Озодлик радиосининг хабар қилишича Самарқандда ШҲТ саммити ўтиши муносабати билан хавфсизлик чоралари мисли кўрилмаган даражада кучайтирилган.
Шаҳарда жамоат тартибини сақлашга қўшни вилоятлардан Миллий гвардия ва Йўл-патруль хизмати ходимлари жалб этилган.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси йўловчиларни 14-16 сентябрь кунлари Самарқанд халқаро аэропорти ёпилиши ҳақида огоҳлантирган.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 15-16 сентябрь кунлари Самарқанддаги ўтадиган саммитида аъзо давлатлар – Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари иштирок этиши кутилади.
Президент Мирзиёев ҳамда Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Путин билан телефон мулоқотларида Самарқандда ўтадиган ШҲТ саммити кун тартиби муҳокама қилинган.
Маҳаллий фаоллар ва кузатувчилар Самарқанддаги фавқулодда хавфсизлик чораларини Украинадаги уруш бошланган илк ойларда “бункерга яширингани” айтилган ва сўнгги ойларда узоқ хорижий сафарлардан тийилаётган Путиннинг хавфсизлик хавотирлари билан боғлиқ эканини тахмин қилишмоқда.
Бу Россия раҳбарининг Украинага уруш бошланганидан буён постсовет давлатларига учинчи сафари бўлади.
Февраль ойидан сўнг Путин илк бор июнь ойида Тожикистон ва Туркманистонга сафар қилганди.
Ўзбекистонлик журналист Марина Козлованинг фикрича, Самарқанддаги мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари айнан Путиннинг саммитга келиши кутилаётгани билан боғлиқ.
“Аэропорт ва мактаблар ёпиляпти, бутун республикадан Самарқандга хавфсизлик кучлари ташланяпти, фақат бир киши учун, у ҳам бўлса Путин. Украинага уруш фонида яқин маслаҳатчиларидан ҳам масофа сақлаб ўтирган Россия раҳбари учун қилиняпти бу чоралар”, – дейди Марина Козлова.
Швейцарияда яшовчи ўзбек фаоли ва тадбиркор Гавҳар Вайбл Путин учун бундай ҳозирликлар Ўзбекистон ташқи сиёсати учун “иснод” эканини айтади.
“Ғарб томонидан санкциялар нишонига олинган ва кўплаб ғарб сиёсатчилари назарида террор давлати сифатида олиниши керак бўлган Россия раҳбари Путинни Самарқандда мактабларни ёпиб, болаларни ўқишидан қолдириб кутиб олиш бу сиёсий кўрнамаклик. Ўзбекистон бир томонлама сиёсий позицияни эгалламоқда. Украина мустақиллик кунига дурустроқ табрик ҳам йўлламади, лекин Путинни оёғи остига қизил гилам тўшашга шай бўлиб турибди”
ШҲТ саммити арафасида маҳаллий блогерларга “салбий” ҳолатлар ҳақида ёзмай туриш тайинланган.
Самарқандлик блогер Темур Саттаров бу ҳақда Facebook саҳифасида ёзди.
“Бу тадбирлар давомида ҳеч қандай салбий нарсаларни нашр этмасликни “сўрашди”. Мен тузумга қарши чиқмайман. У ҳали ҳам бор, мен оилам учун қурбон бўлмайман”, – деб ёзди блогер.
Эрк ДП Хабар бўлими