2017 йил ёзида Шавкат Мирзиёевнинг жадаллик билан бошлаган реформаларидан бошим гангиб қолиб, ўша “реформа” маҳсули бўлган “президент портали” орқали ШМ номига илтимоснома ёзган эдим, аммо илтимосномамга жавоб президент порталидан эмас, Тошкент вилоят прокурори адлия маслаҳатчисидан келди.
“… Аниқланишича, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди апелляция инстанциясининг 25.10.1999 йилдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган Тошкент вилоят судининг 18.08.1999 йилдаги ҳукмига кўра, сиз ЖКнинг … моддаларига асосан мол-мулкингиз мусодара қилиниб 15 йилга озодликдан маҳрум қилингансиз…
Суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун протест келтириш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига тақдимнома киритишга асослар аниқланмади.
Мазкур жавобдан норози бўлсангиз, юқори турувчи прокурорга мурожаат қилишингиз мумкинлиги тушунтирилади.
Тошкент вилоят прокурори адлия маслаҳатчиси Ж.Б Файзиев”.
Бу қандай мантиқ?
Менинг уйим 1999 йил эмас, 1994 йилда Сергели туман РОВДси томонидан суд қарорисиз тортиб олинган эди-ку! 1994 йил қилинган зўравонликни қандай қилиб Тошкент вилоят судининг 1999 йил 18 августида чиқарган “мол-мулки мусодара қилинсин”, деган қарорига боғлаш мумкин?
Иккинчи жавоб хати эса, Республика Олий судидан келди. Мана, ўша жавоб хати:
“Хоразм вилояти, Янгибозор туманида яшовчи М.Бегжоновга
Ўзбекистон Республикаси президентининг виртуал қабулхонасига 2017 йил 22 август куни йўллаган ва 212183-s/17- сон билан рўйхатга олинган мурожаатингиз Олий судда кўриб чиқилди.
Мурожаатингизда суд қарорлари асоссизлиги ҳақида важлар келтиргансиз.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 510-моддасига асосан назорат тартибида маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек жабрланувчи, унинг вакили суднинг қонуний кучга кирган ҳукми ва ажрими устидан шикоят беришга ҳақли эканлиги қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2008 йил 15 майдаги “Судлар томонидан жиноят ишларини назорат тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 4-банди талабига кўра, устидан шикоят берилаётган суд ҳукми ёки ажрими ҳамда ушбу иш бўйича апелляция (кассация) инстанцияси суди ажримининг нусхаси илова қилинмаган ҳолларда илтимоснома (протест) аризачига қайтарилиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Шу боис, суд қарорларини илова қилган ҳолда назорат тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилишингиз мумкинлиги тушунтирилади.
Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раисининг ўринбосари, О.Хайитов”.
Бундай жавоблардан кейин мен Шавкат Мирзиёевнинг иккиюзламачиликда устози бўлмиш Ислом Абдуғаниевичдан ҳам устунроқ эканига ишонч ҳосил қилдим.
Бир-неча кўзга кўринган сиёсий маҳкумларни қамоқдан озод этгани ҳам чет давлатлар жамоатчилиги олдида “реформатор” (ислоҳотчи) номини қозониш учун қилганлиги кундек равшан бўлди. Агар у (Мирзиёев) ҳақиқатан ҳам бу номга (ислоҳотчи) лойиқ бўлганида эди, ўша озод этилган маҳкумларни тўла оқлаб, давлат раҳбари сифатида жабр чекканларга етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлашга интилган бўлар эди. Лекин у ундай қилишни ўзига ор билди. Аксинча, бизнинг: “Мирзиёев бўлмаганда, биз ҳали ҳам қамоқда ўтирган бўлардик” деган мақтовларимиздан ҳаволаниб кетиб, “Қамоқдан озод этганимга шукр қилларинг, сизларнинг мол-мулкларингни мен тортиб олмадим. Каримов ўлмаганида ҳеч қайсинг қамоқдан чиқолмай зоналарда ўлиб кетган бўлардиларинг” деган позитсияда тургани аниқ бўлди.