O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Путин ўзини Пётр I га қиёслади ва вазифаси Россия ерларини қайтариш эканини айтди

Путин ўзини Пётр I га қиёслади ва вазифаси Россия ерларини қайтариш эканини айтди
744 views
11 June 2022 - 13:21

Шу йил февралида Украинага қуролли босқин бошлаган Президент Владимир Путин Россиянинг ўз ерларини қайтариш мақсади ҳақида гапирди ва бу йилги ҳодисаларни 350 йиллиги нишонланаётган Пётр I замони воқеаларига таққослади.

Мана сўзма-сўз иқтибос: “Биз ўзимизни ҳимоя қилишимиз, бунинг учун курашишимиз кераклиги аниқ. Мана ҳозир биз Пётр I нинг 350 йиллигига бағишланган кўргазмада бўлдик. Деярли ҳеч нарса ўзгармаган. Бу ажойиб. Қандайдир тарзда шу хулосага келасиз. Пётр I 21 йил давомида Шимолий урушни олиб борди. Афтидан, у Швеция билан урушаётгандек, ниманидир тортиб олаётгандек эди. У ҳеч нарсани тортиб олмаган! У қайтариб олган! Ҳа, шундай. Санкт-Петербургда у янги пойтахтга асос солганида, Европанинг ҳеч бир давлати бу ҳудудни Россияники деб тан олмаганди, ҳамма уни Швеция деб тан оларди. Ва у ерда азалдан фин-угр халқлари билан бир қаторда славянлар ҳам яшаган ва ҳудуд Россия давлати назорати остида эди. Ғарбий йўналишда ҳам худди шундай. Бу унинг биринчи юришлари – Нарвага ҳам тааллуқли. Нима учун у ерга борди? Қайтариб олди. Ва мустаҳкамлади. У шундай қилди.

Афтидан, қайтариб олиш ва мустаҳкамлаш бизнинг зиммамизга ҳам тушган кўринади”, – дея хулоса қилди Путин кулиб. У Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасида ёш тадбиркорлар билан учрашди ва у ерда Пётр I га бағишланган кўргазмага борди.

Путин бу контекстда Украинага қарши уруш ҳақида гапирмади.

24 февраль куни босқин бошланганини эълон қилар экан, (Путин буни “махсус ҳарбий операция” деб атайди, расмийлар Россия оммавий ахборот воситаларидан ҳам уни шундай аташни талаб қилди) Россия президенти кўзланган мақсад «денацификация» ва «демилитаризация» деди. У: “Бизнинг режаларимиз Украина ҳудудларини босиб олиш эмас”, деди.

Босқиндан мақсад Украина ҳудудини эгаллаб олиш ва режимни ўзгартириш бўладими, деган саволларга Кремль йўқ деб жавоб берди. Унинг матбуот котиби Дмитрий Песков Москва ҳали ҳам Владимир Зеленскийни мамлакат президенти деб билишини айтди.

Шу билан бирга, Украинанинг босиб олинган вилоятларида Россия томонидан тайинланган маъмуриятлар Россия таркибига қўшилиш масаласи бўйича референдумлар ўтказиш режаларини эълон қилди. Бу ҳудудларга Кремль маъмуриятининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко борди. Унга таяниб, ушбу ташрифлар гувоҳлари Кириенко гўёки референдум ўтказишни қўллаб-қувватлаганини маълум қилди. Расмий равишда Кремль аъзолик масаласини Украина вилоятлари аҳолиси ҳал қилиши кераклигини айтади.

Пайшанба куни эрталаб “РИА Новости” Чечен жангчиларига қўмондонлик қилган ва Мариуполни қўлга киритишда иштирок этган Давлат думаси депутати Адам Делимхонов билан суҳбатни эълон қилди. Уларнинг сўзларига кўра, Зеленский ҳокимиятда қолар экан, босқин тўхтамайди.

Песков журналистларнинг “махсус ҳарбий операция” мақсадига ҳокимият алмаштирилмасдан эришиш мумкинми, деган саволларига жавоб беришдан бош тортди. “Мен буни изоҳсиз қолдираман”, деди у.

Зеленский Украина ғалабага қадар жанг қилишини маълум қилди ва Россия қўшинлари 24 февраль кунги ўз позицияларига қайтиш шарти билан Путин билан тинчлик музокараларини ўтказишга рози. Кремль бу шартни рад этади. Украинадаги уруш 106 кундан бери давом этмоқда.

Андрей Захаров, Бибиси Рус хизмати мухбири, “ўтмиш сиёсати” ҳақида:

“Путин Иккинчи жаҳон урушигача яшаган ҳар қандай рус ҳукмдорига бағишланган кўргазма очилишида “ҳудудларнинг қайтарилиши” ҳақидаги нутқини сўзлаши мумкин эди. Бу ҳолатда, у Пётр I портрети фонида гапирди, лекин бу соф расмиятчилик: бу йил у 350 ёшга тўлади, масалан, Александр I нинг яхлит санаси бўлмаса-да, улар буни нишонламайдилар. Аммо Россия президенти унинг портретлари фонида ҳам худди шу нарсани айтиши мумкин эди.

Иккинчи Жаҳон уруши олдидан ва ундан ҳам кўпроқ Пётр I даврида қўшни ҳудудларни зўрлик билан эгаллаб олиш ташқи сиёсатдаги можароларни ҳал қилишнинг мақбул усули деб ҳисобланган. Даъво – уруш – тинчлик, янги ҳудуднинг ғолибга ўтиши: биз ҳаммамиз мактабда чексиз давом этган рус-турк урушлари саналарини ўрганганмиз, уларнинг натижаларини ҳудуд қанчалик эгалланганига кўра ажратишни ўргандик.

Швеция билан Шимолий урушдан кейин Россия эгаллаган ҳудудлар ҳақиқатан ҳам Великий Новгород томонидан назорат қилинган. Аммо уларда фин-угр қабилалари ҳам яшаган, буни ҳатто Путин ҳам тан олади. Хўш, улар Финляндияга кетишлари керакми? Аммо 19-аср бошларида Александр I давридаги рус-швед уруши натижасида Россия қўлга киритган Финляндиянинг ўзи ҳақида нима дейиш мумкин?

Қайси ҳудуд азалдан шу юртга тегишли бўлган ва қайсиниси йўқлиги ҳақидаги баҳс жуда хавфли хулосаларга олиб бориши мумкин. Шунчаки, айнан ҳудудий даъволар сабабли инсоният тарихида юз берган энг даҳшатли уруш бўлмиш Иккинчи Жаҳон урушидан кейин бунақа мавзуларда гапириш одатдан чиқиб қолган. Давлатлар ўзлари жойлашган ҳудудларга эгалик қиладилар. Чегараларни қайта чизиш, масалан, Совет Иттифоқи парчаланиши билан бирга бўлган умумий консенсусдаги каби бўлиши мумкин.

Ғарб сиёсатчилари Россия-Украина урушини шарҳлар экан, кўпинча Путин ўзини ўтмиш сиёсатчисидек тутмоқда, яъни чегараларни куч билан ўзгартирмоқчи эканини айтади. Менимча, кўп тарихий адабиётларни ўқийдиган Россия президенти Пётр I, Александр I, Наполеон ёки Бисмарк шундай қилган экан, демак, мен ҳам буни қила оламан, деб ҳисоблайди. Ва шу маънода, у Иккинчи Жаҳон урушидан кейин тугаган модерн даврнинг қайси сиёсатчисидек бўлишга уриниши муҳим эмас.

Путин и Пётр

Пётр I таваллудининг 350 йиллигидан қўмондон Путиннинг образини яратишда фойдаланилмоқда, деб ёзди “Агентство. Новости” нашри. Пайшанба куни Путин “Пётр I. Империянинг туғилиши” мультимедиа кўргазмасига борди. Нашр бу ташрифни тасодифий эмас, чунки россиялик юқори мартабали амалдорлар сўнгги пайтларда ўз баёнотларида Пётр сиёсатини Путиннинг ҳаракатлари билан тўғридан-тўғри ёки билвосита бир неча бор таққослаб келган, деб ёзди.

Кўргазмага ташриф буюришдан олдин Путин Москвада “Келажак учун тарих. Пётр сиймоси” халқаро форумининг очилиши муносабати билан табрик йўллади. Унда у Россия императорини “ўзини бутунлай Ватанга хизмат қилишга бағишлаган” ва “қудратли, суверен куч” сифатида Россиянинг халқаро нуфузини мустаҳкамлай олган «ватанпарвар» деб атади.

Пётр Европага “дарча очиб”, Россияга кўплаб Европа амалиётларини келтирди. Украина босқинидан кейин эса дунёнинг ўнлаб йирик компаниялари Россиядан чиқиб кетди, мантиқий занжирлар узилди, автомобиль заводлари тўхтаб қолди, кўплаб товарлар савдоси тўхтатилди, Ғарб билан ҳаво алоқалари тўхтатилди.

Апрель ойида Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин Пётр I даври ва Украина билан урушни таққослади. “Энг улуғвор ҳарбий ғалабалардан бирини Пётр I Полтава жангида қўлга киритди. Ўйлайманки, у сўнгги ўттиз йилликда казакларнинг авлодлари бу ерларни нима аҳволга олиб келганини билса, гўрида тик турарди”, деди у “Пётр I ва унинг даври” кўргазмаси очилишида.

BBCUZBEK.COM