O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Раддия

Раддия
24 views
10 November 2012 - 9:23

Отанзар Ориф: “uznews.net  сайтини “Эрк” партияси ҳақида айтганлари провокация, аксил-ислом ва антидемократик ва Ўзбекистонда ёлғон устуворлигини қувватловчи гаплардир”.

Менинг учрашувларим ҳақидаги АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси тарафидан 6-7 йил юборилган номалардаги фактларни хотирада жамлаб, таҳлилга солиш бугун муҳим кўринмаётир.

Шунинг учун 06.11.2012 ББС радиосининг Муҳаммад Солиҳ ҳаракатлари ҳақидаги саволларига жавобимда беихтиёр ноаниқликларга йўл қўйибман, бунинг учун радиотингловчилардан узр сўрайман. Аслида “Эрк” лидери Муҳаммад Солиҳнинг «Ҳизбут-Таҳрир» вакиллари билан ҳеч қандай учрашуви бўлган эмас. Бу ҳақида элчининг ўша номаларида ҳам фактлар келтирилган эмас.

АҚШ элчисининг келтиргани фактларни талқин этишида баъзи шубҳали ўринлари бор эканига қарамай, биз АҚШ элчисининг нияти, жиноят уйдириш бўлмагани, Ўзбекистон ҳуқуқ тизимларида кенг қўлланилганидай, номаларга кимдир тўқиб чиқарган кенг жиноятлар сценарийсини тиркаш бўлмаганига аминмиз.

Лекин, 05.11.2012 «Партия “Эрк” ведет тайные переговоры с исламистами», деб аталган мақоладан аён бўлишича, uznews.net сайтининг мазкур масалага ёндошуви, Ўзбекистондаги АҚШ элчисининг нияти ва талқинидан тубдан фарқ қилади. uznews.net нинг ёндошуви – ҳақиқатни аниқлаш ва баён этиш эмас, аксинча бор ҳақиқатни бузиб кўрсатишга йўналгандир.

Шу сабабдан, биз таҳририятнинг баъзи иддаоларига тўлиқ таҳлилга даъво қилмаган ҳолда, қисқача тўхтаб ўтишни лозим топдик.

1. Мақола сарлавҳаси ва унга тиркалган суратнинг ўзиёқ провокация учун етарлидир.

Сарлавҳада “Эрк” партияси исломчилар билан яширин музокаралар олиб бораяпти” дейилади.

Мақола матни эса менинг 2004-2007 йилларда «Ҳизбут-Таҳрир» вакиллари (уларнинг таъкидлашича, “раҳбарлари”) билан уч марта учрашганим, ва “Ислом ва Демократия” мавзусида баҳс-мунозаралар ҳақидаги маълумотлардан иборат. Демак, сарлавҳа мақола мавзусини баён этмайди, «Викиликс» сайтида эълон қилинган маълумотларга тўғри келмайди ва сарлавҳа таҳририят тарафидан уйдирилгандир.

Муҳаммад Солиҳ тасвири, “Эрк лидери ўзининг консерватив қарашлари ва эркинликни қабул қилмаслигини яширмайди” деган таъриф билан асосий иллюстрация ўлароқ қўйилган. Лекин, матнда партия лидерини исломчилар билан алоқасини тасдиқлайдиган бирорта факт йўқ.

Тасвир остидаги таъриф провокацион иддаодан иборат, ва АҚШ элчисининг номаларига мутлақо алоқаси йўқ.

Таҳририятнинг бу иддаолари қаердан чиққан ва муддаоси нима? Нима учун Муҳаммад Солиҳ тараққиёт ва эркинлик душмани сифатида таърифланган? Ҳақиқатга зид бундай иддаоларнинг манбаси қани?

Тараққиёт ва эркинликнинг аниқ мезонларининг (ва ўлчовларининг ҳам), тараққиёт ва таназзул критерийларининг йўқлиги, шубҳасиз, жамиятда бўлаётган ўзгаришларни ҳақиқатдан узоқ, мана шундай ўзбошимча ва пала-партиш иддаоларга олиб келади. Зотан айнан шундай иллат билан Ўзбекистондаги сиёсат йўналиши ҳам хасталангандир.

Айнан ушбу иллат бугунги Ўзбекистонда ёлғон устиворлигининг асосий манбаидир.

Ҳақиқий мусулмоннинг кўзқарашлари “консерватив” бўлмайди. Муҳаммад Солиҳ эса ҳақиқий мусулмондир. Интеллектуал эркинлик маъносида мен Муҳаммад Солиҳдан ҳам эркинроқ кишини билмайман.

Мақола матни шунга ўхшаш яна кўп бошқа провокацион иддаолар билан тўла, лекин биз шу ерда тўхтаймиз.

2. Исламофобия – кенг тарқалган эски касаллик, унинг бош симптоми мусулмонларни сиёсатга киритмаслик ва яқинлаштирмасликдир. Ўзбекистонда исломофобия – давлат  сиёсатининг асосини ташкил этади ва мусулмонларнинг сиёсатга ҳар қандай аралашуви дарҳол экстремизм, терроризм, радикализм ва ҳ.к.лар деб қаралади.

Uznews.net мақоласида эса исламофобия симптомлари яққол кўриниб турибди. “Ҳизб-ут-таҳрир” ҳақида ёзаркан, таҳририят уларни “исломий радикаллар” деб атайди, аммо уларнинг радикаллиги нимада намоён бўлаётганини тушунтирмайди.

Мусулмонларни сиёсатга яқинлаштирмаслик ўз даврида сиёсатдан йироқ бўлган ва “қисқартирилган ислом”ни пайдо этганди. Лекин “қисқартирилган ислом”– ортиқ ҳақиқий Ислом эмас ва шунинг учун ҳукмрон режим қўлида айнан мусулмонларга қарши қирғин қуролига айланди.

3. “Эрк партияси исломчилар билан махфий музокаралар олиб бораяпти” деб иддао қилаётган Uznews.net эркинлик ҳақида қанча гапирмасин, эркинликнинг бошқаларда пайдо бўлишига ўзининг тоқатсиз эканини намоён қилмоқда. У ёзади: “Эрк” лидерлари 20 йилдан ортиқ вақт давомида демократия тарафдори эканлигини таъкидлаб келаётган бўлса-да, бироқ «Викиликс» эълон қилган номалар мухолифатчиларнинг исломчи радикаллар билан бирлашишга тайёр эканлиги ҳақида маълумот беради”. Инсонларнинг асосий эрки, мулоқот, баҳс-мунозара ва ўзгалар билан фикр алмашиш каби тамал эркинликлари устидан қоровуллик қиладиган демократия – қандай демократия экан?

Сўзим якунида, кишиларнинг асосий эрклари ҳақидаги, мисол учун, Ислом, Демократия, Тараққиёт, Эркинлик каби Uznews.net ҳақидаги  тасаввури ва тафаккуридан хулоса қиладиган бўлсак, уларнинг чоп этган мақолалари тўлиғича Ўзбекистондаги ҳукуматнинг кўзқарашини акс этаётганини кўрамиз.

Шундан сўнг, Uznews.net нинг “Эрк” партияси ва лидерига қарши бўлган нафратини кўпчиликка сингдиришга уринаётганлиги тушунарли бўлади.

Отаназар Орипов
“Эрк” партиясининг Бош котиби
[email protected]+998903166531