O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Раисни қалтироқ тутди…

Раисни қалтироқ тутди…
36 views
06 March 2017 - 9:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўттиз учинчи мақола) 

РАИСНИ ҚАЛТИРОҚ ТУТДИ…

Ходжаев гапларим тугаган-тугамаганлигини мендан эмас,  аёл-шотирларидан сўрагандай бўлиб уларга қараб имо-ишора қила бошлади. Бугунги қабул ўзи ким учун бўлаётгани ҳам савол остида қолиб кетаётганди. Агар қабул мен учун бўлаётган бўлса, ҳали менинг гапларим тугамаслигини билдирган ҳолда уни давом эттира бошладим:

– Нега биз компания журналистлари, хусусан мен ҳам бирор бир шикоят билан жиддийроқ шуғуллана бошласак, режим ва хавфсизлик ходимлари бизни ҳимоя қилишнинг ўрнига тўнини тескари кийиб олиб  айнан бизларга қарши амалиётни қўллашга киришади. Нима сабабдан шундай? Агар ташқаридан жиддий таҳдид, қаттиқ босим бўладиган бўлса, бу ходимлар бизнинг хавфсизлигимизни таъминлаш ўрнига, иложи борича ўз ходимлари бўлган журналистларни оёқ-ости қилишга ўтиб олади. Шу жойда менга нисбатан Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси  коррупция ва терроризмга қарши кураш ходимлари томонидан таъқиб-тазйиқлар бошланганида ўринбосарингиз Баҳром Ўтановнинг менинг хонамдан ҳаттоки, рақамларни аниқлаши мумкин бўлган телефон аппаратини олиб қўйган. Буни қандай баҳолаш мумкин?

Шу пайт бирдан пешонасини тер босиб кетган Ходжаев тумшуғини осмонга кўтараркан, нима дейди денг: Нима эмиш, бу телерадиокомпания мени ва менга ўхшаган ходимларни бунақанги замонавий телефонлар билан таъминлаш кафолатини ўзининг зиммасига олмаган эмиш. У шундай дея, беш километрга югуриб келган одамга ўхшаб ҳаллослаганича, қўллари қалтираб, юз-кўзлари гезариб, киприклари пирпираб, мурти у ёқ бу ёққа сакраб учарди.

-Ана холос, пишди гилос! Бундан чиқди, демак, бу телефон аппаратини олиб қўйиш ҳақидаги топшириқни шахсан ўзингиз берган экансиз-да? – Шундай деганимни биламан, энди у бир жойда ўтиролмай икки елкаси ўйнаб довдирай бошлади. Шу аснода  бирпас бақрайиб тошдай қотиб қолди. Энди у қизарса-да, бўзарса-да, айни дам хонамдаги телефоннинг олиб қўйилиши билан боғлиқ масалада рост сўзлай бошлаганди. Бундан хабардор эканлиги ва бу масалада ҳам ўзи ташаббускор бўлганлигини билиб-билмасдан гапириб қўйди. Бу билан қовун тушириб қўйганлигини ҳойнаҳой ўзи ҳам билмай қолди. Бу тутуриқсиз гапи билан компания раиси сифатида ўз ходимларининг тақдирига шу даражада бефарқ эканлигини намойиш қилаётганини англамади, чоғи. Ҳақиқатдан бу одам раҳбар сифатида ходимларини, айниқса, ўзининг сўзи ва мустақил фикрига эга бўлган ходимларини ҳеч қачон ҳимоя қилган эмас. Аксинча, бу тоифадаги журналистлар мабодо жар лабига келиб қолган бўлса, фақат ундайдларни туртиб юборишга яраган холос. Лекин, у ўзига садоқат билан хизмат қилганларни яхшигина сийлаб қўйганлиги ҳам бор гап. Нима иш буюрилса: у қинғирлик бўладими ёхуд қабиҳликми, “лаббай” деб бажарадиганларини эркалатиб қўйганлиги ҳам рост.

Масалан, махсус автокорхонадаги машиналарнинг маълум фоизи киракашлик  билан шуғулланиб, ўз вақтида “доля”сини узатиб туришда катта хизмат қилиб камарбасталикни қойилмақом этиб бажараётган корхона директори ҳеч ҳам кам бўлаётгани йўқ. Чунки, бугунги кунда компаниянинг жуда кўпчилик ходимлари нақд пул у ёқда турсин, ҳаттоки пластик карточкаларига арзимаган пулларини ўтказа олмай сарсон бўлиб юрган ва шу боисдан ҳам фарзандларига бир донагина хўрозқандини-да олиб беришга қийналаётган бир пайтда бу автокорхонанинг директори ўз кучугига Тошкентнинг супермаркетларидан энг қимматбаҳо шоколадларнинг сарасини танлаб, килолаб едираётганлиги бунинг яққол исботидир. Гувоҳларга кўра, бу дум-думалоққина коптоксимон бўлиб қолган директор ўз ҳовлисидаги ҳовузчасининг ичида ўтириии-иб, кучукчасини чақириб, ўз қўллари билан шоколад едиришни хуш кўрарканлар. Бу нарса у кишига лаззат бахш этаркан. Бу ишидан ҳузурланаркан. Ушбу севимли машғулот унинг “хобби”сига айланиб улгурибди. “Шоколад едириш операция”сини қўл телефон аппаратидаги видеога олиб, ўз ошна-оғайниларига намойиш қилаётганлиги ва буни ҳузурланиб гапириб берганлигидан кўпчилик ҳайрон-у лол қолган. Албатта, кунлик тушум нақд бўлиб оқиб келиб тургандан кейин унинг даромади ҳам чиқими ҳам шунга яраша бўлади.

…Шу ўртада денг, юрист гапга аралашиб кетди:”Мана буларни нима қиламиз энди?” – Шундай дея папканинг ичидаги мен ёзган билдиришнома ҳамда унга қилинган иловани ўзимга кўрсатди. Бундан шуни сездимки, мен ё уларнинг айтган йўли-ю йўриғига юришим керак. Ёки ўз йўлимдан қолмасдан уларнинг тузоғига илинишим керак. Ана шу иккисидан бирини танлашим тақдиримнинг қай томонга бурилишини ҳал қилиши мумкин.

Менинг жавобим шу бўлди: “Бу ёзилганларнинг барчаси кимга ва қай манзилга юборилган бўлса, ўша манзилдан келадиганлар билан уларнинг иштирокида алоҳида кўрилиши мумкин бўлган масала. Агар масала шу тахлитда кўндаланг қўйиладиган бўлса, бугунги учрашув қабул эмас, балки келишувга чақириқ деган хулосага келдим. Бу борада мени орқага қайтаришнинг сира иложи йўқ ва ўз йўлимда собит қоламан!”

Қарасамки, раис ва бу икки аёл яна ўзаро валақлашга тушиб кетишди. Мен шартта гапни кесиб, бундай қабулдан норози эканлигимни кескин тарзда уқтирдим. Шунинг учун раисдан ўзи билан юзма-юз, яккама-якка ўтириб гаплашишни талаб қилдим. Бундан Ходжаев яна ўзини тушунмасликка олиб, бошини сарак-сарак қила бошлади. Ўзини гўлликка солди. Сўнг юристга юзланаркан, менинг нимани истаётганлигимни сўради.

Мен унга иккимиз ўзаро, бу икки аёлнинг иштирокисиз, юзма-юз ўтириб гаплашайлик дея тушунтиришга ҳарчанд уринмайин, у барибир мени тингламасликка тиришди, яна нажотни ўз “қалқон”и бўлган М.Қалқоновадан кутди. Ахийри, шу нажоткори унга амаллаб тушунтиришга ҳаракат қилди: “Биз иккимиз, яъни мен ва Султонпошша Ёқубова чиқиб турамиз, сиз билан бу кишининг ўзлари ёлғиз яккама-якка гаплашмоқчи экан.”

Бу гапдан кейин раис жанобларининг фиғони янада фалакка кўтарила бошлади ва жойида ўтиролмаям қолди. Уни қандайдир қўрқув ҳисси қамраб олаётганди. Гангиган бошини сарак-сарак қилиб, икки қўлининг бармоқларини бир-бирига кийдириб олиб асаблари қақшаганча уларни ишқалашга ўтиб олди. Бундан ҳам кўнгли тўлмади, шекилли, чуқур-чуқур нафас олиб пишиллашни бошлади. Кейин дабдурустдан: “Э, нимага энди сизлар чиқиб кетасизлар экан, сизларга ким рухсат берди? Нимага бу одам менинг ишимга аралашади?” – дея қалтираётган бармоғи билан каминани кўрсатди. Сўзида давом этаркан, “Ҳеч қачон ҳеч қаёққа чиқиб кетмайсизлар, иккингизни бу ерда ўтириш-ўтирмасликларингизни фақатгина мен ҳал қиламан. Мен бу одам билан ёлғиз қолиб гаплашмайман. Шунинг учун бугунги қабул тугамагунича чиқиб кетиш йўқ. Бу киши менинг ишимга аралашмасин. Нима гап бўлса, сизларнинг иштирокларингизда гаплашамиз.”

У яна ғимир-ғимирлаб жойида ўтиролмасдан қолди. Мен яна бир неча маротаба худди шу талабни қўйишимга қарамасдан у бажарилмади. Хулоса қилдимки, у ҳеч қачон ва ҳеч вақт ўз ходими билан алоҳида бирга-бир ўтириб гаплаша олмас экан. Чунки, билиб-билмасдан патир-путур қилиб, боши бору охири йўқ, охири бўлса боши йўқ узуқ-юлуқ гаплар оғзидан чиқиб кетаверишини, ҳарқалай, бошқалар билмаса ҳам ўзи жуда яхши биларкан. Бундан шуни англаш мумкинки, у  гапираётганида нима деяётганини ўзи ҳам унчалик англай олмайди ё ўзини талмовсирагандай қилиб кўрсатади ё фурсатни бой бермай қочиб қолади ва ё ўз фикрини ўзи етказолмагани сабаб ёнида доим “тилмоч”лар олиб юради.  Шу боис у ўзаро бир киши билан ёлғиз гаплашишдан ўзини тияди. Бундан қаттиқ ҳижолат бўлишни ҳам биларкан қурғур. Унинг ҳовлиқиб-довдираб қолиши худди шу ҳижолатпазликдан эди.  Лекин бир ходимини ёмонотлиқ қилиб, бадном қилишга ўхшаш қабиҳ ниятга йўғрилган фитналарни уюштиришда бу одамдек устаси фаранг йўқ. Характери мана шунақанги қабиҳликларнигина амалга оширишга мослашиб қолганлигидан заррача хижолат бўлмайди хумпар. Фақат ўзининг ёлғонлари, фитналари фош бўлиб қоладиган вазиятларда ҲАҚИҚАТ билан юзлашишдан хижилланади. Аммо у ҳақиқат бир кунмас бир кун барибир қарор топишини англашга ожиз эди, текин бойлик сўқирлаштириб қўйган кўзлари  ҳақиқат нурларини кўра олмасди. У билан бўлган учрашувдан олган хулосам шу бўлди…

23.08.2014 й.

(давоми бор)