O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Расм кўрилади, мусиқа тингланади”

“Расм кўрилади, мусиқа тингланади”
267 views
01 August 2016 - 18:38

Shuhrat_Bobojon(Расм дарслари туркумидан)

Менга расмдан дарс берган барча муаллимларим мени визуал (тасвирий) фикрлашга ўргатишди. Илк расм ўқитувчим хивалик Муҳаммаджон ака ҳам¸ Исфандиëр Ҳайдаров¸ Янис Салпинкиди¸ Чингиз Ахмаров¸ Шавкат ака Абдусаломов ҳам битта нарсани уқтиришди. Яъни расм бу соя ва ëруғ. Форма ва колорит. Яна пластика (шакл уйғунлиги) энг ëмон кўрган нарсам визуал эстетикадан беҳабар адабиëтчиларнинг расм ҳақида ҳикоя қилиши эди.

“Ўзбекистон санъати” деган журналда Нодир Норматов бошчилигидаги адабиëтчилар рассом чизган расмни “тушунтириб” мақола қилиб беришар эди. “Мен бу расмдаги деҳқон кўзларида дард кўрдим¸ фалон кўрдим писмадон кўрдим” деган гаплардан энсаларим қотар эди.

Кейин билсам симфоник мусиқа ижрочилари ҳам шу каби талқинлардан безишган экан. Айтайлик Навоий театрида симфоник оркестр бирорта этюд ижро қилди. Саид Аҳмад деган ëзувчи “Бу мусиқани эшитиб сойлар жилғалар планини тўлдирган колхоз далалари “ кўз олдимга келди деб ëзди.

Мусиқачилар ҳайрон “Бунақа гаплар йўқ эдику” деб….

Тошкентдаги ҳақиқий мунаққидларнинг бари русийзабон эди.

Ўзбеклари ҳам ўрисчадан бошқа тил билмас эди. Шулар ичида энг билимдони аҳли китоб мансуби бўлган Немцович деган домлам эди Расмни тахлил қилишни менга айнан Немцович ўргатди. У киши қаламтасвирдан дарс берарди. Қоралама расмлар чизишни уй вазифаси қилиб берди. Мен биринчи курс студенти пайтимда Пахтакор метроси ëнидаги “Ўқчи” маҳалласида турар эдим. Аввалига ўзим турадиган ховлини чиздим. Ховлининг ўртасида сотиш учун экилган оқ хризантема ва қизил гладиолослар. Иккинчи планда эса ташқарига чиқадиган дарвозахона. Дарвозахонадан чопонга ўраниб калиш кийган киши хўмрайиб кириб келяпти. Орқа планда эса ТВ вишкаси¸ симëғочлар кўриниб турибди…

Бир амаллаб расмни битириб устозга олиб бордим. Немцович расмга узоқ қараб туриб:

– Бу нима деди.

-Сотволди акани ҳовлиси бу. Ўша ерда тураман дедим.

Домлам кўзойнаги устидан менга қараб эскейпизм (ингл. escape — қочмоқ¸ ҳижрат¸ ўз ëғига ўзи қоврилиш маъносида) нималигини биласанми деди. Мен билмаслигимни айтдим.

Немцович назарида Телевишка ва симëғочлар тараққиëт тимсоли. Дарвозахонадан чопонга ўраниб келаëтган одам эса бу тараққиëтдан қочиб ўзига ин қидираëтган маҳлуқ. Маҳдуд ховли ва хризантемалар эса бу киши учун микродунëдир. Хризантеманинг оқ ранги эса таслимият тимсоли. Яъни Немцович назарида ташқаридаги ўзгаришлардан қўрқиб инига беркинган одам трагедияси эди бу расм.

Домла менга эскейпизм акс этган расмларни кўрсатди. Сикейрос¸ Рене Магрит ва Пиросмани каби улуғ рассомлар асарлари мисолида “воқеликдан қочиш¸ ўзгаришлардан қўрқиш¸ тараққиëтдан четлашув” каби инсоний ҳолат рангтасвирда қандай акс этганлигини уқтирди.

Немцовичнинг айтишича¸ расмни тили расмдир ва бу расмни оддий адабиëт тилда ҳикоя қилиш имконсиз.

-Расм кўрилади¸ мусиқа тингланади¸ гул ҳидланади¸ овқат эса ейилади, – деган гапни бирор ўн марта эшитган эдим Немцович оғзидан.

Шуҳрат Бобожон
Рассом