O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Поранинг изидан…

Поранинг изидан…
19 views
11 August 2012 - 10:21

Бу изни таъқиб қилиш унчалик осон иш эмас. Бу иш худди ваҳший арслонни ўрмонда таъқиб қилишга ўхшайди. Ўрмондаги ваҳший ҳайвон сизнинг таъқибингизни сезмаётган бўлса ва қўлингизда замонавий қуролингиз бўлса, ошиғингиз олчи бўлиши мумкин. Аммо порани таъқиб қилаётганда энг замонавий қурол билан қуролланган ва ўзингизни ҳимоя қиладиган энг замонавий маска ва кийимларни кийиб олган бўлсангизда, бу сиз учун хавфсизлик шароитини яратмайди. Чунки пора ниҳоятда таҳликали, сиз уни орқадан таъқиб қилаяпман, деб турганингизда у сизнинг изларингизни кузатиб турган бўлиши мумкин…
Чунки поранинг яширинган жойи сизни қўриқлайдиган миршабнинг қўлтиғи, қонун билан сизни ҳимоя қилиши лозим бўлган маҳкама раиси столининг бир бўлими бўлиши мумкин. Сиз эса буларга ишониб, порани таъқиб қилишга киришгансиз. Аслида эса пора сизни таъқиб қилмоқда, бармоқларингизнинг орасига кириб олиш учун…
Бир сиёсатчи шундай деган экан: Порахўрликни тугатиш учун қўлларни кесиш кифоя қилмайди, чунки порани билаксиз қолган қўлтиқлар билан ҳам олиш мумкин. Порани нафақат қўлтиқ, кўзнинг бир ишорати, киприкни бир қоқиш, жилмайиш, хўмрайиш, иш жойида бўлиш ёки бўлмаслик билан ҳам олиш мумкин порахўр..
Порани таъқиб қилиш сизни порахўрга эмас, порахўрликка қарши қонунни имзолаган катта лавозимли раҳбарнинг хонасига олиб борса нима қиласиз?. Худди кун бўйи сичқонни қувалаган, энди уни ушладим деганда, сичқон учун қопқон ясайдиган устани қаршингизда кўрсангиз ва унга сичқон қани десангизу, у сизга тиржайиб қараб турса…Бу одам қўлингизга сичқон тутадиган энг мукаммал қопқонни бепул берса ҳам, сиз барибир мутмаин бўлмайсиз албатта…
Пора берган ҳам, олган ҳам жаҳаннамликдир, аммо пора олганнинг ҳам берганнинг пешоналаридаги ва қалбларидаги кўзларини кўр қиладиган нарсадир. Бу шаклда пора инсонни жаҳаннам чуқурига олиб тушадиган зинапоядир…
Ўзбекистон Президентнинг таъбири билан айтганда пора “узат узатдир”. У бу гапни Давлат бошлиғи сифатида Республика раҳбарлари билан илк учрашувларининг бирида айтган эди. Яъни, “Катта”нинг ўзи порахўрликни, унинг турли номларини, у юрадиган йўлни, у кирадиган тешикни яхши биладиган пора мутахассисидир. Порани таъқиб қилар экан албатта сиз Президентнинг иш хонасига кира олмайсиз, ҳолбуки поранинг бу хонанинг орқа томонидан чиқиб кетадиган йўллари ҳам бўлса керак…
Пора яширинадиган жой виждонлар қабристондир, албатта. Бу ерда турли ёшда ва турли сабабларга кўра ўлган виждонлар дафн қилинган. Бир уйда бир ота ўлса унинг хонаси ҳувиллаб қолади. Айниқса она ўлса уй тамоман харобага айланади. Худди шундай виждон ўлганда инсоннинг фақат кўкрак қафаси эмас, бутун вужуди ҳувиллаб қолади. Натижада юз безбет ҳолга келади, кўзлар уятсиз, хоин нигоҳларга тўла кўриш машинаси, қулоқлар тўғри сўзни эшитмайдиган супрага айланадилар…Пора шундай мудҳиш ўлимни севади.
Сингапур деган давлатда порахўрлик учун ўлим жазоси берилар экан. Бу аслида аллақачон ўлган виждоннинг эски кийими ҳисобланадиган танани дорга осишни билдиради, холос. Пора эса ўлган виждон ва ўлдирилган тана қабристонидан чиқиб яна ўз ишини давом эттираверади. Шундай қўрқинчли бир нарсадир пора ва порахўрлик…
Уни тутган қўллар куяди, аммо бир онда эмас, аста секин, кунлар, ҳафталар, ойлар ва ҳатто йиллардан кейин тандирга кириб чиқаверадиган қора касовга ўхшаб қолади бу қўллар. Бу ҳаром қўлларни тутиш у ёқда турсин, бадбўй ҳидидан унга яқинлашдан ҳам ҳазар қилиш лозим аслида..Аммо пора бу қўлларни кутилмаганда миллат отасининг шаҳар майдонида оломонга йўл кўрсатаётган ҳайкалининг ўнг қўлига айлантириб қўйиши мумкин. Бу соқов ҳайкал эй, инсонлар пора мана бу тарафда, мана бу усул билан олинади, дея ҳайбат солиб туради…
Порани таъқиб қилиш осон иш эмаслиги тушунарли бўлди шекилли. Яхшиси ундан қочиш эмасми? Аммо бу аблаҳ уни таъқиб қилсангиз, изини йўқотадиган, аммо ундан қочсангиз, сизнинг изингизнинг бемалол топиб келадиган шайтоннинг ўзидир. Демак, чора у билан юзлашишдадир. Дунёнинг бутун қуролларини бир четга отиб, виждон, деган силоҳингизни унга тўғирланг. Ва унга сўнги ҳамлани беришга шайланинг…

 

Абдурраҳмон Муҳаммад

11 август, 2012 йил