Нарзулло ОХУНЖОНОВ
МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(эллик бешинчи мақола)
РАДИО ҲУДУДИГА КИРИШ ТАЪҚИҚЛАНДИ
ёхуд
ЎзМТРК ХОДЖАЕВНИНГ ЧОРБОҒИМИ?…
2013 йил 6 сентябрдаги чок-чокидан узилиб-бузилиб кетган буюртма мажлисдан кейин кўп вақт ўтмасдан менга Шодиёр Ҳазратқулов қўнғироқ этиб қолди. Салом-аликдан сўнг у “Нарзулло ака, катта янгилик чиқиб қолди, эшитдингизми- йўқми?” деб қолди.
-Нима гап, тинчликми? дедим. “Эй нимасини айтасиз ака. Буюртма йиғин бўлиб ўтган куннинг эртасига ҳар доимдагидек ишга боргандим. Ҳужжатни кўрсатиб постдан ўтаман десам мени радионинг ҳудудига киритишмади. Хуллас, ўз ишхонамга қўйишмади. Менга 2013 йилнинг 7 сентябрь кунидан бошлаб ишхона-радио ҳудудига киришимни таъқиқлашибди. Менимча, бу иккаламизга нисбатан ҳам қўлланилаётган чорага ўхшайди. Шу боисдан орқага қайтиб кетишга мажбур бўлдим. Нималар бўлаётганлигини тушуна олмаяпман” деди. Мен эса: “Парво қилманг ука, сиз билан биз эмас, балки нималар бўлаётганлиги-ю, қанақанги қовун тушираётганлигини анчадан буён МТРК раҳбариятининг ўзи ҳам тушунмаётгандек”, дея жавоб қилдим. Шу билан гапимиз қисқача бўлди.
Ишхонага бордим. Ҳужжатимни кўрсатиб постдаги темир тўсиндан ўтаман десам, менга ҳам худди шундай таъқиқ қўйилганлигини ўша ердаги қўриқчи милиционерлар айтиб қолишди ва: “Узр, биздан хафа бўлманг, топшириқ шунақа бўлди”, дейишди. Бу ҳолатдан унчалик ҳам ажабланмадим ва уларга: “Унда нима қилишим керак, ахир ичкарида керакли нарсаларим бор, олишим керак”, дедим. “Раҳбариятга чиқинг!” дейишди. Шартта “Ўзбекистон” телерадиоканали раҳбари Олим Тошбоевга сим қоқдим. Олим эса бундай ҳолат бўлиш-бўлмаслигини радио бўйича ўринбосари Султонпошша Ёқубовадан сўрашлигимни айтиб қолди. Бошланди сансоларлик…
Шу онда туриб-туриб бирдан бу Ходжаев деган нусханинг нақадар пасткашликларга борганлиги кўз ўнгимдан кинолентадек бир-бир ўта бошлади… Бироз туриб С.Ёқубовага ҳам қўнғироқ қилдим. Тўғриси, кейинги пайтларда телефонда гаплашиш имкони пасайиб қанақадир овоз-шовқинлар пайдо бўлиб борган сари алоқа мураккаблашиб бораётганди. Шунинг учун бўлса керак бу опахоннинг ҳам гапини унчалик тушунмадим. Шундан сўнг уйимга қўнғироқ қилиб турмуш ўртоғим билан гаплашдим-да, тезда болаларни олиб радио уйининг ёнига келишини уқтирдим. Оиламга қисқагина қилиб вазият ҳақида тушунтириб, тўғри президент аппаратининг олдига бориб норозилик акцияси ўтказиш зарурати туғилганлигини айтдим. Аммо турмуш ўртоғим бундан бир наф чиқишига кўзи етмаслигини айтди ва биз у ерга бормадик…
Бир пайт кўп вақт ўтмасдан қаердандир С.Ёқубова пайдо бўлиб қолди. Ундан нималар бўлаётганлигини сўрадим. У эса ҳансираб-каловланиб қолди. Бу орада ичкарига мени қўйишга рухсат бўлган шекилли. Шунда ҳам бу рухсат фақатгина уч-тўртта милиция ва битта хавфсизлик ходимининг кузатуви остида бўлиб, ўз ишхонамга маълум бир вақт оралиғидагина бир мартага кириб-чиқишим мумкин эмиш. Шундоқ ҳам ичкарига тўрт-беш кишининг назорати остида кириб борганлигимни яхшигина ҳис қилиб турардим. Бу ҳолатга деярли эътибор қилмадим. Биргаликда ичкарига кирганларнинг барчаси иш кабинетимга кириб баъзи керакли нарсаларимни олгунимга қадар эшикнинг тагида коридорда кутиб туришди.
Ҳали ташқарига чиқмасдан радиоканал бўйича директор ўринбосари Ёқубовадан ушбу ҳолатни тушунтириб беришни сўрадим. Шунда у куни-кеча бўлиб бузилиб кетган мажлис “қарор”и асосида худди шундай хулосага келинганлигини тушунтиришга ҳаракат қилиб кўрди. Мен эса у йиғинда ҳеч қанақа қарор қабул қилинишига ҳеч қанақа имкон ҳам бўлмаганлиги ва мажлис охири ғала-ғовур билан тугаб барча ходимлар тарқалишиб кетганлигини ҳар қанча тушунтирмайин, барибир у шундай йўл тутилганлигини айтишдан чарчамасди.
Демак, бундан яна бир бор шундай хулосага келиш мумкин: Яъни ушбу мажлис ўтказилмасдан бурун унинг “сценарий”сига кўра, олдиндан унинг “қарор”и ҳам аввалдан ёзиб тайёрлаб қўйилган… Шунинг учун ҳам бўлиб ўтган йиғинни Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг раиси Алишер Ходжаевнинг ҳийла-найранги доирасида ишлаб чиқилган буюртма дейишга барча асосларимиз бор ва бу “қарор” ўз навбатида фикримизни тасдиқловчи муҳим омил бўлиб ўртага чиқди. Бу билан тахминларимиз тўғри чиққанлиги ва шу аснода ўз тасдиғини топганлигига яна бир карра амин бўлдик.
Агар эсингизда бўлса илгариги мақолаларимизда ёзилганидек, телевидение ходими Мастура Фармоновага ҳам худди шундай усул қўлланилганди.
Энг қизиғи шундаки, ҳали ходим ўз хоҳишига кўра аризаси билан ёки қонун доирасидаги бирон бир мажбурий тарздаги буйруқ билан ишдан четлатилмасдан бурун унинг ўз ишхонасига кириши таъқиқлаб қўйилаётганлиги камдан-кам учрайдиган ҳолат эди. Ҳақиқатдан ташқаридан қараганда амалиётда бундай усул билан ходимга тазйиқ ўтказилишига уринилиши ҳар қандай вазиятда ҳам ғалати туюлиши табиий. Бу кейинги пайтларда тизгини қўлдан ва йўлдан чиқиб кетган МХХдан чиққан баъзи бир кадр-зобитлари учун хоҳласа бемалол қўллаши мумкин бўлган ноодатий усул-услублардан биридир, эҳтимол?…
Лекин бундайин ҳаракатнинг амалга оширилишини мавжуд қонун-қоидага нечоғлик мос келиши катта савол остида қолаётганди.
Бундан ташқари, ЎзМТРК ҳудудига киришни таъқиқлаш амалиётини ҳали жамоага ушбу қарорни тасдиқлатмасдан туриб уни қандайдир буюртма шаклида ўтказилган “йиғилиш қарори” дея кучга киритилишининг ўзини ҳам қанчалар ҳийлакорликнинг, финтакорликнинг маҳсули эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Шунақа, ўзида тулкиликни касб этган раҳбар ўзи хоҳлагандек йўриққа юрдиролмаганларга нисбатан турли ноқонуний усулларни қўллаш асносида “тегишли чораларни кўриш”и одат тусини олганди. Ходжаев деган маккор бундай ҳатти-ҳаракати билан аллақачон телерадиокомпанияни ўзининг хусусий ширкатига, деҳқонча қилиб айтганда, чорбоғига айлантириб бўлганди. Яъни ўзгача дунёқараш соҳиби, мустақил фикрига эга бўлган ҳар қандай ходим борки, бу тоифадагилар мунтазам равишда кузатув-таъқиб остида бўлиб ҳар бир қадами ўлчанадиган даражагача етиб борганлиги сир бўлмай қолганди. Айниқса, ижодкорлар қатламининг тизгинини янада мустаҳкамроқ ушлаб, иложи борича уларни жиловлаб туриш сиёсати хавфсизлик хизматидан чиққан зобит-полковник Алишервой раҳбар бўлиб келганидан кейин анча авж нуқтасига чиқди. Бундан ташқари, яна бир аломатли томони ва хусусияти шундаки, илгарилари телерадиокмпанияда узоқ йиллар мобайнида раис лавозимида ишлаб келганлар ҳам ҳаттоки, ушбу даргоҳнинг дарвозасига йўналтирилмайдиган бўлди. МХХнинг турли найранглари-ю турфа тубанликларини ўзида ўзлаштирган бу айёр-кадр кўп йиллар мобайнида шу маданият ўчоғига меҳнати сингган инсонларни ҳам компанияга яқинлаштирмаслик даражасигача бориб етди.
Президент ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари Алишер Ходжаевнинг Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига раҳбар бўлиб келмасидан аввал ушбу даргоҳда устоз-шогирдлик мактаби бор эди. Компанияда меҳр-оқибат, бир-бирига ҳурмат-иззат, эҳтиром, бир-бирини йўқлаш, очиқ чеҳра билан бир-бирига боқиш, ҳеч нарсадан чўчимаган ҳолда бемалол суҳбатлашиларди, бу борада ходимлар ўртасидаги илиқликни ҳис этиш қийин эмасди. Биров-бировдан чўчимасди. Ходжаев деган бир ола-ҳакка келди-ю, ҳамма нарса ағдар-тўнтар бўлиб чок-чокидан сўкилди-кетди. Бор мактаб ҳам йўқ бўлди, тўғрироғи, махсус амалиёт асосида йўқ қилинди.
Компаниядаги кўпгина ходимлар бир-бирига шубҳа билан боқадиган бўлиб қолишди. Икки киши гаплашиб турган жойга учинчи киши келиб қўшилдими, суҳбат дарҳол тўхтатилиб мавзу бутунлай бошқа ёққа буриб юбориларди ёки суҳбат тўхтатилиб, қисқача хайр-хўшлашишга ўтилиб, тарқалиб кетиларди. Хавфсизлик кенгашида ишлаб юрган вақтидаёқ “мини-чипчи” деб танилган ва довруғ таратган Ходжаев ҳаттоки, телерадиокомпаниянинг ҳар бир ҳожатхонасига ҳам яширин микрофон-камерасини ўрнатганлиги ҳақидаги гаплар пайдо бўла бошлади. Чунки, кейинги пайтларда ҳожатга кириб чиқадиганлар ҳам жуда эҳтиёткор бўлиб қолганлиги бежиз бўлмаган. Буни режим хизмати ходимлари ўзлари сездириб-билдириб қўйишган.
“Махсус”чилар кечаси тун ярмида хотин-қизлар ҳожатхонасига кириб махсус мослама ўрнатаётганларида тунги навбатчи-муҳаррирлардан бири худди шундай амалиёт олиб борилаётганлигининг устидан чиқиб қолган ва унинг гувоҳи бўлган. Шундай қилиб, Алишер Ходжаев томонидан миллий телерадиокомпаниядаги деярли барча ҳожатхоналар ҳам микрофон-камералаштирилиб тўлиқ назоратга олиниши асносида “забт” этилган.
Уят-е, ўз ходимларингга, ўз халқингга ишонмасликда шу даражага ҳам борасанларми? Ҳалиги… “Иштонсизнинг чўпдан ҳам хавфи бор”, деб доно халқимиз бежиз сўйламаган эканда-а?…
19.02.2016 йил.