O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Прокуратура тизимидаги собиқ юқори лавозимли шахслар қўлга олинди

Прокуратура тизимидаги собиқ юқори лавозимли шахслар қўлга олинди
163 views
26 February 2018 - 19:57

Би-би-си радиосининг хабар беришича, қўлга олинган шахслар орасида Бош прокурорнинг собиқ ёрдамчиси, Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси раиси Улуғбек Суннатов, Ислом Каримовнинг собиқ давлат маслаҳатчиси Жамшид Файзиев ва Бош прокуратуранинг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси собиқ бошлиғи Улуғбек Хуррамовлар бор.

Би-би-си манбасининг айтишича, ушбу шахслар собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров иши юзасидан қўлга олинган.

Қўлга олингани айтилаётган Улуғбек Суннатов 2014 йил 9 октябрда Президент Ислом Каримовнинг фармони билан Бош прокурорнинг ёрдамчиси этиб тайинланган.

У 2017 йилнинг 1 феврал куни Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси раиси этиб сайланган.

2017 йилнинг 21 ноябр куни Улуғбек Суннатов Бош прокуратура ёрдамчисидан Тошкент вилоят прокурори лавозимига туширилган.

Бироқ икки ой ўтиб 2018 йилнинг 16 январ куни Тошкент вилоят прокурорлигидан ҳам олинган.

Улуғбек Суннатов собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров 23 феврал куни қўлга олинганидан сўнг ушлангани айтилмоқда.

Улуғбек Суннатовнинг Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси раиси сифатида ишламаётганини ассоциациядаги манба тасдиқлади.

Унинг айтишича, шу кунларда Улуғбек Суннатов ассоциацияни бошқармаяпти ва ишга чиқмаяпти.

Қўлга олинган прокуратуранинг собиқ мутасаддилари ичида Ислом Каримовнинг бир муддат давлат маслаҳатчиси бўлган ва Мирзиёев 2017 йил 2 август куни ўтказган видеоселекторида танқид нишонига айланган Жамшид Файзиев ҳам бор.

Жамшид Файзиев Мирзиёев танқид қилган вақти Тошкент вилоят прокурори лавозимида ишлаган.

Ушлангани айтилаётган Бош прокуратуранинг собиқ раҳбарият аъзоларидан Улуғбек Хуррамов ҳам бор.

Улуғбек Хуррамов Ўзбекистон Бош прокуратураси Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлимининг бошлиғи бўлган.

Бош прокуратура матбуот хизматидан Воҳид Шаропов Улуғбек Хуррамовнинг бўлим бошлиқлигидан ишдан кетганига “анча бўлганини” айтди. Бироқ унинг қачон лавозимидан олиниб, Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлимининг бошлиғининг ўринбосар этиб тайинлагани ҳақида билмаслигини айтди.

16 феврал куни “Озодлик” сайти ўз манбаларига таяниб, Улуғбек Хуррамовнинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлимининг бошлиғи ўринбосари лавозимидан олинганини ёзди.

Бош прокуратура матбуот хизмати сўнгги вақтда Улуғбек Ҳамдамов нима иш қилгани борасида маълумоти йўқлигини билдирди.

9 феврал куни Мирзиёевнинг танқидий рухда ўтган селектори ортидан ишдан кетган Тошкент шаҳар прокурорининг коррупция ва иқтисодий жиноятлар бўйича ўринбосари Мирағлам Мирзаев ҳам қўлга олинган.

Би-би-си манбаси “Мирағлам Мирзаевнинг бутун оиласини қўлга олиш бўйича санкция” берилганини билдирди.

Мирағлам Мирзаев 2014 йил февралида марҳум президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг уйида рейд ўтказишга санкция бергани билан танилган.

Манбалар Мирағлам Мирзаев прокурор ўринбосари бўлса ҳам МХХнинг собиқ раиси Рустам Иноятовга яқинлиги боис катта ваколатга эга эканлигини айтишади.

Би-би-си келиб тушган хабарларда Рашитжон Қодиров иши юзасидан раҳбарият билан яқиндан алоқа қилиб бизнес юритган шахсларнинг ҳам қўлга олингани айтилмоқда.

Қўлга олинганларнинг ичида “InfinBank”нинг “реал раҳбари” деб айтиладиган Фарҳод Мамажонов ҳам бор.

Узметроном.ком сайтининг ёзишича, Фарҳод Мамажонов пластик ромлар ишлаб чиқарувчи Ekopen фирмасига ҳам эгалик қилади.

Интернетдаги хабарларда Фаоҳод Мамажоновнинг “катталар” билан ўта яқин бўлган бизнесмен эканлиги ёзилган.

У собиқ ва айни дамда қўлга олинган Бош прокурор Рашитжон Қодировнинг ўғли Алишер Қодировнинг “ишончли одами” сифатида талқин қилинган.

Бош прокурор ва бошқа мулозимлар билан яқин алоқаси Фарҳод Мамажоновнинг бизнес юритиш учун барча тўсиқлардан озод бўлгани, давлат курсида валюта конвертациясини амалга оширгани ёзилади.

Фарҳод Мамажонов Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан Ўзбекистондаги бизнесларни тортиб олиш ва тўсқинлик қилишга ҳаракат қилгани ҳақида даъволар бор.

Би-би-сида собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодировга алоқадор бошқа шахсларнинг ҳам қўлга олингани борасида маълумот бор.

Уларнинг нима иш қилгани ва бу ишларга қандай алоқадор бўлганлиги борасидаги хабарлар ўрганилмоқда.

ЎХҲ хабарлар бўлими