Исфандиёр Ҳайдарнинг устахонаси 6 ойча каминанинг тураргоҳига кўчганди. Фотода “Ойдин кеча” номли машҳур картинасининг эгизаги, чизилиш жараёни. Эгизак- картина камида бир ойча ижод қилинган. Орада рассомнинг “ойпараст”лиги –эринчоқлиги ишнинг тез тугашига ҳалақит қилади.
Рассомнинг иш жараёнини кузатаман ҳам жараён ичра гурунг қизиб кетади. Коинотнинг тузилиши ҳақида фараз қиламан, рассом фаразларни давом эттиради. “Коинотни кўринмас иплар боғлаб туради.” “ Эшитгандим, коинотдаги ҳар бир жисм, масалан, ер ёки бошқа сайёра кўринмас ғилофга кийдирилган.”
Холстдаги дарахтларга рассом шакл беради: бири Р.П., бири М.С., бири М. ва хоказо. “Ойчи?” Жавоб йўқ.
Исфандиёр Ҳайдар инсон психологиясининг кучли билимдони лекин унинг ички ва ташқи маданияти бундан дарак бермайди, масалан, у сизни билишини илғаб ололмайсиз, унинг маданияти билан бирга бизнинг маданиятдан узоқлигимиз бунга ҳалақит беради. Рассомни шундай чизаман.
Эгизак- картинани чизишда рассом хотирадан фойдаланади, орада мен ҳам унинг хотираларини тинглайман. Рассом картинага хотираларни гўёки қадаб чиқаётгандек. Менинг-да, хотирам холстида ушбу хотирлар қадалиб қолади.
Исфандиёр Ҳайдар санъатнинг юзига хотиралардан парда тикади: эгизак эмас, янги асар ёзиш ҳақида саволим жавобсиз қолаверади.
Ушбу картина бир ой ўтиб журналист Карим Баҳриевга совға қилинади.
Мурод Карим