O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Путин ва Каримов “иттифоқчилик муносабатлари”ни эслашмади

Путин ва Каримов “иттифоқчилик муносабатлари”ни эслашмади
202 views
15 April 2013 - 18:02

130415150347_karimov_putin_304x171_bbc_nocreditКремлда ўтган музокаралар чоғида Президент Ислом Каримов экстремизм ва терроризм хавфидан огоҳлантирган ва Россиянинг минтақада барқарорликни сақлашдаги ролини алоҳида таъкидлаган.

Музокаралар ниҳоясида икки томонлама алоқаларга доир 4 та ҳужжат имзоланган, улар орасида 2013-2017 йилларда иқтисодий ҳамкорликка доир битим ҳам бор.

Россия матбуоти Ўзбекистон раҳбари Қирғизистоннинг Россия сармояси иштирокида қурилиши режаланган гидроиншоот лойихалари масаласини кўтариши, шунингдек, Россия томони МТС масаласини кун тартибига қўйгани ҳақида ёзган, аммо бу масалалар муҳокама этилиб-этилмагани номаълум.

Каримовнинг таклифи

Жаноб Каримов Россия раҳбари Владимир Путинни Ўзбекистонга таклиф қилган.

Кремл матбуот хизмати Ислом Каримовнинг “биз сизни Ўзбекистонда кутиб олиш ва меҳмондўстлигимизни намойиш этишдан мамнун бўламиз”, деган сўзларини келтиради.

Президент Каримов Путинга самимий ва очиқ мулоқот учун миннатдорчилик билдирган.

У Путин билан ҳар қандай учрашув ўзига “хурсандчилик бағишлашини” айтган.

Ўз навбатида Владимир Путин Ўзбекистонни минтақадаги муҳим ҳамкор сифатида кўришларини айтган.

Аммо аввалги учрашувлардан фарқли ўлароқ, бу сафар Путин ва Каримов “иттифоқчилик муносабатлари”ни урғулашмаган.

Бу 75 ёшли Ўзбекистон раҳбарининг ўтган ой юрак хуружи кечиргани ҳақидаги хабарлар ортидан хорижга илк сафаридир.

Ислом Каримов 2012 йилда Путин учинчи муддатга Президент этиб сайланганидан буён у билан Кремлда илк бор юзма-юз музокаралар ўтказган.

‘Ўхшаш жиҳатлар’

Владимир Путин 2000 йилда биринчи марта президент этиб сайланган пайт илк хорижий сафарини Ўзбекистондан бошлаганди.

Таҳлилчилар ҳар икки раҳбарнинг бошқарув усулидаги ўхшаш жиҳатларга эътибор қаратишади.

Путин президентлик пайти Ўзбекистон ва Россия стратегик ҳамкорлик ва ўзаро иттифоқчиликка доир битимлари имзолашган.

Аммо расмий Тошкентнинг сўнгги қадамлари, хусусан, унинг МДҲ Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан чиқиши, кузатувчиларга кўра, амалда бу битимларнинг аҳамиятини йўққа чиқаради.

Жаноб Каримов, шунингдек, Путиннинг учинчи муддат президентлигининг бош лойиҳаси деб эълон қилинган Авросиё Иттифоқи ғоясига ҳам қарши чиққан.

bbc.co.uk/uzbek