2015 йил 29 март қадим Туркистоннинг бугунда бир қисми бўлган Ўзбекистон ўз юртбошисини сайлайдиган кун. Бу кун яқинлашиб келар экан, мен бефарқ қола олмаслигимни сездим ва ушбу мақола орқали сайлов кампаниясига фуқаролик бурчимдан келиб чиқиб ўз ҳиссамни қўшишга қарор этдим.
Албатта мен унга овоз беришим мумкин бўлган ҳақиқий муносиб инсон Марказсайловкўм рўйхатида йўқ, шу билан бирга сайлов хусусида ўртоқлашмоқчи бўлган фикримни Ўзбекистондаги мавжуд журнал ёки газеталарнинг бирортасида ҳам чоп этиш мумкин эмас. Бу факт!
Тўғридан-тўғри мавзуга ўтадиган бўлсак, ушбу Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг номзодлари қуйидаги партиялар томонидан қўйилди:
1) И. Каримов – Либерал-демократик партияси;
2) Ҳ. Кетмонов – Халқ демократик партияси;
3) Н. Умаров – “Адолат” социал-демократик партияси;
4) А. Саидов – “Миллий тикланиш” демократик партияси.
Мен, Сайфуллаев Низомиддин Қаҳҳорович зиёлилар оиласида вояга етган фуқаро, ҳуқуқшунос сифатида сизларга мурожаат қилмоқчиман.
И.А. Каримовга мурожаат
Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич,
Сизнинг Ўзбекистон республикасига раҳбарлик қилаётганингизга жорий йилнинг май ойида 26 йил бўлар экан. Шу ойнинг охирида эса 77 ёшга тўласиз.
Шу ўтган даврда Сиз:
Франция Республикасида (Европа) – Франсуа Миттеран, Жак Ширак, Николя Саркози ва Франсуа Олланд;
АҚШда (Шимолий Америка) – Жорж Буш (отаси), Билл Клинтон, Жорж Буш (ўғли) ва Барак Обама;
Туркия Республикасида (ЕвроОсиё) – Тўрғут Ўзал, Сулаймон Дэмирал, Ахмад Нажот, Абдулло Гул ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон;
Аргентинада (Жанубий Америка) – Карлос Сауль Менем, Фернандо де ла Руа, Рамон Пуэрта, Адольфо Родригес Саа, Эдуардо Каманьо, Эдуардо Дуальде, Нестор Киршнер ва Кристина Киршнер;
Австралияда – Жон Ховард, Кевин Рад, Жулия Хиллард ва Тони Эбботт;
Японияда (Осиё) – Кэйдзо Обути, Ёсиро Мори, Дзюнъитиро Коидзуми, Синдзо Абэ (биринчи марта), Ясуо Фукуда, Таро Асо, Юкио Хатояма, Наото Кан, Ёсихико Нода, Синдзо Абэ (иккинчи марта);
Гана Республикасида (Африка) – Жерри Жон Ролингс, Жон Куфуор, Жон Эванс Атта Миллс, Жон Драмани Махама каби давлат арбобларининг ўз мамлакатларида Президент ёки Бош вазир лавозимларида ишлаган ёки ишлаётганларидан бехабар эмассиз!
Эътибор беринг, юқорида кўрсатилган давлатларда қанча давлат раҳбарлари ҳокимият тепасига келиб кетишмоқда. Берган ваъдаларининг устидан чиқишса мағрур, акс ҳолда халкининг олдида бош эгиб узр сўраган ҳолда истеъфога ёки эъзозли нафақага кузатилмоқда.
Сиз қачон, қаерга ва қандай ҳолатда кетасиз? Сизда виждон, ор-номус ёки фаросат деган нарса борми, жаноб?
Конституциямизнинг 93 моддасида Президент фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир дейилган. Кафил экансиз, нега Конституциянинг 90-моддасида “Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас” деб белгиланган нормани ўзингиз бузаяпсиз ва сурункали бузиб келмоқдасиз?
Конституциянинг 7-моддасида “Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади” дейилганлиги эътиборга олинса, Сиз томондан 90-моддани бузиш орқали Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартириш ҳаракатига Жиноят кодексининг 159-моддасини квалификациялаш мумкинлигини биласизми?
Албатта биласиз! 90-моддани олдин ҳам бузгансиз. Шу маънода, аллақачон рецидивист ҳам бўлиб қўйгансиз. Бундан ташқари ушбу моддани ўзингизнинг ғоявий рақибларингизга сурункали равишда қўллаб келмоқдасиз. Халқ севган ва ҳамон ҳурматдаги инсонлар хорижда, муҳожиротда, сургунда.
Уялмайсизми, минглаб талантли, иқтидорли, ёш, ватанпарвар ҳамюртларимнинг ва жумладан менинг ҳам йўлимни тўсиб ўтиришга?…
Дарҳол ўз номзодингизни қайтариб олишга Сизни чақираман! Энди ҳеч қандай ижобий ўзгаришлар қила олмайсиз. Наҳотки шуни илғаб ололмаяпсиз?
Сиз яратган барча хўжалик соҳаларидаги оммавий коррупция ва порахўрлик, иқтисоднинг аянчли аҳволи, ночор ҳолатдаги қишлоқ хўжалиги, сўмнинг бир чақачалик қадр-қимматининг йўқлиги, 2 хоналик йиллик инфляция, ишсизлик, чет элларда изғиб юрган 5 миллион фуқаролар, турмаларда чириётган эркин журналистлар, ЖКнинг 159 “резина” моддаси квалификацияланган оддий намозхон эркак ва аёллар, “подстава” қилиб у ерларга ташланган, лекин Сиз доимо реал ҳуқуқий мақомларини тан олмай келаётган сиёсий тутқунлар… Мана Сиз бундан 20 йил олдин ваъда берган “Ўзбекистоннинг Буюк Келажаги”.
Мен ўшанда 20 ёшда эдим, 20 йилдан кейин Сизнинг деструктив, мақтанчоқлик, ёлғон ва дабдабабозликка қурилган ички ва ташқи сиёсатингиз туфайли Ўзбекистоннинг пешанасига шундай фожиавий ҳолат битажагини энг ёмон хаёлларимда ҳам тасаввур қила олмаган бўлардим. Афсус!
Мана Сиз бизни қаерларга олиб келдингиз. Сиздан кейин бизни қанчалик қийинчиликлар кутётганини биласизми Сиз?
Биттагина масала – 5 миллион одамни Ватанга қайтариш бўйича қанча ислоҳотлар қилишимиз керак. Шунча иш ўринларини яратиш энди осон бўлар эканми!? 20 йилда кетиб қолган аҳолини неча йилда қайтариб олиб келамиз? Шундай экан, Сиз ҳокимиятда қолсангиз бундан беш баттар бўлади. Энди бизга қўйиб беринг! Бизга ҳалақит қилманг! Биз энди Сизга ишонмаймиз! Энди бизни турли “ўйинчи найранглар” билан алдай олмайсиз!
Ўзбекистон аҳолиси чарчади, бундан буён бундай яшашни истамай қолди. Шундай бўлса ҳам Сизга сабр-тоқати тоғ ўзбекдан яна бир яхшилик: “… вақтида кетиш кераклигини билган киши ҳурматга лойиқ (Елцинни олинг), кет деганда ит кетса, кет деганда кетмаган одамни нима дейиш мумкин?” Ҳали ҳам имконингиз бор, ўз сўзингиз билан айтганда “барака топгур” кетинг!!!
Ҳ. Кетмонов – Халқ демократик партияси, Н. Умаров – “Адолат” социал-демократик партияси, А. Саидов – “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Президентликка қўйилган номзодларга
Мурожаат
Одатда мамлакатдаги энг олий лавозимга номзоди қўйиладиган инсонларни халқ олдиндан у ёки бу тарзда билиши кераклиги маълум ҳақиқатдир. Тўғрисини айтадиган бўлсам Акмал Саидовдан ташқари Ҳ. Кетмонов ва Н. Умаров ҳақида на ижобий, на салбий маълумотга эга эмасман.
Партияларингизнинг чўнтак партиялари эканлигини, чинакам партия сифатида, умуман партия эмаслиги халққа яхши маълумдир. Шундай бўлса ҳам ҳар замонда бир-бирларингиз шаънига арзимаган майда ижтимоий масала юзасидан танқид қилиб туришларингиз, МХХ кураторларидан тушадиган топшириқлар бўйича муайян масала юзасидан айнан бир кунда, айни бир пайтда мажлис қилишларингизга, телевидениеда ҳам бир пайтда кўриниш бериб, кейинги топшириқгача биргаликда сукунатга шўнғиб кетишларингизга ўрганиб қолганмиз. 4 та партиянинг ҳам веб сайтларида бир хил маълумот – Президентнинг қайсидир анжумандаги нутқи ёки қайсидир фармони, ундан келиб чиқадиган топшириқлар ва хос чора-тадбирлар. Сизларда сиёсий ва иқтисодий мустақиллик йўқ, фақат қарамлик ва маддоҳлик, мутъелик.
Бугун Сизни майдонга чиқаришган ёки чиққан экансизлар сўппайиб келиб сўппайиб кетишингизни асло истамасдим. Жанобингиз И. Каримовнинг сайлов билан боғлиқ бўлган ҳаракатида жиноят таркиби мавжудлигини (буни сиз мендан ҳам яхшироқ билишингизга аминман Акмал ака) ўзбек халқининг эътиборига жонли эфирда етказишларингизни илтимос қиламан. Бу Сизнинг фуқаровий ва президентликка номзод сифатидаги бурчларингиздир. Шундан фойдаланиб қолинг. Президент бўлолмасангиз ҳам бурчингизни адо этиб бир инсондек енгил нафас олганингиз яхшироқ эмасми? Балки фавқулодда бурилиш ясаш сизнинг зиммангиздадир. Биз ва мен жон-жон деб сизларга овоз берардик.
Бир-бирларингни эмас, балки И. Каримовни танқид остига олишингизни яна олдинги сайловдаги қўғирчоқ номзодга ўхшаб И. Каримовга овоз бериб шармисор бўлиб қолмасликларингизни истайман.
Сизларга ўз инсонлик бурчларингизни адо этишда омад тилайман.
Ҳурмат билан,
Сайфуллаев Низомиддин Қаҳҳорович
ЎХҲ таҳририяти почтасидан