O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Порахўрлар тақдирланса…

Порахўрлар тақдирланса…
186 views
28 August 2013 - 16:10

dollar  Ислом Каримов мустақилликнинг йигирма икки йиллиги муносабати билан Гулистон Давлат университетининг катта ўқитувчиси Фарҳод Мусурмонқуловни “Шуҳрат” медали билан тақдирлади. Президент фармони чиқишидан бир ойча аввал бу ўқитувчи абитуриентни ўқишга киритиш эвазига 4000 АҚШ доллари олаётганда ушлангани аниқланди.

Озодлик радиоси ёзишича, “Гулистон давлат университетида ишлайдиган таниш ўқитувчим билан кеча чойхонада ош едик. Унинг айтишича, олийгоҳнинг катта ўқитувчиси бир ойча аввал пора олаётган пайтда ушланган экан. Буни қарангки куни-кеча президент уни “Шуҳрат” медали билан тақдирлабди. Ўқитувчилар энди каттароқ пора олсак балки орден беришар деб роса кулишди”, дейди Гулистондаги манба.

Президент 23 август куни имзолаган фармонда Фарҳод Мусурмонқулов, “мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ва ижтимоий ислоҳотлардаги фаол иштироки, самарали меҳнати, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишига қўшган ҳиссаси учун қуйидагилар мукофотлансин”, дейилган.

Президент фармони эълон қилинишидан бир ҳафта аввал тақдирланган ўқитувчи пора олаётган пайтда қўлга олингани ҳақида вилоят ҳокимлиги нашри бўлган “Сирдарё ҳақиқати” газетаси ҳам 14 август куни ёзиб чиқди.

 

пора газета “Ўзбекистон Бош Прокуратураси ҳузуридаги СВОЖ ва ЖДЛҚХ Департаменти Гулистон шаҳар бўлими ходимлари томонидан фуқаро Н.Пўлатовнинг аризаси юзасидан ўтказилган тадбирда Гулистон Давлат университети “Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти” кафедраси катта ўқитувчиси Фарҳод Мусурмонқулов Н.Пўлатовадан қариндоши Д.Азимжоновани университетга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4000 АҚШ долларини таъмагирлик йўли билан олаётган вақтда ушланган”, дейилади мақолада.

Гулистон Давлат университети катта ўқитувчиси бундан бир ойча аввал ҳибсга олиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Газетанинг ёзишича, бу тадбир мобайнида Фарҳод Мусурмонқулов, шунингдек ГулДУга кириш имтиҳонидан муваффақиятли ўтказиб қўйиш учун Гулистон тумани Ҳ.Олимжон маҳалласидаги Туркистон кўчаси, 2-уйда 12 нафар абитуриентни маълум ҳақ эвазига тайёрлаётганлиги ҳам аниқланган.

Фарҳод Мусурмонқулов Ўзбекистон ЖКнинг 168-моддаси биринчи қисми бўйича фирибгарликда айбланмоқда.

Гулистон Давлат университети ректорининг ёрдамчиси Мурод Латипов Озодлик билан суҳбатда катта ўқитувчи Фарҳод Мусурмонқулов устидан жиноят иши қўзғатилганини рад этмади:

– Ҳозир у киши отпускада. Давлат мукофотига тақдимот бир йил олдин бошланади. Ўшанда тақдим қилинган бу ўқитувчи. Бошқа саволларингизга жавоб беришга ваколатим йўқ. Бир соатдан сўнг қўнғироқ қилсангиз, айтаман,- деди ректор ёрдамчиси Мурод Латипов.

Олийгоҳнинг ўқув бўлими бошлиғи Анвар Аралов, Фарҳод Мусурмонқулов ишлаган ижтимоий-иқтисодиёт факултети декани Аҳмад Маматовлар ҳам Озодликнинг “ўқитувчингизга қўйилаётган айбловда қанчалик асос бўлиши мумкин?” деган саволига жавоб беришдан бош тортдилар.

Ана энди порахўрлар ҳам очиқдан-очиқ тақдирлана бошлабдилар. Зотан, унинг жиноятчи эканлиги ҳам ошкор. Яна қачонгача бу хақ ва нохақни ажратолмаган одамни ўзимизга бошчи қилиб юрамиз? Уйғониш вақти келмадими ахир?

Чарос