O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Расулуллоҳга ҳужум қилмоқчи эдилар…

Расулуллоҳга ҳужум қилмоқчи эдилар…
54 views
11 June 2016 - 7:00

2-madinah-masjid-al-nabawi-4Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 52

(давоми)

Душман қўшинининг кейинига қўйилган қўшиқчи хотунлар уруш қиздириш учун допчилдирмаларини чалиб, ҳаяжонлик шеърларни ўқишур эди. Бундин илгари Бадр урушида ўлдирилган Қурайш улуғларини йўқлаб йиғлашиб, аларнинг уруғ-аймоқларини шу урушда ўч олмоққа қўзғашар эдилар. Расулуллоҳ мушрик хотунларнинг бу йўсинлик қўшиқларини онглаганларида шу дуони ўқидилар:

«Аллоҳумма бика аҳулу ва бика асулу ва фийка уқотилу, ҳасбияллоҳу ва неъмал вакил».

Маъноси:

«Эй бор Худоё, сен учун урушурман, сенинг ёрдаминг билан ҳужум қилурман. Аллоҳ ёрдами ҳар ишда менга етарликдур», демакдур.

Шунинг билан мусулмонларга иқбол эшиги очилди. Майдон бўйича ғалаба қозониб, ҳар жойда душманга қаттиқ зарба бердилар. Туғ бошчиларидан кетма-кет тўрт киши ўлдирилганидан сўнгра душман аскари орқа ўгириб қочишга турди.

Буни кўриб, ислом аскарининг руҳи кўтарилди. Аларни отиб-чопиб орқадан қувғин қилдилар. Душманнинг олди сафлари бузилиб, ортқи сафларига қўшилмиш эди. Қочқинчилар юзига хотунлар тарафидан сочилган қум-тупроққа қарамай, қўш-қўлонларини қолдириб, ўрдаларидан ўта қочдилар.

Мана шу чоғда ўлжага қизиқиб турган Ислом аскари қочган душманларни қолдириб ўлжа йиғмоққа киришди. Душман ортидан қувғин қилиш тўхтади. Аскар ортини сақлаш учун қўйилган мерганлар кўрдиларким, душманлари енгилди. Қувгувчи аскарлар ҳам душманларини қўйиб, ўлжа йиғишга киришмишдурлар. Энди иш битди, қараб туриш нимага керак, ўлжадан қуруқ қолгаймиз дейишиб, уруш учун қўлда сақламоқ энг керак бўлган жойни бўш қолдириб, ўлжа олиш қизиғида эл орқасидан булар ҳам югурдилар.

Бошлиқлари Абдуллоҳ ибн Жубайр қон қақшаб қанча қайтарган бўлса ҳам анинг сўзига қулоқ солувчи киши бўлмади. Йўқ эрса, Расулуллоҳ айтган эдилар. «Биз душманни енгайлик ёки енгилайлик, мендин рухсатсиз бу жойдин силжимагайсиз», деб қайта-қайтадин топшириқ берган эдилар. Дунёнинг қизиғида бу сўзни ҳам унутиб қўйдилар.

Мана шунинг билан бутун ишлар ҳам ўзгара бошлади. Негаким, ғалаба қозонмоқ учун энг керак бўлган нарса: биринчи, аскар бошлиғининг буйруғини бажариш, иккинчи, керакли ўринларни қўлда сақлаш эди. Иш шундоқ бўлгач, душман отлиқ аскари бошлиғи Холид ибн Валид буни пайқаб қолди, агар шу жойга ҳужум қилиб, уни қўлга келтирур эрса, Ислом аскарини ўраб олишга аниқ кўзи етган эди. Бу жойга қўйилган эллик кишилик мерганлардан — бошлиқлари Абдуллоҳ ибн Жубайр билан ўн икки киши қолганлигини кўрди.

Бундай фурсат топилмагай, деб Холид ибн Валид борлиқ аскари билан бу ўринга от қўйди. Хиёл ўтмай ул ўн икки кишини уриб-янчиб, барчаларини шаҳид қилдилар. Шунинг билан Ислом аскари ўралиб қолди. Сўнгра аскар ортидан қизғинлик билан ҳужум бошлади. Олға сафдаги Ислом аскари бу ишдан хабарсиз эдилар.

Ҳазрати Ҳамза бу урушда кўп баҳодирлик кўрсатди. Душман баҳодирларидан бунинг қўлида ўлдирилганларнинг сони ўттиз бирга етган эди. Шундоқ қилиб, тўғри келган душманларни чопиб, майдон ичра жавлон қилиб юрди.

Шу орада буни кутиб ётган Ваҳший қулни кўрмай, олдидан ўтавердилар. Бу ҳабаший қулнинг хўжаси Жубайр ибн Мутъим анга шарт қўйиб: «Агар Ҳамзани бу урушда ўлдирур эрсанг, сен қулликдан озодсан», деган эди. Шу мақсадни қўлга келтириш учун, ҳазрати Ҳамзанинг йўлини тўсиб, кутиб тош орқасига яшириниб ётди. Бу қулнинг ҳунари ўн-ўн беш қадам олисда туриб, агар душманга найза отар бўлса, ани мўлжаллаган жойга теккизур эди. Ҳазрати Ҳамза бундин хабарсиз, қилич яланглаб кетаётганида, Ваҳший қул бор кучи билан жон ерини пойлаб, найза ирғитди. Отган найзаси ўқ илондек тўлғониб, киндик остига тегиб қадалди. Совут орасидан кириб, найзанинг учи орқа томонидан кўриниб қолди. Сўнгра Ҳазрати Ҳамза ғайрат кўрсатиб, Ваҳшийга қилич кўтарган бўлсалар ҳам, етарлик куч қолмаганликдан, йиқилиб шаҳид бўлдилар, розияллоҳу анҳу.

Шунгачалик Холид ибн Валид, Икрима ибн Абу Жаҳл ўз аскарлари билан орқа томондан қамаб келишиб қолдилар. Шунда ҳам ўлжачилар дунё қизиғи — мол йиғмоққа машғул эдилар. Сўнгра кўрдиларким, орқа томондин қора булутдек душман аскари қоплаб келмишдур. Буни кўриб бошларидан хушлари учди. Йиққан молларини қўлларидан ташлаб, боғлаб олмиш асирларини бўшатдилар. Тузилган чеплари бузилиб, орқа-олдиларини душман қуршаб олди. Куфр қўшинлари: «Ё лал-уззо вал ҳубул», деб бутлари номи билан қичқиришиб, ҳужумга киришдилар.

Бу ҳолни кўриб, орқа-олдиларидан ўралган Ислом аскари шошқинликка тушди. Бунинг устига шайтон малъун одам суратига кириб: «Эй мўминлар, орқа томонинглардин душман аскари қоплаб келди», — деб қаттиқ қичқирди. Буни эшитган олға сафдаги аскарлар орқага ёниб, чанг-тўзон ичида бир-бирларини танишмай, ўз аро чопишдилар. Мушрикларнинг йиқилиб ётган байроқлари қайтадин кўтарилди. Ислом туғини кўтарган Мусъаб ибн Умайрни Ибн Қамъа қилич уриб, шаҳид қилди. Сўнгра:

«Муҳаммадни ўлдирдим», деб аскар ичини оралаб, от чопиб юриб жар чақирди. Буни эшитган мўминларнинг ҳушлари кетди. Алардин баъзилари: «Расулуллоҳ ўлдирилган бўлса, энди урушимизни ким учун қилгаймиз? Яхшиси шуки, душманларимиз билан келишиб, алардин омонлик олайлик», дедилар.

Яна бирмунчалари: «Агар Расулуллоҳ ўлдирилган бўлсалар, энди динимиз йўлида Аллоҳ учун уруш қилурмиз, Расулуллоҳ олдида уруш қилмоқдин асли мақсадимиз ҳам шул эди», дедилар.

Яна бир қанчалари уруш майдонидан чекиниб, Мадина томонига қараб қочдилар. Булар ичида Ҳазрати Усмон ҳам бор эди. Бу кишининг устига тушган фитна кунларида душманлари кўпроқ шу ишни таъна қилдилар. Лекин бу қочқунчилар қилган ишларидан уялишиб, Мадина боғларида яшириниб юрган эдилар. Расулуллоҳнинг рухсатлари билан уч кундан кейин Мадинага келдилар. Аммо Расулуллоҳ бўлсалар бу даҳшатлик ҳолда заррачалик ўзгармадилар. Келган ўринларидан бир қадам бўлса ҳам ортга қайтмадилар. Атрофларини саҳобалардан бир неча жонфидолар қуршаб олган эди. Айниқса, булар ичида Абу Талҳа ансорий душман томонидан қасдлаб отилмиш ўқларга ўзини тўсиб, қалқон қилур эди. Душман отлиқ, яёв аскарлари эрса Ислом туғини йиқмоққа қаттиқ ҳужум қилишарди. Шу чоғда туғ Ҳазрати Али қўлида эди. Туғ сақловчи мерганлардан бир қанчалари Расулуллоҳ олдиларида эдилар.

Булар ичида шул куни энг ортиқ иш кўрсатган киши ҳазрати Саъд ибн Аби Ваққос бўлди. Сел қоплагандек отлиқ ва пиёда душман аскарига ёлғиз ўзи бир мингдан ортиқ ўқ отди. Расулуллоҳ тинмай ўқ етказиб берур ва: «Ирми ё Саъд, фидока абий ва уммий», яъни, «Отгил, эй Саъд, ота-онам сенга фидо бўлсин», дер эдилар.

Расулулоҳнинг Саъд ҳақида айтган сўзлари икки дунёда мақтанурлик эрди. Чунки илгари кейин бундоқ сўз Расулуллоҳ тарафларидан ҳеч кимга айтилмаган эди. Яна шу чоғда душманлардан бир бўлими тоғ устидан ҳужум қилмоққа чиқиб, келдилар. Расулуллоҳ уларни кўриб: «Эй Саъд, буни қайтаргил», дедилар. Анда у:

«Ё Расулуллоҳ, мен ёлғиз киши қандай қайтаролгайман?» деди. Расулуллоҳ:

«Қайтаргил», деб уч йўл айтдилар. Анда Саъд ўқ ёнчиғидан бир ўқ чиқариб, душманга отган эди, хато қилмай, жон ерига тегиши билан унинг жони чиқди. Иккинчи, учинчи отган ўқлари ҳам қорага тегиб, тоғ устига чиққан душманлардин кетма-кет уч кишини ўлдирди. Буни кўргач, қолганлари тоғ устидан питраб қочдилар. Йўқ эрса, аларнинг қасди — шу томондин келиб, Расулуллоҳга ҳужум қилмоқчи эдилар.

(давоми бор)