(бахти қора муаллимлар)
Ўйлаб қарасам шу кунгача ўнлаб одам¸юзлаб ҳолат менга расмдан дарс берибди.
Шундай ҳолатлардан бири қаерда ва қачон бўлганини аниқ эслайман.
1984 йили Тошкентдаги Низомий институти бадиий-графика факультетини битириб Хоразмга қайтдим.
Ўша йилнинг августида Урганч туманидаги Киров номли ўрта мактабга расм муаллими бўлиб ишлашга йўлланма олдим.
Шаҳардан беш километр олисдаги Оëқ Дўрмон қишлоғидаги бир қаватлик пахсадан бўлган мактаб Тошкентни Тошовуз билан боғлайдиган республика аҳамиятидаги трасса бўйида жойлашган эди.
Борган кунимнинг эртасига биз ўқитувчиларни ҳаммасини ўша трасса ëқасида ўсган ëввойи ўт¸ тикан¸ ëвшан ва янтоқларни чопишга чиқаришди.
Кетмон¸ ўроқ¸ теша ва тарсëвалар билан қуролланган совет муаллимлари кирилл ëзувининг г ҳарфи каби эгилиб янтоқ чопар эдик.
Республика аҳамиятидаги қандайдир мулозим бу йўлдан ўтаëтганида мабодо кўзи янтоқларга тушса туман раҳбариятига гап тегар экан.
Муаллимларнинг ишини райкомдан келган “синчалак” опа назорат қилар эди.
Бирдан “синчалак” опа қўлидаги йўқлама дафтарини карнай қилиб “келди-келди” деди.
Бу гапни эшитганимиз заҳоти директоримиз Раънохон опа “бекининглар” деб амр берди Йўл бўйидаги бетон бордюрнинг орқасига юз тубан ëтиб “бекиндик”.
Ҳудди душман ўқлари тегмасин деб жабҳа чизиғида окопга кўмилган аскар каби.
Райкомдан келган “синчалак” опа эса “каллангни кўтарма¸ думбангни тушир” деб бетон бордюр ортига яширинган муаллимларни қўлидаги дафтар билан уриб “трамбовка” қилиб юрар эди.
Семиз-семиз ўқитувчи опалар¸ ëқасига совет муаллими деган ромб шаклидаги нишон таққан математика ўқитувчиси. Бўйи икки метрлик жисмоний тарбия ўқитувчиси¸ отам замондан қолган думалоқ кўзойнак тақиб¸ нос ранг кител кийган тарих ўқитувчиси…. Хуллас муаллим зоти борки¸ трассадан ўтаëтган “Ëшуллилар” кўрмасин дея тош орқасига гизланган эди.
Худди калхатдан қўрқиб ерга кириб кеткан юмронқозиқлар каби.
Ниҳоят¸ “ëшуллилар”нинг бир нечта қора волгадан иборат кортежи зувиллаб ўтиб кетди.
“Синчалак” опадан “чиқаверинглар” деган амр келди.
Ўқитувчилар секин чакалаклару янтоқлар орасидан чиқиб келишди.
Уларнинг кўзларида қўрқув¸ мутелик ва мен англамаган минглаб тушкун туйғулар қоришмаси бор эди.
Бу устозларнинг юзидан қўшиқларда айтилгани каби нур ëғилмас эди.
Айни манзара менга рассом Аркадий Пластовнинг “Фашист учиб ўтди” деган асарини эслатди.
Мана ўқитувчилар¸ бетон бордюр бўйлаб қатор туришибди ҳудди фашист учқичидан отилган ўқлардан қўрқиб юраги ëрилган партизанлар каби.
.
Бу кўрган манзарам устозларим Баҳтиëр Бобоев ва Дилëр Имомовларнинг “Поэтик реализми” эмас эди.
Шу билан бирга бу испан рассоми Сальвадор Далининг сюрреализмига ҳам ўхшамас эди.
Бу кўпроқ америкалик рассом Грант Деволсон Вуд асаридаги каби “аччиқ турмуш тарзи” эди.
“Синчалак” опанинг йўқлама дафтаридан бир варақ сўраб олиб қора қалам билан бу манзаранинг илк қораламасини чиздим.
Мен чизганим бу манзара мен истаган¸ мен орзу қилган расм эмас эди.
Қорақумнинг рангсиз қумларига яшил кўзлик билан қараб рангин суратлар тортмоқ эди орзуим.
Марк Шагал расмларидаги каби осмонларда учаëтган шодмонлар расмини чизмоқчи эдим. Мўра урилган ҳино ранг елаклар кийиб соринжоқ учган қоромонли каптаркўкрак қизлар тасвири ҳаëлимда эди.
Миноралар ичига кўмилган афсоналарни тасвирларда ëнгситмоқ орзусида эдим. . Амударë ичига яширинган сув париси ҳўбби шаклини рангларда акс эттирмоқчи эдим.
Қўрққанидан кўзлари бақрайган бахтиқора муаллимлар расмини чизиш режамда асло йўқ эди.
Эни бир метру 20 сантиметр¸ бўйи 80 сантиметрлик матога кўмир билан илк шаклни туширдим.
Расмнинг бирламчи номи “Бахтиқора муллимлар” эди. Шу кичкина мато устида бир йилча ишладим.
Кўрганим дахшатни ифодалаш учун максимум реалистик деталларга эътибор қаратдим.
Расмдаги ўқитувчиларнинг кийимлари юпун¸ ëқалари кир¸ кўзлари нурсиз¸пойафзаллари йиртиқ эди.
Доимо қўлида бўр ушлаб доска олдида туравериб бармоқлари оқариб кеткан бошланғич синф ўқитувчиси Хударган отанинг ажин босган юзи¸ ўйиқ ичига тушиб кеткан шиша зўлдирдек йилтираëтган кўзлари.
Рўмоли орасидан кўзимга қуëш тушмасин деб қоғоз тиқиб олган ботаника муламмаси….
Қиëфалар¸ мамлакатим инсонларининг манзаралари.
Институтдаги диплом раҳбарим Янис Салпинкиди менга тасвир ичидаги экспрессияни ўргатган эди. Яъни картина ичида шиддатли ҳаракат лозим эди. Бунинг аксича мен чизган расмда песонажлар ҳаракатсиз қотиб турар эди.
Экспрессия уларнинг кўзлари ичидаги қўрқувда жо бўлган эди. Расм деярли битай деб қолганда¸ вилоят бош меъмори Ренат ака Аҳмедов¸ “Литературная газета” мухбири Владимир Соколов билан етаклашиб устахонамга келди.
Ренат акага ҳам мухбирга ҳам расм ëқди. Соколов вилоятда далаларга дефолиация сепиш дахшатлари ҳақида мақола ëзиш учун тўплаган материалларини кўрсатди.
Шу пайтда Ренат ака¸ мен чизган расмга ишора қилиб “Дефолиациядан сўнг” деди. Бу ҳудди Аркадий Пластовнинг “Фашист учиб ўтди” деган асари номига уйқаш эди.
Расм тугагунча СССР раҳбарлари ўлиб-ўлиб¸ мамлакатни бошқариш рули Михаил Горбачев қўлига ўткан эди.
Фазода ижтмоий фаол тасвирий санъат асарларига эхтиëж пайдо бўлганди.
Расмни аввалига Тошкентдаги “Илхом” театри кўргазмалар залида кейин эса Москвадаги Марказий рассомлар уйида намойиш қилдим.
Бу расм боис “сиëсий рассом”¸ деган ном қозондим.
Бу расмни 2001 йилда АҚШ дан Тошкентга келган адвокат сотиб олди…
.
Расм чизилган 1984 йилдан бери 34 йил ўтди.
Бу 34 йил инсоният тараққиëтини чўққиларга элтди.
Интернет¸мобил алоқа¸ ақлли ускуналар кундалик турмуш асбобига дўнди.
Кишилик жамияти тараққиëт тарафга қараб ўзгарди.
Фақат бу 34 йил ичида Ўзбекистондаги йўл четини тозалаëтган “бахтиқора муаллимлар” турмуши ўзгармади.
Улар бундан 34 йил олдингидек¸ кирилл алфавитининг Г харфи каби эгилиб йўл тозаламоқда.
Шуҳрат Бобожон
Манба: facebook.com