O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Раиснинг “паймонаси” тўлмоқда. Ким раис бўлади?

Раиснинг “паймонаси” тўлмоқда. Ким раис бўлади?
198 views
16 February 2016 - 19:06

Yozuvchilar uyushmasiШу кунларда “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан 26 нафар адиб ҳайдалди” деган хабар тарқалди. Бу хабар ижтимоий тармоқларда ҳаво очиқ куни момақалдироқ гумбурлагандек таъсир кўрсатди. Одамларнинг муносабатларидан “ҳайдалиш” воқеасининг ўзи ҳам, у сирли рўйхатдан жой олган адиб ва шоирларнинг таркиби ҳам жамиятни ҳайрон қолдиргани билинди.

“Қора рўйхат”да 23 йил бурун сиёсий тазйиқлар туфайли юртдан чиқиб кетишга мажбур қолган шоир Муҳаммад Солиҳдан тортиб, номи ҳеч қанақанги қора рўйхатга тушишга лойиқ бўлмаган Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давронгача борлиги айтилди.

Сулаймон Раҳмон, Гулчеҳра Нуруллаева, Ёдгор Обид, Мамадали Маҳмуд, Нортўхта Қилич, Саломат Вафо, Юсуф Жума ва ҳоказоларнинг номи саналди.

Рўйхатни ҳеч ким аниқ кўрмади, лекин ҳайдалганлар таркиби барибир эътиборни тортди.

Чунки, билишимизча, Муҳаммад Солиҳ уюшма аъзолигидан Абдулла Орипов Уюшма раислиги пайтида чиқарилган, Мамадали Маҳмудов узоқ йиллар қамоқда ётгани учун ўчирилган, Сулаймон Раҳмон нафақага чиқишда керакли ҳужжатларни тўғрилаб бера олмаган уюшмадан ўзи ариза ёзиб чиқиб кетган, Нортўхта Қилич ҳақида ҳам шунга ўхшаш хабар чиқди, Юсуф Жума қочоқ сифатида, Саломат Вафо порнографик асар ёзгани учун… хуллас, ҳамманинг тақдири ҳар хил.

Бугун “Озодлик” тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг янги ўринбосари ижтимоий тармоқларда муҳокама бўлаётган “рўйхат”ни уйдирма дебди.

Лекин кўплар уюшма аъзолигидан ўчирилганини инкор ҳам этмабди.

Худди мана шу нарса диққатни тортади.

Тепада саналганлар ҳар хил пайтда уюшмадан ҳайдалган ё кетган бўлса, нимага бу хабар Ўзбекистонга айни бу кунларга келиб, яна бунинг устига ҳаммани бир қаторда санаб “чиқарилди”?

Тахминимизча, бу “уйдирма хабар” жамиятда фавқулодда ўзгаришларни ясаши керак эди. Биз олдинги бир мақоламизда узоқ йиллардан бери Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келаётган ёзувчи Хайриддин Султоновнинг мавқеи пастлаётгани ҳақида сўз юритган эдик.

Унинг ўрнига кўриниши қўйдай “ювош шоир” Салим Ашур тайинланишини маълум этгандик.

Бу тахмин айни можаролар доирасида ўз тасдиғини топиши мумкин.

Хайриддин Султон президент девонидан қуш каби қанот қоқиб, Ёзувчилар уюшмаси пештоқига қўниши кутилмоқда.

Бобур Алимовдан кейин уюшмада даврон сурган Муҳаммад Али эса шармандаларча кетиши аниқ бўлиб қолди. Муҳаммад Али Хайриддин Султоннинг амри билан ишлар эди, энди яна ўша Хайриддин Султоннинг амри билан ишдан кетади. Ишдан кетганда ҳам – таъкид этдик – юзи шувут шаклда кетади. Ўзи уюшмага ёш, навқирон Бобур Алимовдан кейин кекса, касалванд Муҳаммад Али тайинлангани кўплар келажакда худди шундай режа борлигини тахмин қилган эди. Ўшанда айрим ёзувчилар очиқ: “Хайриддин Султон ўзига жой ҳозирлаяпти!” деб айтган ҳам.

Бу ўйин – уюшмадан ёзувчиларнинг ёппасига ўчирилгани ва улар сафида Халқ шоири Хуршид Даврон ҳам борлиги ҳақидаги “уйдирма хабар” чиқиши ‒ Муҳаммад Алининг обрўсини тўкиш, кимлар бунга қандай муносабат билдиришини аниқлаш учун амалга оширилди.

Бугун Ўзбекистонда уюшманинг обрўси йўқлиги маълум. Бу ташкилот ҳақни ҳимоя қиладиган эмас, балки ҳақни поймол этадиган марказга айланди. Янги “раис” келсин-чи, қандай каромат кўрсатаркин? Агар, айтилганидек, Хайриддин Султон уюшмага раис сифатида тасдиқланса, унинг Девонда бўшаган ўрнига тайинланиши тахмин қилинаётган Салим Ашурга у бўйсунадими?

Салим Ашур табиатан юмшоқ ва ҳар қандай фармонга итоат этиб кетаверадиган одам.

Балки Хайриддин катта даргоҳдан кетса ҳам, унга қарши чиқишга Салимнинг иродаси ожизлик қилар!?

Умуман, нима бўлганда ҳам, Ўзбекистондаги барча соҳа МХХнинг кузатуви остида. Хайриддин Султон катта ёзувчи ё собиқ катта арбоб бўлса ҳам, у МХХ чизиб берган чизиқдан чиқмаслиги аниқ.

Мазкур талотўп замонда дўппини четга қўйиб бир нафас ўйлаб олишимиз ҳам керак. Гап шундаки, аслида одамларга ҳақни етказиш, ноҳақни кўрсатиб бериш иши билан вазифалантирилган адибларнинг бу каби фитналар оғушида қолгани миллатнинг фожиасидир.

Ёзувчилари, шоирлари ҳақ сўзни айтиш ўрнига ўз обрўсини золим ҳукумат берган ювинди эвазига кўтаришни истайди. Ёзувчи ва шоирлардан кўра замон ва дунёни теран англовчи шахслар бўлмайди, аммо улар ҳаммасини англаб илоҳий қонуниятларга тикка қарши боришларини қандай изоҳлаш мумкин?

Мен вазиятни узоқ йиллардан буён кузатаман.

Бир-бири билан жиққамушт бу қавм..

Абуллоҳ Нусрат