(Эрнест Хемингуэй таваллудининг 85 йиллигига)
Ҳақиқий китобхон ўзининг севган китобини ҳеч қачон сотмайди. Буни тўғри маънода ҳам, кўчма маънода ҳам тушуниш мумкин. Инқилобчи ўз идеалини, аскар ўз қўшинини сотмагани каби, китобхон ўзининг севимли китобларини сотмайди. Чунки, бу китоблар унинг ҳаёти. У яшаган ёки яшаши мумкин бўлган ҳаёти. У бошидан кечирган ёки кечириши эҳтимол бўлган изтироблари.
Яъни китобхон — потенсиал прототипдир.
Чунки унинг кўксида бир хаёлпараст яшайди. Бу хаёлпараст яхшилик ва ёмонлик ўртасида кетаётган жангда ўз кучини синаб кўришга тайёр шахс. У мавҳум, аммо вақтинча мавҳум.
Дон Кихот образи ритсарларга киноя эмас.
Дон Кихот ашаддий китобхон образи. Балки шунинг учун ҳам бу китобни ўқиётган одам Дон Кихот устидан кулмайди, аксинча, унга нисбатан ҳамдардлик, мунис кадар туяди. Дон Кихот — бутун дунё китобхонларига қўйилган буюк, ғамгин ҳайкалдир. Ҳар бир китобхон ўз қаҳрамонини ўзича тасаввур этади ва бу тасаввурни беихтиёр, ботиний равишда, атрофдан — реалиядан қўриқлайди. Сиз мутолаа қилиб ўтирган одамнинг “кайфи”ни бузганмисиз? У китобдан бошини кўтариб, деярли ғазаб билан қарайди. Бу ҳолат бир лаҳза давом этса ҳам, уни кўриб улгуриш мумкин. Китобхон адабиётшунослар қўллайдиган “прототип” сўзини чинакамига ёмон кўради, ўз қаҳрамонини ўзига ўхшамагани учун ҳам, ўзи кўрмаган ғаройиб ҳодисаларни кўргани учун ҳам севади. Иккинчи томондан, ўша қаҳрамоннинг ҳаётда борлиги уни ҳаяжонга солади. Ўз иродасига қарши, у ҳақиқий ҳаётий ҳақиқатни эшитгиси келади. “Балки, чиндан ҳам У ҳаётдир, фақат ёзувчи тўқиган образ эмасдир”, деган хом хаёл китобхоннинг онгида милтиллаб туради. Лекин “прототип” ҳақида ўқиб, ҳафсаласи пир бўлади. Ва яна ўз тасаввуридаги ҳаётга қайтади, ўз қаҳрамонининг ёнига боради. Дон Кихот сингари шамол тегирмонларига қарши урушни, бир зумга тўхтаган мангу урушни давом эттиради…
Лекин биз ҳозир прототип ҳақида гапирмоқчимиз.
Овга чиққан бир машҳур овчининг кўзи шикастланади.
Унинг дўстлари “агар вақтида даволанмасангиз, оқибати ёмон бўлиши мумкин”, — деб уни қўрқитишади. Овчи аввал бунга эътибор бермайди, лекин ўша шикастланиш натижасида қони заҳарланиб, ўлишига сал қолади. Шундан кейин унинг хаёлига ҳар хил нарсалар кела бошлайди.
Овчи ваҳимачи эмасди. Иккита жаҳон урушини кўрган, Испания республикачилари сафида туриб жанг қилган одамни ваҳимачи дейиш қийин. Аммо шу ҳолда катта ёзувчи бўлса, унинг “ваҳимаси”ни изоҳлаш мумкин.
Бу ҳақиқатдан ҳам, ёзувчи, машҳур овчигина эмас, машҳур романлар муаллифи Эрнест Хемингуэй эди.
Эрнест Хемингуэйнинг “Кўрни етакловчи ит керак” деб номланган ҳикоясининг прототипи — овчи Хемингуэй. Қон заҳарланишидан ўлишга сал қолган овчининг хаёлидан кечган “ҳар хил нарсалар” бу ҳикоянинг негизини ташкил этади. Овчи ҳаёт, иккала кўзи ҳам соғ, лекин ҳикоя қаҳрамони Филипп яқинда кўр бўлиб қолган:
“Биласанми, — деди у, — бу ерга келганимиз яхши бўлди. Мен бу ерда нима деган бўлсам, ҳаммасини эслайман… Бу янги сўз, аммо биз уни ўчирамиз… Бизнинг яхши магнитофонимиз бор ва мен аввалгидан ҳам яхшироқ ёзаман. Агар одам шошилмаса, ҳақиқий сўзларни топиши мумкин. Мен сўзларни айтаётганда, уларни шундоқ кўриб тураман… ”.
Филипп ёзувчи. У ҳам мерган Хемингуэйга ўхшаб, бир пайтлар шер овига борган. Лекин китобхон учун — биз учун Филиппнинг тақдири қизиқроқ. Биз кўзи ожиз ёзувчининг ички драмаси билан яшаймиз. Аммо бу фожеага қанча чуқур кирганимиз сари, кутилмаганда, ўзимиз “истамаган томон”га қараб кетаётганимизни сезамиз: кўлами кенгайиб бораётган руҳий оламга — айнан прототипнинг руҳий дунёсига йўл оламиз. Ўзимиз сезмаган ҳолда ёзувчи Хемингуэйнинг қисмати ҳақида ўйлай бошлаймиз.
Хемингуэй ўзининг “Доимо ёнингда байрам” деб номланган хотиралар китобида ўзининг ёшлиги кечган Парижни эслайди. Ўша пайтда ён дафтарчасига ёзиб қолдирган ёш ёзувчининг (ўзининг) хатлари ёрдамида унинг психологиясини таҳлил этади. Хотиржам бўл, дейди ўз-ўзига ёзувчи. Хотиржам бўл, эртага ҳам индинга ҳам ёза оласан. Фақат эртага давом эттириш учун хамиртуруш қолдирсанг бўлди. Бошлаш эса, унчалик қийин эмас бир сўз, бир самимий сўз топсанг бас, кейин ўзи бошланиб кетади.
Диққат билан қаралса, ёш ёзувчининг вазминлик билан, ўзига ишонч билан ёзган сўзлари замирида ишончнинг тескариси — ўзига шубҳани илғаш мумкин. Бу қоронғида қўрқиб ашула айтаётган боланинг ҳолатига ўхшайди. Хемингуэй кучли шахс. Унинг Италия фронтида кўрсатган мардлигини ҳамма билади. Лекин биз юқорида келтирган ҳолат аскар эмас, ёзувчининг қалбида шаклланган ҳолатдир. Шубҳа — иқтидор ёнида турган иккинчи компонент. Бошқача айтганда, иқтидорнинг сояси: иқтидор қанча катта бўлса, шубҳа ҳам шунчалик баҳайбатдир. “Кўрни етакловчи ит керак” ҳикоясидаги фикр ҳам Хемингуэйнинг “бир кун тўсатдан ёзолмай қолсам, нима бўлади”, деган “ваҳимаси”, уни доим таъқиб этган шубҳа — фано туйғусидир.
Ёзувчининг “ташқи” ҳаётида бу кайфият умуман кўзга ташланмайди. Аксинча, у ҳар хил учрашувларда ўзига ишонган, ҳатто такаббур киши сифатида таассурот қолдиради. Наинки даврларда, ўзининг номи тилган олинган ўз мақолаларида ҳам Хемингуэй иккиланаётган шахс бўлиб кўринмайди: “Африканинг яшил тепаликлари” эссесидан парча келтирамиз:
“- Американинг буюк ёзувчиси ким? — деб сўради Кандидский.
Менинг эрим, — деди хотиним.
— Бизда буюк ёзувчилар йўқ, — дедим мен (Хемингуэй — М.С.) — яхши ёзувчиларимиз маълум бир ёшга борганда ўзгариб қолишади … сал бойигандан кейин, улар яхши яшай бошлайдилар ва бу “яхши ҳаёт”ни таъминлаб туриш учун, истаса истамаса, ёзишга мажбур бўлишади, оқибатда ёзганлари макулатурага айланади …
— Сиз-чи?
— Менинг қизиқадиган нарсам кўп. Мен ўз ҳаётимдан мамнунман. Лекин менга ёзиш зарур, агар ҳар куни “маълум қатор ёзмасам, ҳаёт мен учун ўз гўзаллигини йўқотади” .
Бу ерда ёзувчи алдаётгани йўқ. Бу сўзларга унинг ўзи ҳам қаттиқ ишонади. Бу ишончни қамчилаб турадиган нарса… Яна ўша шифобахш, лекин азобли шубҳадир.
Хемингуэйнинг ваҳимаси аввало жисмоний эмас, руҳий ўлим билан боғлиқ. Бу ердаги ишларни бажаролмай кетишдан қўрққан одамнинг изтироби. Ва ниҳоят, жисмоний ўлимнинг нақадар шафқатсизлиги, унинг кутиб турмаслигини чуқур англаган ёзувчи қарашидир.
Хемингуэй ўзини қийнаган бу ҳисни “Климанжаро қорлари” ҳикоясида яна ҳам кенгроқ кўрсатади: Ёзувчи Гарри (яна “ёзувчи” Африка чангалзорларида ов пайтида, — яна “ов”) оёғини шикастлантиради. Арзимас яра кутилмаганда гангренага айланади. Ҳикоя ана шу ўлимни кутиб ётган одам психологиясининг тасвирига қурилган. Гарри дарахт соясида ётиб, жуда кўп воқеаларни эслайди ва бу воқеаларни энди ҳеч қачон ёзолмаслигини ўйлайди, ғазабланади, гуноҳсиз хотинига заҳрини сочади. Виждон азоби ўлим олдидаги қўрқувдан ҳам устун келади.
Бу ҳикоянинг биринчи қатлами.
Иккинчи қатламдаги фикр ҳар қандай катта ёзувчини ўйлантирадиган, мушоҳадага чорлайдиган фалсафий жумбоқ — жисмоний ўлим ҳақида. Виждон азоби ортида, хотиралар пардаси фонида ўша жумбоқ, ўша тугун ечила боради. Ҳикоя бошида ўлим Гаррининг тепасида айланиб юрган қушлар тимсолида кўринади. Ҳикоя ўртасида у қиёфасини ўзгартириб, Гарри ва унинг хотини ётган чодир атрофида сиртлон бўлиб увиллайди. Ҳикоя сўнгида шаклсиз, аммо нафас олиб турган, кўзга кўринмас махлуқ сифатида пайдо бўлади.
“Климанжаро қорлари”даги ўлим тасвири одамда ҳаётга кучли муҳаббат уйғотади. Ҳаётни кечикиб соғина бошлаган Гаррининг пушаймон тўла соғинчи китобхонни ларзага солади. Гарри ўлаётиб, қайта туғилади. У орзу қилган мукаммаллик чўққиси унинг хаёлида Климанжаро бўлиб гавдаланади. Ҳикоянинг эпиграфини келтирамиз:
“Климанжаро — баландлиги 19.710 фут, ҳамиша қор остида ётадиган тоғ тизмаси бўлиб, айтишларича, Африканинг баланд жойи ҳисобланаркан… Ғарбий қоянинг энг тепасида совуқда музлаб қолган қоплон ётибди. Бу баландликка қоплон нега чиққанлигини ҳеч ким тушунтириб беролмайди”.
Ёзувчи Гарри жони узилар, сўнгги ўзи минган учоқ Климанжаро қорлари томон, қоплон ётган чўққи тарафга бурилганини яққол кўради. Аслида, бу туш эди. Гаррининг сўнгги алаҳсираши эди.
Ҳикоянинг эстетик қудрати ҳикоя муаллифи юрагида тебраниб турган ўша шубҳа кучи билан баравардир. “Кўрни етакловчи ит керак” асаридаги некбинлик ҳам кўзи шикастланган овчи Хемингуэй “ваҳимаси”нинг давоми, холос.
Хемингуэй ўз ҳаётида катта қувончли воқеалар гувоҳи бўлди. Шунингдек, у катта фожеаларни ҳам бошидан кечирди. Испан республикачиларининг мағлубиятини у ўз мағлубияти сифатида қабул этди ва руҳида яна нимадир чатнаганини сезди. “Думбадор генерал (Франко — Хемингуэй ибораси)лар билан курашиш учун яккалик қилаётганини англади. “Алвидо, қурол” романи, ҳикоялари билан дунёга танилиб улгурган, ҳаётга тик қарай бошлаган ёзувчи қалбида яна ўша шубҳа, бу сафар унинг ижтимоий тушунчасини қамраган ҳолда пайдо бўлади. Унинг сўнгги романи “Дарё ортидаги дарахтлар соясида” энг тушкун асарларидан биридир. Бош қаҳрамон Кантуэлл фашист Франкога қарши курашган жангчи, роман финалида ўзини отиб ташлайди.
Полковник Кантуэллниинг отган ўқи — Хемингуэй ўзига отган ўқ эди. Аммо ҳайрият-ки, ўқ ҳавода узоқ учди. Бу ўқ учар экан, Хемингуэй ўзининг энг яхши асарларидан бири — “Чол ва денгиз”ни ёзиб тугатди. Бу қисса унинг одамларга қолдирган сўнгги, ажойиб мероси бўлди. Кейин ёзган асарлари “Чол ва денгиз” даражасига кўтарилолмади.
“Мен бу шимолий америкаликнинг (Хемингуэйнинг — М.С.) кўрсатган барча жасоратларида болалик қилиғини кўраман”, деган эди инқилобчи Эрнесто Че Гевара. Лекин бу қаҳрамонликлар фақат “болалик” эмас эди. Бу — Хемингуэй юрагида муттасил давом этган ўша икки куч — ишонч ва шубҳа курашининг ташқи кўриниши эди. Ёзувчи ўлимдан ҳам руҳан, ҳам жисман устун бўлмоқ учун ўзидаги шубҳани тинимсиз ўлдириб турди.
Шу икки куч ўртасида тўлғониб, умр бўйи юксак идеаллар учун курашган буюк инсон, изтиробли қалб эгаси Эрнест Хемингуэй ўз қаҳрамони полковник Кантуэлл сингари бу дунёни тарк этди …
Прототип йўқ.
Аммо ёзувчи бор, чунки унинг қаҳрамони Ҳаёт — ҳаётдир.
Демак, китобхон ҳам бор. “Прототип” сўзини ёқтирмайдиган, ўжар, хаёлпараст — китобхон.
1984
(11)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (36-41-саҳифалар.)