Аллоҳнинг раҳматин, нусратин кутинг
Барча кўз уйқуга чўмган тунларда.
Асрий занжирларни елкадан отинг
Шайтонлар занжирбанд бўлган кунларда!
Бизки, кўнгилларни айладик вайрон,
Бугун ўзимизга ўзимиз ҳайрон.
Энди қўлимизда муқаддас Қуръон
Шайтонлар занжирбанд бўлган кунларда!
Бизга дарс ўқитманг фалсафалардан,
Дунё безиб бўлган васвасалардан.
Ҳолимиз телбавий талвасалардан
Шайтонлар занжирбанд бўлган кунларда!
Иймон йўлиндадир кўзимиз нури,
Аллоҳнинг сўзига қалбимиз тўри!
Портлади дунёнинг сохта ғурури
Шайтонлар занжирбанд бўлган кунларда!
Аллоҳга шукрки, Уни бир билдик,
Байтуллоҳга иймон тўла қалб келдик.
Зино-ю, фахшни занжирбанд қилдик,
Шайтонлар занжирбанд бўлган кунларда!
Аллоҳим, қўлимиз Сенгадир очиқ:
Гарчи Рамазондан кўнглимиздир тўқ,
Тузалиб олмасак бошқа фурсат йўқ
Шайтонлар занжирбанд бўлган кунларда!
Хайрулла Ҳамидов