O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Президент сайлови

Президент сайлови
258 views
30 August 2016 - 7:29

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(70)

ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ

Ўзбекистон  Мустақил  бўлгандан  кейин  ўзининг  мустақил Президентни  сайлаши  керак  эди.  Октябр  исёнидан  кейин эҳтиёткорликни  оширган  Каримов  сайловдан  олдин  Олий Кенгашдаги мухолифларни бартараф қилмаса-да, бетараф қилишга киришди.  Октябрда  минбарга  чиқиб,  ўзига  ташланган  биттасини маслаҳатчи  қилиб  ёнига  олди,  бошқасига  каттароқ лавозим берди ва ҳокозо йўллар билан «мирсаидовчи» гуруҳни  тинчитди.

Ноябрда  Олий  Кенгашнинг Фавқулодда сессияси чақирилиб, декабр  ойига  Президентлик  сайловлари белгиланди. Бизнинг гуруҳ сайловларни  1992  йилда  ўтказилишини  талаб  қилди.  Лекин Каримовнинг  тазйиқи  остида  Кенгаш  сайловларни  1991  йилнинг 29-декабрига тайинлади.

«Эрк»  партияси  сайловда  қатнашиш  қарорини  аввалдан олганди.  Фақат  биз  сайловларни  1992  йилга  кўчиришга  умид қилгандик,  бўлмади.

Мен  Олий  Кенгашда  «Эрк»  партиясининг  сайловларда қатнашиш  қарорини  эълон  қилдим.  Бу  эълон  ҳукуматга  совуқ  сув сепгандек  таъсир  қилди.  Ўша  куниёқ  уйга  одам  юборишди. Ҳозирча  партияни  мустаҳкамлаб  олиши  кераклиги,  бу  қийин даврда  ҳукуматга  келиш  обрўни  тушириши  муқаррар  эканлиги ҳақида  «фойдали  маслаҳатлар»  берилди.  Бу  одамнинг  айтган гаплари,  асосан, тўғри эди, аммо бу тўғри гапдан кўзланган ният  -»Эрк»  ташкилотини  Каримовнинг  қаршисига  чиқармаслик  эди.

Мен  бу  одамга  раҳмат  айтдим,  ташкилот  сайловда  қатнашиш қарорини  олган,  у  билан  маслаҳатлашай,  балки  қарорини ўзгартирар, дедим. Одам қувониб чиқиб кетди. Эртасига саройдан, адабиётчилардан чиққан бир маслаҳатчи қўнғироқ  қилиб:

— Тўғри қарор қабул қилибсизлар,  — деди.

— Нима қарор, сайловда қатнашишми? — деб сўрадим.

—  Йўқ,  қатнашмаслик  қарори,  —  деди  маслаҳатчи,  —  кўрасиз, бунинг  фойдаси кўп бўлади ҳали..!

—  Номзодни  рўйхатдан  ўтказайлик,  қайтиб  олиш  ҳақида гапириш  ҳали эрта, — дедим маслаҳатчига.

— Сизни тушундим,  — деди, севинч билан бечора.

Аммо у мени тушунмаганди. У менинг «қайтиб олиш ҳақида гапириш  эрта»  деганимни  қайтиб  олади,  деб  ўйлаганди.  Агар  бу тасодифий сўз тузилиши бўлмасайди, балки, менинг номзодим ҳеч қачон  рўйхатга  олинмасди.  Албатта,  «Эрк»  партияси  машру, расмий  ташкилот  эди,  у  сайловда  қатнашиши  учун  тарафдорлар имзоси  ҳам  талаб қилинмасди, партия пленумида сайловга номзод кўрсатилса,  бас,  сайлов  комиссияси  бу  номзодни  регистрация қилишга,  қонун  бўйича  мажбур  эди.  Аммо  Ўзбекистонда  қонун Президентнинг  чўнтагида  бўлгани  учун,  у  истаган  нарса  қонуний, истамагани  ноқонуний,  деб  топилаверарди.  Демак,  «Эрк»нинг сайловларда  қатнашувини  Президентга боғлиқ бўлган қонун билан эмас,  ўз  иродамизга  боғлиқ  тадбир  билан  кафолатлаб  қўйишимиз керак  эди.  Ва  биз  буни  кафолатладик.  Энди  Каримов  то  сайлов кунига қадар «Эрк» ўз номзодини эртага қайтариб олади, деб умид қилаверсин,  дедик.

Албатта,  «Эрк»чиларнинг  энг  хаёлпарасти  ҳам  сайловда ғалаба  қиламиз,  деган  орзудан  йироқ  эди.  Биринчидан,  тарғибот учун  ташкилотнинг  пул-маблағи  йўқди.  Давлат  ҳар  бир  номзодга ажратадиган  маблағни  бир  баҳона  топиб  «Эрк»ка  бермаслиги мумкин  эди.  Айнан  шундай  бўлди.  Иккинчидан,  овоз  бериш қутиларини  назорат  қилишга  «Эрк»чиларни  йўлатмасликлари мумкин  эди.  Айнан  шундай бўлди. Учинчидан, сайлов натижалари сохталаштирилиши  мумкин эди, бу ҳам худди шундай бўлди.

Лекин  биз  сайловда  қатнашишга  қарорли  эдик.  Бутун  бу бизнинг  фойдамизга бўлмаган нарсалар ичида битта фойда бор эди. Сайлов  бизга  халқ  билан  юзма-юз  учрашиш,  унинг  дардини тинглаб,  бу  асосда «чоралар программаси» тайёрлаш, айни пайтда партия  ғояларини  тарғиб  этиб,  унинг  ижтимоий  базасини кенгайтириш  имконини  яратарди.

Сайлов  кампанияси  бошланган  бўлса-да,  мен  ўн  кун давомида  Тошкентдан  чиқолмадим.  Сайлов  комиссияси  менга ишончли  вакил  бўлган  одамларни  тасдиқламай,  ўзининг  илк тазйиқларини  бошлаганди  ва  10  куним  ўшанақа  бюрократик тўсиқлар билан «курашга» кетди.

Ниҳоят,  кўрдим-ки,  буларни  енгиш  қийин,  ишончли вакиллардан  воз  кечиб,  Самарқандга  кетдим.  Каримовнинг ватанидан бошладим «юриш»ни. Вилоят  театри  залида  сайловчилар  билан  учрашдим.

Одамларнинг  кайфияти  яхши  эди. Сўзлаган нутқим яхши акс-садо берди.  Савол-жавоблар  самимий  бўлди.  Мажлисни  бошқараётган Самарқанд вилоят раҳбари ҳам ўзини вазмин тутди. Президентдан қўрқиб,  мажлис  руҳини  ўзгартиришга  ҳаракат  қилмади.  Бу  ҳолат эсимда қолди, чунки, кейин ўтказилган барча учрашувларда вилоят раҳбарлари  худди  игна  устида  ўтиргандай  ўтирдилар.  Одамлар менинг  деганларимга  қарсак  чаларкан,  раҳбар  шўрликлар қўлларини  қаергадир  яшириб,  Президентга  ўз  садоқатини  изҳор қилишга  мажбур  бўлгандилар.  Учрашувларнинг  бирортаси,  қисқа хабарлар мустасно, на радио, на-да телевидениеда берилди. Зотан, учрашувлар  ҳам  вилоят  марказларида  бўлди,  ярим-юмалоқ  қилиб ўтказилди.  Сал  чеккароқда  ташкил  қилинганлари  ҳокимият тарафидан  зўрлаб  тарқатиб  юборилди.  Ёки  учрашув  залларининг поли  бўялиб,  сайловчилар  ичкарига  қўйилмади.  Ёки  электрни ўчириб  қўйдилар,  сув  бостирдилар,  ремонт  қилдилар.  Ёки сайловчиларга  Муҳаммад  Солиҳ  фалон  жойда  учрашув  ўтказади, деб  тўртта  адрес  беришди,  бу  тўртта  адресга  одамлар  бориб, президентликка  номзод  келмагандан  кейин,  қарғаб-қарғаб тарқалдилар. Ишқилиб, қизиқ ҳангомалар бўлди бу сайловда.

Сайлов  кампаниясининг  ўрталарида  Саройдан  Шаҳобиддин Зиёмов  келди.  У  билан  суҳбатлашдик.  Нияти  маълум  бўлди. Номзодимни  қайтариб  олиш  учун  илҳомлантирмоқчи,  аммо  очиқ таклиф қилишдан чўчийди. 12-декабрда президент бошчилигида 10 кишилик давлат аркони Туркияга кетаётибди, юқори савияда қабул бўлади, Ислом ака (Каримов) Сизни шу ҳайъатга ўн биринчи бўлиб қўшилишингизни  истаяпти.  Учоқда  сайлов  масаласида  келишиб оласизлар, деди. Мен ўйлаб кўраман, дедим. Аммо Сарой шу қадар шошилган  эди-ки,  дипломатик  паспортимга  Москвадан  виза қўйдириб,  уйга ташлаб кетишибди.

11-декабр  куни  Зиёмов  телефон  қилиб,  «Эртага  кетаяпсиз, унутманг  яна,»  деб  кулди.  Мен  «эртага  кетмайман,  чунки,  ишим кўп  экан,»  дедим.  Нима  ишингиз  бўлса,  Оқсоқолга  айтасиз, илтимос,  бизни  уялтирманг,  деди  Зиёмов.  Мен  қатъий бормаслигимни  айтиб,  уни  уялтирадиган  қилдим.  Бошқа  чора  йўқ эди.  Буёғига  Саройни  умидлантиришда  давом  этиш  мумкин эмасди.  Очиқ  кураш,  тенгсиз,  аммо  машру  курашнинг  пайти келганди.  Энди  Президент  менинг  номзодимни  ҳеч  бир  баҳона билан  рўйхатдан  ўчира  олмасди.  Чунки,  ўзи  телевизорга  чиқиб, алтернатив  номзоднинг  борлигини  тан  олган,  уни  «менинг рақибим,»  дейиш  ўрнига  «менинг  душманим»  деб,  ҳаммани  лол қолдирганди.  Ортиқ  «Эрк»  партиясининг  ҳеч  бир  имконият  ва тайёргарликсиз  давлатнинг  бутун  моддий  имкониятлари  ва ташкилотларига  ҳоким  бўлган  коммунистлар  партиясига  қарши майдон  ўқиганини  бутун  дунё  эшитганди.  Бу  ишни  тўхтатиб бўлмасди.  Қирқ  кунлик  сайлов  кампаниясида  менга  бир  марта телевидениеда  чиқишга имкон бердилар. Ўнбеш дақиқа гапирдим.

Унинг  уч  дақиқасини  Президентга  ҳақорат  қилинган  деб, қайчилашди.  Лекин  менинг  кайфим  чоғ  эди.  Коммунистик партиянинг  ичи  бўш,  иродасиз  бир  маҳлуқ  эканини  кўргандим. Озгина  имкон,  озгина  тайёргарлик  ва  озгина  ғайрат  билан  бу маҳлуқнинг  оёғини  осмондан  келтириш  мумкинлигини  кўргандим.

Сайловдан олдин  биринчи  сабоқ шу бўлди. Иккинчи  сабоқ  —  биз  ўз  кучимизнинг  нимада  эканлигини ўргангандик.  Бизнинг  кучимиз  тўғриликда,  ҳалолликда  ва  биз ташиган  ғояларнинг  самимиятида  эди. Бизнинг кучимиз анъанавий сиёсатни  рад  этиб,  халқнинг  дардлари  билан  чинакамига ўртоқлашганимизда эди. Бир сўз билан айтганда, бизнинг Кучимиз коммунистларга ўхшамаганимизда эди.

Сайловда 12.7 фойиз овоз олдим, бундан на хурсанд, на хафа бўлдим.  Натижалар  сохталаштирилганининг  исботи  сифатида йигитлар  бир  неча  халта  сохта  бюллетенни  халққа  намойиш қилмоқчи  эдилар,  тўхтатдик.  Чунки,  сайловдан  кейинги  босқич ташкилот  учун  жуда  муҳим  эди.  Сайлов  халққа  бизга  нисбатан фавқулодда  кучли  таважжуҳ  уйғотди,  бу  юксак  тўлқинни қочирмаслигимиз  шарт  эди.  Унинг  устига  миниб,  денгизга  томон очилишимиз  зарур  эди.  Майда  нарсаларга  чалғимаслик керак эди.

Ҳукуматнинг  қўшимча  ғазаби  бизга  қўшимча  юк  бўларди,  холос. Ҳисобли  ҳаракат  қилишга  мажбур  эдик.  Шу  мулоҳаза  билан сайловнинг  сохталаштирилгани  ҳақида  кўп  ҳам  шовқин  қилмадик. Сайловдан  кейин  сайловни  кузатган  сенатор  Де  Кенсини бошчилигидаги  ҳайъат партия марказий биносига келиб, биз билан фикр  алмашди…  Уларнинг  гап-сўзидан  неокоммунистик Ўзбекистон  учун  шундай  «сайлов»  ҳам  ёмон  нарса  эмас, қабилидаги  қараш  сезилиб  турарди.  Умуман,  1991  сайловларига барча Ғарб ўлкалари биз кутгандек талабчанлик билан ёндошмади.

Энди  мустақилликка  эришган  ўлка,  дарров  демократия  талаб қилавермайлик, бир неча йилдан кейин, секин-аста демократлашар, деган  умид  билан  шундай  қилинди.  Аммо  бир  неча  йил  ўтиб, аҳволнинг  бешбаттар  бўлишини,  ҳокимиятини  мустаҳкамлаган коммунист  лидернинг  аввал  зоҳир  бўлмаган  атавистик  майллари юз кўрсатиб, ўлка аҳолисини сталинча қатағонга дучор қилажагини ҳеч  ким  билмасди.  Сайлов  деб  аталган  бу  томошадан  менинг эсимда қолган бир ёрқин манзара — бу менинг Фарғона водийсидаги ишончли  вакилим,  ҳофиз  Дадахон  Ҳасаннинг  қайсидир  қишлоқда, бир  уйнинг  деворига  суяниб  турган  сурати.  Бу  уйнинг  олдида, қишда,  декабр  ойида,  биз  ўзимизнинг  юпун  кийинган,  камбағал, бечора  сайловчиларимиз  билан  учрашаётгандик.  Дадахон  Ҳасан деворга  суяниб  тураркан,  унга  сўз  беришганда,  дарров  жонланиб, ҳозиргина  юзини  қоплаб  турган  тундлик  ғойиб  бўлар,  кўзлари чақнаб,  овози  янграб,  кимга  овоз  бериш  кераклиги  ҳақида  куйлай бошларди. Сўзини тугатганда эса, юзига яна тундлик ёйилар, худди ҳозирги  оташин  нутқни  у  гапирмагандай,  нигоҳини  узоққа эмас, ўз ички дунёсига қадаб, деворга суянганча қотиб қолаверарди. Бу  иррационал  манзара  1991  йил  сайлов  кампаниясидан кўнгилни  ёритадиган ягона хотира бўлиб қолди.

(давоми бор)