурол-яроқни мамлакат ҳудуди орқали олиб чиқишни кўзда тутувчи битим борасида келишгани ҳақида маълум қилган эди.

Ўз ҳарбий техникасини Покистон орқали олиб чиқиш НАТОга анча арзонроқ ва қулай. Лекин таҳлилчилар Покистон орқали ўтадиган йўл ҳали ҳам таҳликали бўлиб қолаётганини айтишади.