Россия президенти 21 апрель, душанба куни Сталин қатағонига учраган Қирим халқларини реабилитация қилиш (оқлаш) тўғрисидаги фармонга имзо чекди, деб хабар беради news.nur.kz нашри.
Миллий лойиҳалар ва демографик сиёсат бўйича Давлат кенгаши мажлисида Владимир Путин: “Мен Қиримдаги қирим-татар халқи, арман, немис, грек ва Сталин қатағонидан азият чеккан барча халқларни реабилитация қилиш тўғрисидаги фармонга имзо чекканим ҳақида билдиришни истардим”, – дея таъкидлаган.
Бундан ташқари, президент мазкур фармонда сўнги йилларда ташландиқ ҳолга келиб қолган, ижтимоий жиҳатдан ривожланмаган ва юридик жиҳатдан эса расмийлаштирилмасдан қолиб кетган баъзи ҳудудларни ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш бўйича чоралар ҳам киритилганини айтиб ўтган.
Маълумки, асрлар давомида Қиримда яшаб келган татар халқини 1944 йилда Сталин гўё немис-фашистларига хайрихоҳ бўлгани учун бир кечада ватанларидан бадарға қилишга буйруқ берган.
Улар Марказий Осиё республикалари, асосан, Қозоғистон ва Ўзбекистонга сургун қилинганлар.
1980 йиллар охирида татарлар ўз ватанлари Қримга қайтишни бошлаганлар.
Бироқ, Украина 2014 йилга қадар сургунга учраган одамларни оқлайдиган қонунни қабул қилмаган, бу нарса кўплаб муаммолар қатори қирим-татарларига ерга эгалик қилиш масалаларида ҳам муаммоларни пайдо қилганди.
Қирим-татарларини реабилитация қилиш масаласи жорий йилнинг 1 апрель куни Владимир Путин билан учрашув пайтида Татаристон президенти Рустам Миннихонов томонидан таклиф қилинганди. Президент Миннихонов қрим-татарларини қатағон қилинган халқ деб кўришни ва 1991 йилда Россия Федерацияси қабул қилган “Репрессияга учраган халқларни реабилитация қилиш ҳақида”ги қонуннинг қирим-татарларига ҳам тадбиқ қилиш таклифини илгари сурганди.
Маълумки, 1991 йилда Россия Федерацияси қабул қилган “Репрессияга учраган халқларни реабилитация қилиш ҳақида”ги қонунда бутун бошли халқни жазолаш ноқонуний бўлгани қайд қилинган, қатағонга учраган халқ вакилларига товон тўлаш ва тарихий ватанига қайтиш ҳуқуқлари берилган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 17 апрель куни Украина Олий Радаси ҳам қирим-татарлари миллий ҳаракатининг тан олинган раҳбари Мустафо Жамилов томонидан ишлаб чиқилган “Миллий мансублигига кўра депортация қилинган шахсларнинг ҳуқуқларини қайта тиклаш тўғрисида”ги қонунни қабул қилганди.
Муҳокама жараёнида депутатлар мазкур қонуннинг авваламбор қирим татарларининг ҳуқуқларини қайта тиклаш билан боғлиқ эканини таъкидлагандилар.
ЎХҲ ахборот бўлими