O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Президент Каримовнинг инқирози

Президент Каримовнинг инқирози
183 views
21 September 2012 - 12:05

Намоз Нормўмин

20 сентябрь 2012 йил, Истанбул.

Ушбу туркум мақолалардан бирига изоҳ ёзган биродарлардан бири бунинг (жамият тараққиётининг ўрта йўлини топишнинг –Н.Н) ниҳоятда қийин иш эканлигини таъкидлаганди. Албатта, бу қийин масала, у осон бўлганда Ўзбекистон бугунги “тупик” –боши берк кўчага кириб қолмаган бўларди.
Ўзбекистон Тожикистонда бўлгани каби юз мингларча қурбон берилган фуқаролар уруши йўлидан кета олмас эди ва ҳозирда ҳам бу йўлдан кета олмайди. Тожикистон “моделида” мухолифатнинг асосий кучини мусулмонлар ташкил қилганди. Демократлар бирлашган мухолифатда илова куч (таъсири оз) сифатида мавжуд бўлдилар. Бу моделда ҳукумат нима қилиб бўлса ҳам ҳокимиятни ўз қўлида ушлаб туришга уринди. Мухолифат эса аввал олти ой давомида пойтахт майдонини эгаллаб ётди (?!). Кейин келишмовчилик фуқаролар урушига айланиб кетди. Натижа муроса билан тугалланди. Шу тарзда мухолифат нима истаганди ўзи, деган савол жавобсиз қолиб кетди. Менинг билишимча, тожик мухолифатининг камчилиги унинг жамиятни ва давлатни бошқариш, тараққий қилдириш масаласид а аниқ дастури йўқлиги эди…
Ўзбекистон Қирғизистондаги каби ғарб демократиясини кўр кўрона нусхалаш йўлидан ҳам кета олмас эди ва ҳозирда ҳам бу йўлдан кета олмайди. Чунки демократия “оролчаси” ҳисобланган бу давлатнинг бугунги кунга келиб фашизм оролчасига айлангани бир ҳақиқатдир.
Ўзбекистон Туркманистондаги каби бир шахсни (Туркманбошини) илоҳлаштириш йўлидан кета олмас эди ва бугун ҳам бу йўлдан кета олмайди. Зеро, бу йўл инсон ва жамиятни руҳан ва ахлоқан ўлдиришнинг энг тубан йўлидир…
Ўзбекистон диктатор Каримов танлаган “янги уйни қурмасдан эскисини бузма” йўлидан, яъни ижтимоий –сиёсий ҳаётнинг бутун соҳаларида янги турғунликни (Брежнев замонида бунга “застой” дейиларди) собит қилиш, инсонни ва жамиятни бўғиш ва бу йулда давлат террори даражасига етган зулм сиёсати йўлидан кетмаслиги керак эди ва бугун ҳам бу йўлни давом эттира олмайди ва эртага ҳам бу йўлдан кета олмайди. Орадан ўтган 20 йилдан кўпроқ муддат Ислом Каримовнинг “янги уй” қуриш ниятининг ҳам ва бу ниятга кўра аниқ бир режасининг ҳам йўқлигини кўрсатди. Яъни, Ислом Каримов бир пайтлар ўзи эътироф этган “мен сиёсатчи эмасан” сўзининг ҳақиқатини шунча йиллик ҳукмронлиги билан исботлади. Бошқача сўз билан айтганда, Ўзбекистон мустақилликдан кейин сиёсатчи томонидан эмас, бир жоҳил чапани, муштумзўр ҳукмдор тарафидан бошқарилди. Диктатор Каримовнинг ҳам, мустақил Ўзбекистонинг ҳам бугунги фожеасининг асосий сири мана шундадир менимча . Биз Ислом Каримов инқирозининг бошқа хусусиятлари ҳақида кейинроқ тўхталамиз. Аммо ҳозирча муҳтарам ўқувчидан давлатнинг сиёсатчи тарафидан бошқарилмаслиги автомобилнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган “шофёр” тарафидан ҳайдалиши каби натижаларга (сурункали аварияларга) олиб келиши ҳақиқатини эсда тутишини истардим…
Демак, Ўзбекистон Каримовнинг ҳам, Туркманбошининг ҳам, Қирғизистоннинг ҳам, Тожикистоннинг ҳам йўлидан кетмаслиги керак эди ва бугун ҳам бу йўлларданн кета олмайди. Шундай экан, бу жаҳолат ва зулм қоронғулигида узоқдан милтиллаб турган бир чироқ, бир нур йўлини танлашдан бошқа чорамиз қолмаётганга ўхшайди менга. Бу милтиллаган чироқ йўли ажабо Қозоғистон ва президент Назарбоевнинг йўли бўлиши мумкинми?
Ҳамон шуни таъкидамоқчиманки, мен бу билан президент Назарбоев танлаган йўлни мукаммал ва ҳеч шубҳа қилмасдан эргашиладиган йўл, демоқчи эмасман. Бу ердаги фикрнинг маъноси зулм ва жаҳолат қоронғулигида узоқларда милтиллаган чироқ нурини кўриш мисолидир…
Бундай тараққиёт йўлини “Ипни ёки жиловни аста секинлик билан бўшатиш” йўли, дея атаган бўлардим. Бу йўлнинг хусусиятлари менимча шулардан иборатдир:
–Давлат ҳокимиятини сиёсий барқарорликни қўриш даражасида кучли ҳолда тутиш.
–Иқтисодий эркинликларни аввалги планга чиқариш. Яъни, инсонларга эркин тадбиркорлик, тижорат, мол мулкка эгалик қилиш ва бу мақсадларда мамлакатда ва хорижда саёҳат эркинлигини таъминлаш.
–Мўътадил дин сиёсатини юритиш.
–Матбуотга юзда юз бўлмасада, жамиятдаги ҳақиқий аҳволни ёритадиган даражада эркинлик бериш.
–Қонун ва ҳуқуқ устунлигини таъминлаш, ҳокимият тармоқлари (Олий мажлис, ҳукумат ва суд органлари) орасида мувозанат ва фаолият мутаносиблигини, ҳокимият органларининг тинч йўл билан алмашиб туриш жараёнини йўлга қўйиш…
Ўзбекистонда афсуски, мустақилликдан кейин бундай оғир бошли, мўътадил, мамлакат тараққиётининг келажагини яхши режалаштириш сиёсати олиб борилмади. Унинг ўрнига муштумзўрлик, яъни ҳар қандай ташаббусни, бу ташаббус эътиқодий, сиёсий, фикрий соҳаларда бўлишидан қатъий назар, уларни бўғиш “сиёсати” амалга оширилди. Бу ерда сиёсат сўзини қўштирноқ ичига олишимиз аслида бунинг сиёсат эмас, тарихда ва замонамизда моҳияти ўзгармаган жоҳиллик эканлигидир. Ўзбекистон диктатори минг афсуски шахсини ва Ўзбекистонни ўзининг мана шундай жоҳиллигига қурбон қилди.

Куни кеча ҳаракатимиз сайтида эълон қилинган “Ота ва қиз террорчилар–қароқчилар” номли мақоламнинг бир қисмини бу ерда айнан келтиришни лозим топдим. Чунки Ўзбекистондай тарихда ва бугунги кунда муҳим ҳисобланадиган давлатни ва бу давлатни йигирма йилдан бери бошқариб келаётган раҳбарни бир сўз билан инқирозга учраган, яъни ягона хусусияти жоҳиллигидир, дея айблаш албатта бундай иддоани далиллар билан исботлашни талаб қилади:
“Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин давлат тузуми диктаторликка айлантирилди. Бу француз ва швед маҳкамалари қарорлари билан ҳам тасдиқланди. Куни кеча БМТ ҳам Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари паймол қилинаётган диктаторлик тузуми эканлигини таъкидлади. (bbc.co.uk/uzbek)

Сиёсий ва диний мухолифатнинг фаолияти таъқиқланди, мухолифатнинг таниқли вакиллари сургун қилинди. Ўн мингларча бегуноҳ инсонлар қамоққа ташланди, улардан мингларчаси ваҳшийларча қийноққа солинди, уларга тажовуз қилинди, ўтди ёндирилди, сувда қайнатиб ўлдирилди. Бундай қийноқлар учун алоҳида “Жаслик” концлагери қурилди.
1999 йилда Тошкентда диктатор Каримов режаси билан террористик портлашлар ташкил қилинди. Бу террор ҳаракатида ўнларча киши ўлди ва ундан кейин яна мингларча бегуноҳ инсон қамоққа ташланди.
2005 йилда Андижонда халқ қатлиом қилинди. Мингларча инсон ўлдирилди, БМТ, АҚШ, Оврупо Иттифоқи бунинг Ислом Каримов қатлиоми эканлигини эътироф қилдилар.
30 миллион Ўзбекистон халқига қуллик раво кўрилди, улар оддий инсон ҳақларидан, яъни фикр билдириш, ўзлари истаган жамият ва жамоатларга аъзо бўлиш, сиёсий партиялар тузиш, матбуот воситалари ташкил қилиш, эркин тадбиркорлик ва тижорат билан шуғулланиш, эркин саёҳат қилиш ҳуқуқларидан маҳрум қилиндилар.
Элу халқнинг кўзи олдида диктатор Каримовга мухолиф фикрлар айтган, аммо ҳеч қандай зўровонлик ҳаракатига қўл урмаган Алишер Соипов, Фуад Шокирий ва Обидхон қори Назаровлар отиб кетилди…

Бу ота ва қиз қароқчи-террористлар ўзбек халқини мана шу шаклда хонавайрон қилгани етмагандек, ватанимизга келган чет эллик сармоядорларнинг мол мулкини зўровонлик билан тортиб олишни ҳам давом эттирмоқдалар. Кеча МТС Уздунробита ширкатининг ходимлари устидан ими жимида маҳкама ўтказилиб (!!!!) уларнинг мол мулки давлат фойдасига (яъни ота ва қиз қароқчи –террорчилар фойдасига) мусодара қилинди ва ушбу ширкат ходимлари қамоқхонага ташланди…
Давлатни бошқараётган шахс ва унинг оиласининг бундай сон саноқсиз жиноятлари Ўзбекистонда давлат деган нарса борми ўзи, деган саволни туғдиради. Давлат нима ўзи? Давлат бир халқ шу халқ ўзи яшайдиган ҳудудда ташкил қилган сиёсий, эътиқодий, миллий ва ҳуқуқий ташкилотдир. Аммо Ўзбекистонда бундай давлат борми бугун? Миллийлик борми? Йўқ! Давлатни бошқаришнинг сиёсий механизми борми? Йўқ! Фуқароларнинг ўзаро келишмовчиликларини, шунингдек давлат ва халқ орасидаги муносабатларни йўлга соладиган ҳуқуқий асослар борми? Йўқ…” (uzerk.org)

Бундай айбловга жавобан, Каримов даврида Ўзбекистон мустақил бўлди, мамлакатда тинчлик сақланди, қанча завод ва фабриклалар қурилди, дея эътирозлар айтилиши мумкин. Бизнинг бу эътирозларга жавоб беришимиз қийин иш ҳисобланмайди:

–Ўзбекистон мустақиллиги тарихий ва ҳатто айтишимиз мумкинки, қадарий жараёнларнинг натижаси сифатида қўлга киритилди. Коммунист Ислом Каримов ҳукуматининг тиш тирноғи билан Ўзбекистон мустақиллигига қарши бўлганлигини билмайдиганлар ҳозирги авлод орасида топилмаса керак.

–Ўзбекистондаги тинчлик ва барқарорлик қабристондаги тинчлик ва барқарорлик кабидир. Чунки бугун ватанимизда жамиятнинг тириклигини кўрсатадиган ижтиомий– сиёсий, маънавий ва маданий жараёнларнинг бўғиб қўйилгани бир ҳақиқатдир.

–Мустақиллик йилларида қурилган завод ва фабрикалар масаласига келадиган бўлсак, Ислом Каримовнинг қўлидан мустақиллик йилларида камида бир триллон доллар пул ўтди. (Деярли чорак асрлик муддатни мамлакатнинг тахминий бюджетига, яъни 40–50 миллард долларга кўпайтиринг). Бу пулларга албатта нималардир қурилиши керак эди. Аммо бу қурилишлар Ўзбекистон халқини қул қилиш эвазига амалга оширилди. Натижада эса халқимиз қуллигича қолмоқда, қурилган заводлар ва фабрикалар эса бу қул халқнинг қорнини туйдира олмади. Бунинг далили энг камида 5 миллион инсонимизнинг мамлакатдаги танг аҳволдан қочиб, хорижга йўл олишидир…

Эътироф этишим керакки, Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли деганда, Тунис ва Миср инқилоблари доимо ақлимнинг бир учида туради (Ливия ва Сурия воқеалиги эмас). Кўнглимга қани энди биз ҳам Тунисда бўлгани каби бир зарба билан диктаторликдан қутулсакда, унинг ўрнига халқимизнинг эътиқодий, миллий ва маънавий қадриятларидан, шунингдек, замонавий тараққиётнинг эркин сайловлар, фикр ва матбуот эркинлиги, саёҳат эркинлиги каби ижобий қадриятларидан (чунки замонавий тараққиётнинг жуда кўп салбий хусусиятлари ҳам бор) фойдаланиб, эркинлик ва адолатга асосланган бир фуқаровий давлатни қуришни бошлаб юборсак, деган ширин хаёллар келади. Булар албатта хаёл эмас, айни пайтда биз амалий ҳаракатларимиз билан интилаётган бир воқеалик ҳамдир. Яъни, биз сиёсий ҳаракат сифатида бу йўналишдаги уринишларимиздан воз кечганимиз йўқ, воз кеча олмаймиз ҳам. Фақат Ўзбекистон ва Тунис орасидаги фарққа ҳам кўз юма олмаймиз:

–Тунис Ўзбекистон каби стратегик (ўта муҳим) геополитик минтақада жойлашмаган. Яъни, бу мамлакатдаги ички жараёнларга ташқи кучлар унчалик таъсир ўтказа олмайди, менимча. Ўзбекистонда эса таъбир жоиз бўлса, “ўтганнинг ҳам, кетганнинг кўзи бор, манфаати бор…”. Яъни, бизнинг қаерда турганимиз ва қаёққа қараб юришимизга ўзимиздан ҳам кўпроқ қизиқадиганлар бор афсуски. Шу билан бирга Ўзбекистоннинг Афғонистон каби ўттиз йилдан ортиқ дунё мажорасининг марказларидан бирига айланган қўшниси бор…

–Мисрга келадиган бўлсак, Ўзбекистондан фарқли ўлароқ бу мамлакат кўҳна давлатчилик удумларига эга. Ўзбекистонда эса давлат, дейилган нарса янгидан иншо этилиши керак. Ислом Каримов мустақиллик йилларида янги давлатчиликка асос сола олмаганини юқорида далиллар билан исботлашга уриндик. Қолаверса, Миср қўзғолонида халқни бирлаштирган ва деярли бир асрлик тажрибага эга бўлган “Иҳвон” ҳаракати ҳал қилувчи ролни ўйнади. Бизнинг мухолиф сиёсий ҳаракатимиз эса ҳозирча бундай кучга ва бундай узоқ тажрибага эга эмас…

Куни кеча турк журналларидан бирида Мисрнинг янги Президенти Муҳаммад Мурсийнинг сайловлардан кейин қилган ғалаба нутқини ўқидим. Биз бу нутқни биродарларимздан бирининг ёрдамида таржима қилиб, ҳаракатимиз саҳифасида ҳам ёритдик. (қаранг: http://www.uzerk.org/archives/13388) Муҳаммад Мурсийнинг “Эй буюк Миср халқи”, дея бошланадиган бу нутқини ўқир эканман, кўзларимдан ёш оқа бошлади: Аллоҳим, бизнинг халқимизга ҳам золим, диктатор режими устидан шундай ғалабага эришишни насиб айла!

Муҳаммад Мурсий, Тоййиб Эрдўғон, Рошид Ганнуший бир томонда…Ўзларининг чириб ириб кетган режимларига ёпишиб олган араб қироллари (подишоҳлари), золим диктаторлар Ҳусни Муборак, Ислом Каримов, Башар Асад ва динни ўз мулкига айлантириб олган руҳоний–роҳиблар (масалан Эрондаги каби) бошқа томонда…Айтинг, эй инсоф аҳиллари биринчилар билан иккинчилар тенгми, уларни бир бирига ўхшатиш мумкинми?

Йўқ, улар асло тенг эмаслар ва асло бир бирларига ўхшамайдилар. Биринчи сафдагилар илмни, адолатни, эркинликни, ҳуқуқни тамсил қиладилар. Иккинчилар сафдагилар эса жаҳолатни, зулмни, қулликни, ҳуқуқсизликни тамсил қиладилар…

Ушбу мақолани “Президент Каримовнинг инқирози”, дея атадим. Унга атайин“Президент Каримов шахсининг ёки сиёсатининг инқирози”, дея ном қўймадим. Чунки Ислом Каримов Ўзбекистонга ҳукмрон бўлган деярли чорак аср давомида сиёсий раҳбар сифатида ўзини кўрсата олмади. Албатта у маълум “сиёсат”ни амалга оширди. Аммо бу сиёсатдан миллий мафкура ҳам, барқарор сиёсий тизим ҳам, иқтисодий, маданий маърифий тараққиёт ҳам туғилмади. Демак, у бу йиллар давомида “сиёсат”нинг ижобий маъносига ярашадиган иш қилмади. Сиёсат фоҳишабозликдир, дейдиганлар билан эса бизнинг ҳеч қандай ишимиз йўқдир. Хуллас, Ислом Каримовнинг президент сифатида қилган нарсаси муштумзўрлик ва жоҳилият иши бўлди. Бу ишни эса сиёсат, дея аташ ноҳақлик бўларди. Шундай экан, зотан инқироздан иборат бўлган раҳбарликни сиёсий инқироз, дейиш абасдир…

(давоми бор)