Азиз Ўзбекистонликлар!
Жорий йилнинг 24 октябрь кунига белгиланган “президентлик сайловлари” узурпатор Ш.Мирзиёев бошчилигидаги сиёсий гурухнинг навбатдаги кўзбўямачилигидир.
Шубҳасиз, бу сафар ҳам, диктатор Каримов даврида бўлганидек, давлат бошқарувининг бу олий мақомига қўғирчоқ партиялардан номзодлар кўрсатилади. Ва бу қўғирчоқ номзодлар ҳам, бир пайтлар диктатор Каримовнинг сохта рақиби Каримовга овоз бергани каби, Мирзиёевга овоз беришади
Нақадар кулгили ва аянчли ҳол!
Қаттол режимнинг тамали бундан 30 йил олдин диктатор И.Каримов томонидан қўйилди ва бугун эса унинг сиёсий зурёди Ш.Мирзиёев томонидан бошқарилмоқда.
Айна шу режим минглаб ҳур фикрли инсонларнинг ҳаётига зомин бўлди!..
Ўзгача фикрловчиларга қарши репрессиялар бугун ҳам давом эттирилмоқда: блогерлар, мухолифат фаоллари ва Мирзиёев режими юритаётган сиёсатдан норози бўлган оддий инсонлар бугун ҳам қамоққа ташланмоқда.
24 октябрь куни эса режимнинг ватандошларни мамлакат Бош Қомусида белгилаб қўйилган сайлаш ва сайланиш ҳуқуқидан маҳрум қилувчи навбатдаги жинояти амалга ошади.
Ўзбекистонда 1991 йил 29 декабрда ўтказилган илк президентлик сайловларида ўзбек халқи ўзининг сиёсий иродасини намоён қилиб, халқ ичидан чиққан мухолифат (“Эрк”) вакилига овоз бергани ва уни ғолиб қилгани хақидаги хақиқат ўша давр режим мулозими тарафидан очиқча эътироф этилди.
Аммо ўша пайтда ижро ҳокимиятининг тепасида турган И. Каримов сайлов натижаларини сохталаштирди, Ўзбекистон халқига хиёнат қилиб, ҳокимиятни қонунга зид равишда ишғол этди ва қарийб 25 йил мобайнида мамлакатни сайловларсиз бошқарди.
И.Каримовнинг ўлими билан эски режимга ҳам барҳам берилишига умид уйғонганди, аммо Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик Палатасининг 2016 йилнинг 8 сентябрида ўтказилган Қўшма Мажлисида амалдаги Бош Вазир Ш.Мирзиёев Конституцияга зид равишда президентлик лавозимини эгаллаб олди. Ва у устози И.Каримов йўлидан бориб, 2016 йил 4 декабрда мухолифат иштирокисиз сохта сайловлар ўтказди, ҳокимиятни гайримашру тарзда ишғол этди. Натижада Ўзбекистон халқи яна бир марта сиёсий иродасини кўрсатиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Сўнги беш йил мобайнида мамлакатни ноқонуний бошқариб келаётган Ш.Мирзиёев ислоҳотлар ўтказишга лаёқатсизлигини кўрсатди. Ўзбек халқи бугун ҳам Каримов давридагидай “фавқулодда ҳолат”да яшашда давом этмоқда.
Ўтган беш йиллик бошқарув натижасида халқнинг моддий ва маънавий заҳиралари эриб, тамом бўлиш арафасида. Жамиятда йўқсиллик, жаҳолат ва энг ёмони – умидсизлик ҳоким.
Янги қурилган партиялар рўйхатга олинмади, уларга қарши зўровонлик ишлатилиб, Конституцион ҳуқуқлари топталди. Мухолиф партиялар атрофида жипслашишга ҳаракат қилган фуқароларга нисбатан таъқиб ва тазийқлар янада кучайтирилди. Ва президентлик сайловларида мухолифатнинг иштирок этиш имкони мутлақо йўққа чиқарилди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон “Эрк” Демократик Партияси Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) ва бошқа халқаро ташкилотларни Ўзбекистонда 2021 йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтиши режалаштирилган президентлик сайловларига кузатувчи юбормасликка чақиради.Акс холда, бу байналминал ташкилотлар ўзбек халқининг иродасига қарши ҳаракат қилган бўладилар.
Шу муносабат билан “Эрк” Демократик Партияси Ўзбекистон халқини сохта сайловларни
УМУММИЛЛИЙ БОЙКОТ
қилишга чақиради:
Азиз Ўзбекистонликлар!
Биз сохтакор режимнинг бу ўйинига дастак бўлмайлик!
Ҳар бир киши аввал ўз оиласида, кейин иш жойида инсонларга сохта сайловни БОЙКОТ қилиш ҳақидаги мазкур Баёнотни етказсин!
Токи, бу амалингиз халқни сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилган газандаларнинг юзига тарсаки бўлсин!
Ўзбекистон “Эрк” Демократик Партияси
2021 йил 9 август
Тошкент