ГУЛНОР
(Ҳужжатли роман)
Аҳмад Бейжон Эржилосун (Ahmet Bican Ercilâsun)
Бу “роман”даги саргузаштли воқеаларнинг катта қисми 1986-йилда Ўзбекистонда рўй беради.
Романда тасвирланган персонажларнинг аксарияти бугун ҳаётда бўлган кишилардир. Улардан баъзилари муаллифнинг яқин дўстлари, танишларидир. Туркия ва Туркистон турклари ўртасидаги муносабатларни кузатиб бораётган ҳар бир киши романда тасвирланган воқеаларнинг реал ҳаётдан олиниб ёзилганига шоҳид бўлади.
Масалан, романдаги профессор Эрйигит — роман муаллифининг ўзи. Бошқа тўқима исм билан аталган олимлардан бири Турғут Дениз — ҳаётда профессор Дурсун Йилдиримдир.
Tошкент саёҳатида тасвирланган персонажлардан “Асан Али” — қримтатар ёзувчиси раҳматли Айдар Усмон бўлса, “Камол Эркин” — Рауф Парфидир.
“Mаҳмат Маъруф” эса, Мамадали Маҳмуддир.
Шунингдек, романда шоир Муҳаммад Солиҳ xам бор. У “Aнвар Мурот” исми остида тасвирланади.
Туркия туркчасидан ўзбек туркчасига ўгирган: Пирмуҳаммад Xoлмуҳаммад
Роман Истанбулда “Ötüken” нашрётида 1997 йилда Туркия туркчасида босилган
* * *
3-ҚИСМ
Ўғуз ўзбек акцентини илк бор эшитаётганди. Узун ва юмалоқ “о”лар дарров диққатини тортди. Яхшиям-ки, ўзбекчада юмалоқ “О”лар бор экан, бўлмаса Гулнорнинг дудоқлари бу қадар оҳангли шакл ололмасди. “Гулнор” ва “Кунбой” деркан, унинг дудоқлари юмалоқ бир шаклга кирганди. Ўғуз айни пайтда қизнинг кўзлари яшил эканини фарқ қилди. Ва оқ юзни гулчамбар каби ўраган қора сочлар. Бўйи ҳам кичик эмасди. Эгнидаги атлас кўйлак Гулнорга дуркун бир кўриниш бағишлаганди. Тўғриси, Ўғуз учун бу илк ўзбек чеҳраси ҳийла гўзал эди. Уларга ажратилган хонага Комил Хўжа билан бирга киришди.
–Эx, Ўғуз бу фурсат ҳар туркка ҳам насиб бўлавермайди. Навоийнинг мамлакатидамиз, биз меҳмонхонадамиз. Балконга чиқайлик-да, шу яшилликни бир томоша қилайлик.
Ўғуз Комил Арслоннинг Навоий асарлари устида ишлаганини хотирлади.
–Тўғри, хўжам, гўзал ва яшил ўлка, деди Ўғуз.
Балконга чиқаркан, эшик устидаги лавҳа-ёзув диққатини жалб қилди.
–Бу ёзув учоқда кўрганимиз ёзув эмасми, хўжам? — деди Ўғуз.
Ҳа, лавҳада “не курить” деб ёзилганди. Комил хўжа бу таъқиқловчи сўзларни яхши ўрганиб олганди.
–Не курит, не курит, етар-ей! — дея бақирди.
Комил хўжа чўнтагидан сигарет чиқариб, чақмоғини чақди. Лекин хонада қолмай, балконга чиқди.
Ўғуз ҳам балконга чиқди, икковлон нигоҳларини яшил дарахтлар қўйнига отдилар.
Биноларнинг ораларида бўшлиқ кўп эди бу шаҳарда. Катта майдонлар ва кенг йўллар биноларни бир-биридан узоқлаштирганди. Меҳмонхонанинг олд қисми катта майдон эди. орқасида эса кенг яшиллик майдони мавжуд эди. Ўнг ва сўлдан ўтган йўллар анча кенгиш эди. Яшиллик Ўғузга бир оз аввал кўрсатган қизнинг кўзларини эслатди. Яна Гулнорнинг атлас кўйлаги-ю қоп-қора сочларини ҳам хотирлади. “О”ларни нақадар юмалоқ ва оҳангли сўйларди у қиз!
–Қани, Ўғуз, пастга тушайлик-чи, — деди Комил хўжа, — программани билайлик-чи.
Бирга пастга тушдилар.
Меҳмонхонанинг фойесида Ўрхон Нодий билан Сўнар Хўжа кулишиб суҳбатлашаётгандилар. Профессор Эрйигит билан Сомий Ошқин хўжа уларни тинглаб, жим туришарди.
–Тариқ Тўрага эътибор бердингми? — деди Сўнар хўжа, — бу ола-тасирдан завқланганга ўхшайди.
–Қанақа ола-тасир? — деди Арслон хўжа.
–Боя Mаҳмат хонасини ўзгартирмоқчийди, маъмурлар ҳар хил баҳоналар билан қарши чиқдилар. Mаҳмат “порасини тўладик!”, бақирди. Ўзбек маъмурлар кулишди. Чунки пора (туркчада — пул) ўзбекчада рушват маъносини билдирарди.
Ўрхон Нодий бир ўзбек маъмури билан келди, қўлида эртанги кун тартиби бор эди.
–Конференция эртага соат 9 да бошланади. Соат тўққиз яримда ленин ҳайкалига гулчамбар қўйилади. 10 да салонларда семинарлар бошланади. Бугун, биз оз сўнгра меҳмонхона ресторанида тушлик емаги еймиз. Емакдан кейин ҳаммамиз йўл кўрсатувчилар билан Ленин музейига борамиз. Кечқурун коктейл бор.
Ўрхон Нодий “ленин” сўзига махсус урғу бериб сўйлар, гўё “йиллардир ленинни сўкдингиз, энди унинг пойига бир бош эгиб туринг-чи, кўрайлик”, деяётгандай эди.
Сўнар Ойдамар ва Mаҳмат Эрйигит бу маънодор сўзларни тингларкан, мийиғида кулиб қўйишди.
Oйша хўжа хоним:
–Ажабо, емаккача ташқарида айланиб келсак бўлмасмикин?, — деди.
Ҳамма бирданига:
–Тўғри, бир айланиб келайлик!, — дейишди.
Автобусда бирга келган ёшлар уларнинг ёнига келиб:
–Биз сизларга ёрдамчи бўлайликми? — дейишди.
Ҳаммаси бирга ташқарига чиқдилар. Метро бекати меҳмонхонанинг ўнг тарафида, булварнинг бошланишида эди…
Гулнор Ўғузнинг ёнида, унга шаҳар ҳақида билги бериб, одим отарди.
У емак пайтида ҳам Ўғузнинг ёнида ўтирди.
Емакдан сўнг соат 3 да учрашишга келишиб, тарқалдилар.
Осмонда мингларча қалдирғоч учарди. Санчқидай қуйруқлар бир-бирининг ёнидан катта тезликда учса ҳам бир-бирига ҳеч тегмасди. Бирдан бу қушлар қоп-қора булутлар каби Гулнорнинг кўзига ёға бошлади. Гулнор қўрқувдан санчиб турди. У туш кўраётган эди.
Соатига қаради, тонгги олти эди. Такрор ётоғига узанди. Рашид Қорлиғашов кўз олдидан кетмасди. Қора, чакиртиканак кўзлари унга тикилиб тураверарди.
–Ўртоқ Кунбоева, яна бир хато қилдингиз, ташкилотимиз сизни кечирмайди, дерди у кўпинча.
Гулнор кеча кунлик рапортини соат олти яримда Қорлиғашовга топширганди. Қорлиғашов рапортни ўқиб чиқиб:
–Cиз бунга нега тўсқинлик қилмадингиз, ўртоқ Kунбоева? Бу Ўғуз Думон деган одамнинг йўлдан ўтган одамлар билан гаплашишига нега йўл қўйдингиз? Айниқса, бу одамлар месхет турклари бўлса!, — деди.
Гулнор Kунбоева Ўғузнинг кўчада учратган месхатларга “Сиз турклармисиз”, деган гапини ҳам ўз рапортига ёзганди. У ўз ўлкасига холис хизмат қилишини ва вазифасини икир-чикирларгача тўғри бажаришини истарди. У месхетларни Ўғуздан узоқлаштирган бўлса-да, уларнинг бир-бири билан гаплашгани ҳам Гулнорнинг айби ҳисобланаётганди.
Гарчи Гулнор барлос уруғидан эди. Унинг аждодларини ҳам “турк” деб аташганини биларди. Лекин улар энди ўзбеклар эди. Ўзбек ватани учун ўзбек бўлишлари керак эди. Гулнорнинг кўзлари яна қорайди, яна қалдирғочлар тўлди кўзларига. Агар янглишиб, рапортда “ўзбек ватани” деб ёзса-ми, қўяверинг, оқибати нима бўлади!
Ўзбек ватани эмас Совет ватани бор эди, у шундай дейиши керак эди…
Ҳақиқатан ҳам, Туркиядан келган ҳайъатнинг ҳаммаси пантуркистлар эди. Улар ўзбекларни ҳам “ўзбек турклари” деб аташарди. Ўзбекчани ҳам “ўзбек туркчаси” деб аташарди. Гулнор ўз рапортида буларни ёзганди, фақат профессор Тўранинг пантуркист эмаслигини ҳам ёзганди. Бу ҳақда Қарлиғашов шундай деганди:
–Ўртоқ Афандиевни огоҳлантириш керак. Профессор Тўра бизга ҳақиқатан яқинми. Ёки ўз қиёфасини яширган пантуркистми?
Гулнор туркияликларнинг коктейлда ранг-баранг чиройли кўйлаклар кийиб келишганини кўриб бироз ҳайрон бўлди. Туркия ҳукумати уларга мутлақо бир махфий хизмат топширган бўлиши керак эди. Бу чиройли кийимлари ҳам балки бу хизматнинг бир бўлаги эди. Америка империализми сиқиб сувини олган бу Туркияда одамлар бунақа ҳашаматли кийиниши мумкин эмасди. Бу намойишкорона ҳаракатнинг тагида албатта ташвиқот бор эди. Бир неча кун аввал Рашид Қорлиғашов аспирантларни тўплаб, уларга вазифаларини тушунтирар экан, шундай деганди:
–Империализм агентлари одатда қимматбаҳо кийимлар кийишади. Бу тамоман халқимизнинг кўзини бўяшга мўлжалланган. Улар 100-120 квадрат метрлик уйларда яшашларини айтишлари мумкин, бунга ишонманглар. Ўртоқ Қуролбоев Туркияга бир неча марта борган, у туркларнинг нақадар қолоқлик ва қашшоклик ичида яшаётганини ўз кўзи билан кўрган.
Қорлиғашов ўшанда профессор Қуролбоевнинг рапортидан бир парча ўқиганди.
Ҳақиқатан ҳам, Ўғуз Думон 100 квадрат метрлик уйда яшаётганини Гулнорга айтганди. Гулнор Ўғузни гапиртириб унинг жосус эканини исботлаши лозим эди. Чунки ўша “суҳбатда” Қорлиғашов Гулнорга қараб шундай деганди:
–Айниқса, ўртоқ Кунбоева, сиз эҳтиёт бўлишингиз керак, ҳайъат ичида 25 ёшли бир йигитни киритишлари тасодиф эмас. Унинг махсус топшириқ билан бу гуруҳга киритилганига аминман. Шунинг учун бунга алоҳида эътибор беринг.
Лекин Ўғуз Думон унча гапдон эмасди.
Гулнор соат саккиз яримда “Ўзбекистон” меҳмонхонасида бўлиши керак эди. Ўрнидан туриб кийинди, бир пиёла сув ичди ва йўлга тушди.
Турк ҳайъати меҳмонхона ресторанида нонушта қилаётганди. Ўғузнинг столида Ойша Қилич ва иккита озорий олим ўтирарди. Гулнор озорийларга кўз қири билан боқди-да стулга ўтирди:
–Сизларга ёрдамчи бўлолмадим, кечирасизлар, — деди Гулнор.
Профессор Қилич ва Ўғуз унга ташаккур этди ва озорийларнинг ёрдамчи бўлганларини айтди.
Гулнор озорийларга:
–Энди бу вазифани мен оламан, раҳмат сизларга, — деди.
Озорийлар бу маънодор сўзлардан кейин ўрнидан туришди. Улардан кейин профессор Ойша Қилич ҳам юқори қаватдаги хонасига чиқишини айтиб, ўрнидан турди. Гулнор “мана энди Ўғузни гапиртириш пайти келди”, деб ўйлади.
–Ўғузбей, Туркияда “Ўғуз” исми кўпми?, — дея сўз бошлади у, — эшитишимча, Туркиядагилар ўзларини Ўғуз уруғидан деб билишармиш, Ўғуз ҳоқон достонини ҳам ўз достонлари деб ҳисоблармиш. Совет иттифоқида Ўғуз ҳоқон тўғрисида академик Шчербaкнинг бир яхши китоби бор…
–Ҳа, Гулнорхоним, биз Ўғуз туркларимиз, аммо Ўғузлар фақат Tуркияда эмас, бошқа ерларда ҳам бор. Болқонларда, Ироқда, Озорбойжон ва Tуркманистонда ҳам бор. Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳам Ўғузлар ва қорлуқлар қипчоқ билан аралашиб кетган, деб ўйлайман. Мана, мен ҳам ўзбекча гапиришга ҳаракат қилаяпман. Кеча меҳмонхонада бир ўзбек билан суҳбатлашганимда у менга “шевангиз Хоразм шевасига ўхшаркан”, деганди. Балки Хоразм бўлғасида қорлуқларга қоришган Ўғузлар нисбати бошқа минтақаларга қараганда кўпроқдир. Ўғуз ҳоқон достонига келсак…
–Эпосга ўтмасдан олдин бир нарсани айтишим керак сизга. Ўзбек номи ҳам аслида қипчоқлар билан боғлиқдир. Ўзбек диалектларидан баъзилари қипчоқга яқин. Аммо аслида ўзбеклар қорлуқ уруғидан. 14-асрдан бошлаб алоҳида этнос бўлиб шаклланган. Бизда Ўғузлар борлигини ҳеч эшитмаганман.
–Балки ҳақлисиз, Гулнорхоним. Факат “ўзбек” номи қипчоқ туркларига оид ва сиз яшаётган бу тупроқларда Tемур хонадони заминида ва ундан олдин чиғатой улуси яшаган, унинг асоси қорлуқлардир. “ўзбек” номи сизларга қипчоқларнинг шаҳобчаси бўлган шайбонийлардан ўтган бўлишлари керак. Шайбонийларнинг бу тупроқларга келган йили номаълум, сизлар қорлуқ ва қипчоқ уруғларининг бирлашган бир кўринишисизлар, — деди Ўғуз.
–Бу тупроқда яшаган қадим саклар, хоразмлилар, сартларни ҳам унутманг, улар ҳам ўзбекларнинг таркиб топишида муҳим рол ўйнаган, — деди Гулнор.
–Эҳтимол. Энди достонга келсак. Агар Шчербакнинг китоби эсингизда бўлса, китобда Ўғуз ҳоқон “мен уйғурларнинг ҳоқониман”, дейди. Кейин қипчоқ, қорлуқ ва халачларнинг ҳам Ўғуз ҳоқон лашкарига мансуб бўлганлари ва уларнинг исмларини Ўғуз ҳоқон бергани достонда ёзилгандир. Демак, бу достонни фақат Ўғузларнинг достони деб аташ нотўғридир.
Гулнор ўша Шчербакнинг китобини кўрганди, аммо ўқимаганди. “Уйга бориб, бир вароқлайман”, деб ўйлади.
–Сизнинг докладингиз ҳам шу достон ҳақида шекилли, суҳбатингиз жуда чиройли бўлди. Докладингизни мутлоқо эшитаман. Ҳозир эса, Ленин майдонига боришимиз керак…
Бошқа меҳмонлар ҳам ташқарига йўналдилар. Улар ичида Олмония, Можористон, Норвегиядан ҳам турколог олимлар бор эди. Озорий, қозоқ, қирғиз олимлар бир оз кечикиб келишганди.