“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистондаги “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказига кўра, мамлакатда порахўрлик ва таъмагирлик энг авж олган ташкилотлар орасида ички ишлар ва банклар етакчилик қилмоқда.
Марказ Ўзбекистондаги бошқарув органлари ичида коррупция, порахўрлик ва таъмагирлик ҳолатлари бўйича сўров ўтказиб, шундай хулосага келган.
Сўровда иштирок этганларнинг 25,7 ва 21,4 фоизи мос равишда ички ишлар органлари ва банкларни энг коррупциялашган, деб кўрсатишган.
Сўровда қатнашганларнинг 19,6% фоизи судларни, 19,5 фоизи эса прокуратура органларини “таъмагир” ташкилот деб билишларини айтишган.
Респондентларнинг 13%и солиқ органларида, 11,5%и божхона органларида таъмагирлик тез-тез учрашини билдирганлар.
Сўровда қатнашганларнинг 5,7 фоизи шаҳар ва туман ҳокимиятларида, 5,1 фоизи лицензиялаш ва сертификатлаштириш билан шуғулланувчи органларда, 3,8 фоизи маҳалла ва хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатида, 2,4 фоизи экологик назорат хизматларида порахўрлик ҳолатлари мавжудлигини кўрсатган.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг билдиришича, сўровда Қорақалпоғистон ва барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан 1100 нафар тадбиркор қатнашган.
ЎХҲ хабарлар бўлими