O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Расулов устидан суд ҳукми Ўзбекистондаги интернет устидан назоратни фош этди

Расулов устидан суд ҳукми Ўзбекистондаги интернет устидан назоратни фош этди
146 views
23 January 2014 - 17:57

BBC радиоси ўзбек хизмати бугунги дастурида Қудрат Расулов иши бўйича махсус эшиттириш  тайёрлаган.

Эслатиб ўтамиз, Наманган шаҳар суди 27 декабр куни 43 ёшли маҳаллий тадбиркор Қудрат Расуловни “Конституцион тузумга тажовуз”да айбдор деб топиб, 8 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этган. Маҳкумнинг яқинлари бундан бехабар бўлган.

Суд материалларида Расуловнинг мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига тегишли материалларни тарқатгани айтилади.

Дастлабки хабарларда махсус хизматлар Расуловнинг интернет мулоқотларини кузатгани, уйининг яқинига махсус жиҳоз ўрнатиб, жумладан, Skype даги алоқаларини қайд этгани айтилган.

Расуловни яқиндан таниган наманганлик журналист Носир Зокирнинг BBC радиосининг ўзбек хизматига айтишича, бу нарсалар суд материалларида ашёвий далил сифатида келтирилган. Журналистга кўра, ўзбек махсус хизматлари фуқароларнинг интернетдаги фаолиятини кузатиб бориши янгилик эмас, аммо Расулов устидан маҳкама шуниси билан аҳамиятлики, ушбу маҳкама айни пайтда ўзбек махсус хизматларининг жосуслик амалиётларини ҳам фош этмоқда.

Носир Зокирнинг айтишича, Ўзбекистон ичкарисида интернетда фаол бўлган мухолифат ва фуқаро жамияти аъзолари талайгина, аммо Расулов мухолифат ташкилотига тегишли материалларни фуқароларга очиқ тарзда тарқатган ва оқибатда эҳтиётсизлик қурбони бўлган.

“Мен ўша одамларнинг баъзилари билан суҳбатлашдим ва улар материалларни Қудратулладан олганларини тасдиқлашди”,- дейди Расуловни таниган журналист. – “Демократик жамиятда интернетдаги материалларни тарқатиш одатий ҳол, аммо бизнинг Ўзбекистон қонунлари бўйича бу жиноят деб талқин қилинади”.

Унга кўра, Наманган маҳкамасининг ҳукми Ўзбекистондаги интернет фойдаланувчиларини янада ҳушёрроқ бўлишга ундайди.

UZBEK.FM