Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг сўнгги мажлисларидан биттасида биродарларимиз Ҳаракатга бир йилда бир марта тўланадиган озгина миқдордаги аъзолик бадалини бир йил муддат ичида тўламаган аъзоларнинг харакатдан чикарилиши ҳақида масаланинг кун тартибига қўйилишини истадилар. Ўтган йили ЎХҲ Муассислар Мажлисининг биринчи йиғилиши шунга қарор қилганди. Бу талаб қуйидаги мақолани ёзишга туртки бўлди.
“Ҳаракат аъзолари майли, сен-чи, сен бу ҳаракатнинг раҳбари сифатида бадал тўлаяпсанми”, дея, ўзимдан сўрадим. Чунки жамиятникими, фирқаникими, ширкатникими – фарқи йўқ, раисликнинг ҳам бир бадали бор. Бу бадал нафақат моддий бадал балким, унданда анча оғирроқ ва машаққатлироқ бўлган маънавий руҳий тўловдир. Энг оғир бадал бу – бир мамлакатнинг золим хукмдорига қарши кўнгилли равишда тўпланган бир жамоа(мухолифат)нинг раиси тўлайдиган руҳий бадалдир.
Чунки бундай раис бир тарафдан ўша золим ҳукмдор зулми, иккинчи тарафдан ўша “кўнгиллилар” ўртасидаги ихтилоф ва рақобат ичида яшашга маҳкум. Золим ҳукмдор тарафидагилар ўша раисни мамлакатни бошқарувини ноқонуний равишда ўз қўлига олишга интилаётганликда айбласа,” кўнгиллилар” уни мамлакатни бошқарувини ҳали ҳам қўлга олмагани учун айблайдилар. Боз устига, уни “ҳокимиятда 20 йил ўтирган “ ўша золим хукмдор билан тенглаштирадилар.
Бу раисликнинг бадалидир…
Камина сиёсатга ўз ихтиёри билан кирган бир инсон эмаслигимни хотираларимда ёзгандим.Табиатан аксилсиёсатчи эдим. Совет даврида Совет сиёсатчиларига қарши мақолалар ёзиб, ўзимизнинг сиёсатга кириб қолганимизни билмаганлар авлодидан эдик. Шу маънода, “раислик бадали”ни раис бўлмасдан аввал тўлай бошлаганимни эътироф этмоқчиман.
1983 июн ойи. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида мунаққид Иброҳим Ғафуров каминага хитобан “Шеърингизни тушунтириб беринг”, дея мақола ёзди. Ҳолбуки, мен шеърларни одамлар тушунмасин, дея ёзганим йўқ эди. Аксинча, тушунсин ва дунёни мен каби кўрсин, деб ёзгандим. Аммо замон “Ғафуровлар” замони эди, камина социалистик реализмга зид бўлган кайфият – тушкунликда айбланди. Бу норасмий ва илк айбнома эди. Мен шу кундан бошлаб “норасмийлар”(“неформалы”) шажарасининг “пионери” бўлдим. Ва қора рўйхатнинг илк қаторларидан “муносиб” ўрин олдик. Китобларимиз нашриётларда тўхтатилди. Ортимизда илк бор КГБ “исковучлари” пайдо бўлди.
Бу ҳам бир бадал эди, кичик, аммо – бадал.
1984 куз ойида ЎзКомпартия тарафидан бошланаган миллий қадриятларга ҳужумга қарши норозилик мактубига имзо тўплаш учун майдонга чиққанимизда бутун даврларнинг маддоҳ шоири А. Ориповнинг ” бу олифталарга нима керак ўзи, Ленин бобо ўрнидан туриб таъзим қилсинми буларга? ” деган дашномларига нишон бўлдик. Кун тартибига Ёзувчилар Уюшмасидан ўчириш масаласи қўйилди. Бу ҳам бир бадал эди. Кичик, аммо – бадал.
1988 йил “Бирлик” ташкилоти тузилганда, унга исм берган ва унинг илк дастурини ёзган камина эди. Аммо бу ташкиилотга раис бўлмаслик учун ўзим яхши танимаган биттасини раисликка таклиф қилган ҳам мен эдим. Уни раисликка ўтказиш учун дўстларимга қайсидир маънода тазйиқ этганимни ҳам тан оламан. Сўнгра, йиллар давомида бу кимсани “Бирлик”ка раис қилганликда айбланиб, ҳақоратларга нишон бўлаётганимизни ҳам кўпчилик яхши билади.
Бу ҳам бир бадал эди.
Умрим тақвимига қараб мавзуга оид яна бир-неча ҳодисани эслайман. 1999 йил феврал портлашларининг менинг зиммамга юкланганига ягона сабаб – менинг режимга мухолиф жамаога раҳбарлигимдир. Бутун халқни жунбушга келтириб, баъзи маҳаллий муллаларга бизни қарғаб хутба ўқитган ўзбек диктатори бу билан каминага “раислик бадалини” тўлатди.
Укаларим Комил, Муҳаммад ва Рашид Бекжонларни ҳибсга олиниб, йиллар давомида қийноқларга тутилгани ҳам айнан шу мезондаги “бадаллар” дан биттасидир.
Ҳукуматни тушуниш мумкин, майли, унга биз ўз танлаган йўлимиз учун “бадал” тўлаяпмиз.Бу биз учун табиий бадалдир. Душманга курашиш принципи осон: ё ғозий ё шаҳид. Аммо дўст бўлиб, гўё сен билан бир ғояга хизмат қилишга бел боғлаган кишилар билан “курашиш” энг оғир вазифа. Энг оғир бадаллар тўлашга мажбур қилган воқеъалар ҳамиша ўз сафларимиздан келди.
Ўтмишга қараб, бир-нечта нуқтани эслайман:
Сана 1992 йил 5 май. Ўзбекистон Президентлиги курсисида ноқонуний ўтирган киши каминани ҳузурига чақириб, “Ўзбекистон Демократик Кучлар Форуми” номи остида тўпланган мухолифатни тарқатиб юбориш эвазига, давлатдаги энг катта икки лавозимнинг биттасини олишни ва ЭРК партиясига бир-нечтa вазирлик беришини таклиф қилди. Мен бу таклифни рад қилдим. Бу рад жавобининг аввало ахлоқий, сўнгра сиёсий сабаблари бор эди. Ахлоқий сабаби – ғоямизга ва шахсимизга ишониб, зулмга қарши курашда бир байроқ остида тўпланган биродарларимнинг иродасини, канчалик юксак бўлмасин, ҳеч кандай лавозимга сотaолмасдим.
Сиёсий сабаби – энди мустақиллигига эришган ёш давлатда илк қадамдан бошлаб бир ҳур ўлканинг қонун-қоидаларини ҳукмрон этиш ва бунга эндигина қулликдан чиққан миллатимизни кўниктириш каби вазифа турарди олдимизда.
Аммо бу қароримиздан сўнг баъзи сафдошлар “ҳукуматнинг ичига кириб олиб, партиянинг кассасини тўлдириш керак эди, раисимиз сиёсатни билмайди”, қабилидаги ғийбатлар бошлади. Уларга мен “китобда эмас, реал ҳаётда умум манфаатни ўз манфаатимиздан устун қўйиш” учун бу қарорни бердик, дея олмадим. Дея олмаслик, ўз эътиқодингни оқлай олмаслик азоби бадалларнинг энг оғиридир.
1994 йил. Сургун ҳаёти. Ўзбекистон ҳукумати талаби билан оиламиз Туркиядан бадарға қилинди. Биз билан Туркияга келиб, мухолифат ёрлиғини олган, биз билан битта нонни бўлиб еган кимсалар биз Туркиядан чиқарилгандан сўнг Туркия давлат тизимларига бизнинг “ислом фунадаменталистлари” эканлигимизни айтиб, чақимчилик қилганлари, бу ҳам етмагандай, қолган умрларини бизни ёмонлашга бағишлаганлари ҳам бизнинг тўлаётганимиз навбатдаги бадалдир.
2003 йилда “ЭРК партияси раислигига бошқа бировни сайланглар, мен чеккага чиқсам, балки ҳукумат зулмни камайтирар” дедим, ташкилотнинг Бош котибига. Аммо, у ” унда партия тамоман йўқ бўлади, одамларни эргашадиган шахс йўқ ичимизда”, дея таклифимни қабул қилишмади.
Шу аснода МХХ Самад Мурод деган бир сафдошимизни ишга солиб, “ЭРКнинг янги қанотини” тузди, аммо бу тадбир уч кун ҳам яшамади, Шунда МХХ “М.Солиҳ бир давлатдан 6 миллион пул олибди, пулни О. Арипов билан бирга еб ётишибди”, деган миш-миш тарқатди ва бу туҳматга ҳам ўз ичимизда ишонганлар чиқди ва уларнинг бу ёлғонга “ишончи” биз учун навбатдаги бадалга айланди.
Яқинда “Мухолифат Бирлашувининг олдига тўсиқ қўйди” деган, айбловга дучор бўлмаслик учун зеҳният нуқтаи назаридан бир-бирига умуман зид инсонларнинг бир ерга тўпланишига қаршилик қилмадик, уларнинг ичида мутлақо фитна чиқишини тажрибадан билган ҳолда, жараёнга мудоҳала қилмасдан, масалани вақтга ҳавола этдик.
Вақт бизни тахминни ҳақга чиқариб, бир-бирига руҳан ёт инсонлар жамоадан айрилганида, бундан қувонмадик, тишни-тишга босиб йўлмизда давом этдик. Бу сабр-тоқат ҳам биз тўлаётган навбатдаги бадал эди.
Бу сабрни имтиҳон қилиб, Ҳаракат фаолиятида ойларча кўринмай, бирдан пайдо бўлиб, бизни диктаторликда айблаганларга ҳам сабр қилаяпмиз. Бу ҳам давомли тўланаётган кичик, аммо бадал категориясига кирадиган “тўлов”лардир.
Агар бу каби катта-кичик тўловларни вақтида тўлаш имкони бўлган битта қаҳромон чиқиб, бизни бу заҳматли “тўловлар”дан қутқарса, унга фақат раҳмат айтардим.
Муҳаммад Солиҳ