O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Пул салтанати

Пул салтанати
168 views
14 August 2012 - 11:35

Бундан бир неча йил олдин бир ёш йигит менга шундай деганди: Аввал шунча пул топсам, бу пулларга уй ва машина олсам, кейин сиз айтган ҳақиқат учун курашни бошласам бўлади. Бу йигит айтган миқдордаги пулни эса менинг ҳисобимга кўра бир умр ишлаб топиш мумкин эди… Яъни, ҳақиқат учун курашни пул учун курашга қурбон қилаётган эди бу йигит менинг назаримда…

Пул нима ўзи? Дейлик, шу йигитга у истаган тахминан бир миллион доллар пулни биров берса, у бу пулни нима қилади? Уй ва машина сотиб олади, кейинчи?  Кейин ҳақиқат учун курашни бошлайдими у? Бу сотиб олинган курашчи бўлмайдими? Бу йигитдан қандай курашчи чиқади унда?

Агар ғарб давлатларида яшасангиз, сизга ҳақиқатан шунча пулни уй ва машина сотиб олишингиз учун бирор банк қарзга бериши мумкин. Аммо йигирма ёки ўттиз йилда бу пулни камида беш баравар ортиғи билан қайтариб беришингиз зарур. Яъни, бир миллион доллар ўрнига беш миллон доллар тўлашингиз керак. Қандай қилиб? Албатта, ишлаб, меҳнат қилиб…Бу ғарблик инсонларнинг кўпининг ҳаётида табиий бир ҳолдир. Бу давлатларга кўчиб келган ўзбеклар ҳам бу ҳолни яхши ўрганиб олганларига ишончим комил.

Демак, пулни меҳнатнинг эвазига берадилар. Ўзбекчасига айтганда ишламаган тишламайди…Пул ҳар доим ҳам меҳнатнинг эвазига бериладими? Албатта, истисно ҳоллари бўлиши мумкин. Масалан, яна шу ғарб давлатларида туғма ногиронлар давлат қаромоғидадир. Яъни, уларнинг меҳнат қилиш қобилияти йўқ, аммо ҳисобларига ҳар ойда давлатдан маълум миқдор пул тўланади. Аммо истиснолар қоидаларни бузмайди. Худди шунингдек, отаси золим қирол ва диктатор бўлган фарзандлар ҳам пулни ишламасдан топишлари мумкин. Аммо бу ҳолда пул уларни ишлатади, яъни улар ҳаром пулларни совуриш учун елиб югурадилар, ўзларича “меҳнат”  қиладилар…

Инсоннинг аввал ортирган мол мулки кийим кечак эди. Одам Ота ва Момо Ҳаво ша       йтон уларни алдагандан кейин уят жойларини жаннат дарахтининг япроқлари билан бекитган эдилар. Кейин тақдири ерда яшашни жоиз қилган Одам фарзандлари илк мато, яъни кейим кечакни кашф қилдилар. Бу албатта уларга берилган ақлу фаросат ва бу қобилиятларидан фойдаланиб қилган меҳнатлари туфайли қўлга киритилди. Яъни, аввал инсон яратилди, унга ақлу фаросат берилди, кейин у меҳнат қила бошлади, илк бойлиги кийим кечакни ортирди…Кейин инсонлар турар жой қуришни ўргандилар. Бу ҳам ақлу фаросат ва меҳнат туфайли амалга ошди. Шундан кейин инсоннинг нафси, яъни яхши ёмон орзуларининг “ижодкори” ўзини кўрсата бошлади. Яъни, инсон менинг кийим кечагим, менинг капам, чодирим (уйим), деган иддаоларни ўртага ташлай бошлади. Менинг, сенинг, унинг “фалсафаси” меники сеники, сеники уники, уники меники бўлиши мумкин, деган ҳолатни ўртага чиқарди. Инсонлар турли сабаблар, тўғрироғи эҳтиёжлар туфайли ўзлариники бўлган нарсаларни бошқаларга беришга, бошқаларники бўлган нарсаларни ўзларини қилиб ола бошладилар. Шу шаклда халқ орасида ашё алмашуви ўртага чиқди. Кейин кимдир бу ашёга нарх бичишин таклиф қилди ва бу нархнинг тимсоли сифатида пул ўртага чиқди…

 Инсон, ақлу фаросат, меҳнат, нафс, ашё, унинг нархи, пул…

Замонамизда пул дейиш билан дарров маълум халқ ва давлат ақлимизга келади. Чунки ҳар бир халқнинг ва давлатнинг ўз пули бор бугун. Гарчи бугунги кунда пулнинг обрўйи ниҳоятда ошган, баъзи халқлар ва давлатларнинг обрўйи пулга нисбатан бир пул бўлиб қолган бўлсада… Масалан, пулларнинг қиролларидан ҳисобланадиган “Евро” бугун Европа иттифоқига аъзо бўлган йигирмага яқин давлатнинг умумий пулидир. Немисларнинг машҳур марки, французларнинг франкини “Евро” йўқ қилиб юборгани бир ҳақиқат…

Дарвоқе, пулнинг русчаси “деньги”нинг ўзимизнинг танганинг ўзгарган шакли эканлигини биласизми?  Ёки сўм фақатгина ўзбек ва қирғиз пули эканлигини, манат эса озорбойжон ва туркман, танга эса қозоқ биродарларимизнинг пули эканлигини…

Пул деганда аввал ақлга келадигани албатта доллардир. Бир доллар бугун 3 минг ўзбек сўми демакдир. Биз ўтган асрнинг 90 йилларида Туркияга келганимизда бир доллар беш олти минг турк лирасига тенг эди. Кейин бу рақам бир, бир ярим миллионга лира етди. Ва ниҳоят турк ҳукумати долларнинг “таъзирини” бериб қўйди, турк лирасидан олти нолни бирдан олиб ташлади.Қарабсизки, бугун бир доллар бир лира саксон қуруш (тийин) атрофидадир…

Пул (ўзбекча), деньги (ярим русча), para (türkçe), المال, سفلو (арабча мал, фулус), money (инглизча), penger (норвежча)…Булар пулнинг мен тушунган тиллардаги исму шарифларидир.

Инсоннинг қадри пул билан ўлчанмайди, аммо бугун пул жуда кўп ва катта қадриятларнинг мезони эканлиги ҳам бир ҳақиқатдир. Масалан, давлат бюджетининг ўлчови пулдир. Фалон давлатнинг бюджети фарон пулдир, доллардир. Масалан, Ўзбекистоннинг йиллик бюджети (диктатор Каримов айтишни истамаса ҳам) қирқ эллик миллард доллар атрофидадир. Яъни, давлатнинг даромади ва буромади шундан иборатдир. Агар давлатни бир вужуд ҳолида тасаввур қилсак, пул қон, йиллик бюджет қоннинг умумий миқдори, юрак “вужуд давлатининг бюджетини” тақсимлайдиган раҳбар (Ўзбекистон мисолида маълум диктатор)дир. Маълумки, вужуд органлари қонсиз яшай олмайди, фаолият ҳам кўрсата олмайди…Энди тушунарли бўлгандир пулнинг аҳамияти…

2

Инсон қўлига пул тушганда аввал бу пулга нима сотиб олишини ўйлайди. Баъзан бу ҳақда жиддий ўйлаб ҳам ўтирмайди, чунки кунлик эҳтиёжлар ўзлари “тилга” кириб, пул жониворни қаёққа сарфлаш лозимлигини айтиб туришади. Ақллироқ инсонлар эса пулни нима қилиш, яъни қайси мақсадга сарфлаш ҳақида жиддий бош қотирадилар. Яъни, пулни восита қилиб аввало ўзларининг ақлу фаросталарини, имконларини ишга солиш ҳақида ўйлайдилар. Яъни, инсон (ўғри, муттаҳам, золимлар истисно) бекорга бой бадавлат бўлиб қолмайди. Чунки пул нарх, унинг эгаси ашё, унинг харидори нафс, унинг хўжайини ақлу фаросат (эътиқод нуқтаи назаридан имон) ва бутун буларнинг ҳукмдори ҳазрати инсонни ҳаракатга кечирадиган воситадир.

Пул пулни кўпайтиради, аммо буни судхўрлик билан амалга ошириш энг катта гуноҳ ва қабиҳликдир. Судхўр бировга пулни қарзга беради ва қарздордан маълум муддатдан кейин берган пулини бир неча баробар кўпроқ қилиб қайтариб беришни талаб қилади. Яъни, судхўрлик қиладиганлар фақат ашё ва унинг нархи билан эмас, инсоннинг ақлу фаросати, меҳнати, ижтимоий муносабатларнинг табиийлиги билан ўйин ўйнайдилар. Тўғрироғи инсон ва унинг ҳаётини шакллантирадиган бу қобилиятлар ва муносабатларни қул қилиб олишни истайди судхўрлар. Шундай экан, бугунги дунёмизда иқтисодий муносабатлар ва алоқалар иши судхўрликдан иборат бўлган банк тизимлари тарафидан бошқарилишини қандай тушуниш керак? Бу саволнинг жавоби жуда соддадир: Бугунги дунё тузуми судхўрликни қонунлаштиргани учун ҳам золим ва инсоният учун ноқонуний тузумдир…

Бу масалада ҳукмнинг қатъийлиги чоранинг қулайлигини билдирмайди, албатта. Шунингдек, бу масалада муқобил фикр айтиш дунё тузумини ўзгартириш ҳақида таклиф билдириш маъносига келади. Яъни, бундай фикр билдириш дунёда пулнинг салтанатини, диктаторлигини тугатиб, уни ўзи лойиқ бўлган жойга ўтиртишни билдиради.

Пулнинг ашёнинг қийматини белгилашида, яъни меҳнат ва унга сифат берадиган инсон ақлу қобилиятини ўртага қўйишда восита эканлигида муаммо йўқ албатта. Муаммо бу воситани ҳийла билан ишлатишда, бу орқали инсонларни, халқларни, давлатларни аср олишда, уларнинг тақдири билан ўйнашда, бундай ўйинда урушни восита қилиб, миллионларча инсонларнинг қатл қилинишидадир…

Бу масаладаги ечимни қисқа изоҳлайдиган бўлсак, бунинг учун пулнинг ашёнинг ва хизматнинг нархини белгилашдаги вазифасини мезон олишимиз керак. (Замонамизда пулнинг бошқа вазифалари ҳам мавжуддир). Нарху наво эса инсон иродасига боғлиқ ва боғлиқ бўлмаган омилларга эргашади. Инсон иродасига боғлиқ бўлмаган омиллар илоҳий тақдир белгилайдиган ёмғир, зилзила каби табиат ҳодисаларига оиддир. Маълумки қурғоқчилик, даҳшатли зилзила ва у сабаб бўладиган ер ва сув тошқини (тцунами) каби ҳодисалар нарху навога бевосита таъсир қилади. Инсон иродасининг нарху навога таъсири эса ижобий ва салбий кўринишда бўлиши мумкин. Ижобий ,яъни илмий ва иқтисодий кашфиётлар қилиш билан нарху навога таъсир қилиш, салбий яъни дунё иқтисодини бошқаришни қўлга олиш ва бир тугмага босиш билан дунё иқтисодий вазиятида тўс тўполон чиқариш… Хуллас, эртага нархи навонинг қандай бўлишини назарда тутиб қилинадиган иқтисодий ва молиявий алоқалар ва муносабатларда судхўрликнинг ўрнини маълум ашёнинг (олтиннинг, буғдойнинг) нархини асос олиш билан ҳозирги пул салтанатини тубдан ислоҳ қилиш мумкиндир. Содда қилиб айтадиган бўлсак, инсонлар ўзаро ёки молиявий ташкилотлар (албатта бу бугунги банклар эмас) билан пул муомаласи қилганларида шундай қадр қимматли бўлган нарсаларнинг нархларини асос олишлари керак бўлади. Яъни, бир миллион долларга тенг пул қиймати эмас,  масалан йигирма тонна буғдойга тенг пул қиймати асос олиниши керак бўлади. Яъни олганда ҳам, берганда ҳам шу миқдордаги буғдойнинг нархи асос олинади. (Бу ерда буғдойни мисол сифатида келтираяпмиз. Бу ишда қўлланиладиган модда ёки ашёни ҳар давлат ўзи белгилаши мумкин). Агар инсон иродасининг нарху навога таъсир қиладиган салбий омили ўйиндан чиқариладиган бўлса, бундай пул муамоласи иқтисодий адолатни таъминлашда қулай тадбир бўлиши мумкин.

Демак, бугун пул шундай мудҳиш ва даҳшатли дунё тузумининг қуролидир. Яъни, у  замонамизда давлатлар сиёсати ва дунё сиёсатининг ҳал қилувчи қуроли, айтиш мумкинки у дунёнининг ягона диктаторидир. Бу қурол инсоният сўнгги икки асрда ошино бўлган моддапарастлик дунёқарашининг маҳсули ҳамдир. Яъни, бу дунё тузуми у ҳақда ҳукм бериш билан бир онда ўзгарадиган эмас, йиллар, балки ўн йиллар давомида яна инсониятнинг ақлу фаросатини ва аввало бу масаладаги эътиқодини тўғирлаб олиш билан ўзгариши мумкин. Пулнинг салтанатига фақат мана шу шаклда барҳам бериш мумкин ва уни мана шу шаклда асл ҳоли бўлган ва кундалик ҳаётда турли восита сифатида ишлатиладиган бошқа қоғозлар каби оддий қоғозга айлантириш мумкиндир…

 

 

Намоз Нормўмин,

14 август 2012 йил. Осло, Норвегия.