O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Расулуллоҳдан ажраганимизни эслайлик, шундан ибрат олайлик…”

“Расулуллоҳдан ажраганимизни эслайлик, шундан ибрат олайлик…”
298 views
20 November 2017 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 236

(давоми)

РАСУЛУЛЛОҲНИНГ БЕТОБ БЎЛИШЛАРИ-5

Имом Бухорий ривоят қилибдур:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот топганларида, қизлари ҳазрати Фотима араб хотинлари одатларича шу сўзларни айтиб йиғладилар: «Худо чақириб кетган вой отам, жаннатдан ўрин олган вой отам, Жаброилга хабари етган вой отам, Худодан яхшилик топгай вой отам».

Расулуллоҳдан кейин олти ойгина умр кўриб, сўнгра вафот топмиш эди. Шу муддат ичида, олти ой ўтгунча, ҳеч бир кулмаган экан. Разияллоҳу анҳу.

Ҳазрат Али айтадурлар:

— Расулуллоҳнинг руҳларини қабз қилғондан сўнгра ҳазрати Азроил йиғлаганича осмонга чиқди. Худо ҳаққи осмондан «Во Муҳаммадоҳ» деб йиғлаган овоз садосини эшитдим.

Бу эрса ҳазрати Алининг кароматидур.

Ҳақиқатда эса мўминларга Расулуллоҳнинг вафотлари энг улуғ мусибатдур. Мунинг олдида дунёнинг барча мусибатлари йўқ ҳисобида эди.

Ибн Можа ривоят қилур: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот топган шу бетобликларида айтган эканлар:

— Умматларимдан қайси бирига ўлим мусибати етса, мендан ажраган мусибатни ўйлаб ўзини юпантирсин.

Мадина аҳли шу сўзни Расулуллоҳдан эшитгандан сўнгра, агар улардан бирортасига ўлим мусибати етар экан, унинг дўстларидан бирови келиб қўлини тутиб:

— Расулуллоҳдан ажраганимизни эслайлик, шундан ибрат олайлик, — деб унга кўнгил айтур эди.

Эй дўстим, ибрат кўзи билан боқайлик. Мана дунёнинг сўнги ҳоли, бўлар иши шудир. Киши ҳар қанча узун умр кўрса ҳам охири бир куни ўлиши бордур. Дунё ва дунёда яшайдиган барча нарсалар бир куни йўқолғусидур. Йўқолмаслик, ўлмаслик ёлғиз Аллоҳнинг ўзигагина хосдир. Дунё саройига ҳар куни келиб, қўниб ўтгувчилар кўпдур.

Лекин у ёқдан қайтиб келган ҳеч одам йўқдур. Кўриб турамиз, дунё ҳеч кимга вафо қилмайдур, билиб турамиз, дунё давлати ҳеч ким қўлида қолмайдир. Одам онасидан туғилиб келди, кичик эди, катта бўлди, ёш эди, қариди, охири ўлди. Ўлганлар эса туғилмагандек бўлди. Бир неча йил ўтгач, уни эсга олувчилар тугайди. Ёлғизгина халққа яхшилик қилганларнинг яхши оти қолади. У дунёга борганда унинг роҳатини кўради. Агар ёмонлик қилувчилар бўлса, бу дунёда халқнинг нафратига қолиб, у дунёда эрса Худонинг ғазабига йўлиқади. Энди ақллик, хушёр кишиларга шу сўз етарликдур. Шулардан ибрат олиб, ўз ишини билиб қилиши керакдур.

Яна ўз сўзимизга келайлик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн иккинчи раббиъал аввал душанба куни ўн биринчи ҳижрийда вафот топдилар. Бу сана милодий 632 йил 11 июнга тўғри келади. Сешанба ўтиб чоршанба оқшомида қабрга қўйилдилар. Демак дафн қилиш икки кун кечиктирилди.

Мунинг сабаби эрса Расулуллоҳнинг ўринларига бир кишини халифа сайлаб қўйишлик эди. Расулуллоҳ ҳаётликларида «Мендан кейин ўрнимга Фалоний бўлсин», деб очиқ айтиб, бирорта кишини кўрсатмаган эдилар. Агарда бирортани тайин қилган бўлсалар эди, «Атиуллоҳа ва атиур-расула», яъни: «Аллоҳга ва ҳам унинг пайғамбарига итоат қилинглар» деган Қуръон ҳукмига қараб шаксиз қабул қилур эдилар.

Лекин Расулуллоҳ ҳеч кимни халифаликка кўрсатмадилар. Чунки Ислом ҳукумати эрса «Ва амруҳум шуро байнаҳум», деган оят мазмунича подшолик давлати эмас эди. Шунинг учун халқ хоҳлаганини ўзи сайласин, деб халифаликка бировни васият қилмадилар. Шу сабаблик ансор ва муҳожирин саҳобалар ўрталарида бир оз бўлса ҳам халифа сайлашда тортишувлар бўлди. Мадиналик ансор саҳобалар муҳожирларга қараб:

— Биздан бир киши, сиздан бир киши, икки амир бўлсин, — дедилар.

Оғизда бўлса ҳам дастлаб Исломга кирган ихтилоф шу эди. Бу сўзга қарши Ҳазрати Абу Бакр:

— Амир биздан, вазир сиздан бўлсин, чунки араб халқи Қурайш қабиласига тобе бўлишни оғир олмайдилар. Бир жойда икки амирнинг бўлиши мумкин эмасдур, — деб уларни қайтардилар.

Ансор саҳобаларнинг катталаридан Зайд ва Собит туриб:

— Бизни Расулуллоҳ «ансор» (ёрдамчи) деб атаганлар. Чунки Худога ва унинг пайғамбарига ёрдамда бўлганмиз. Энди Расулуллоҳнинг халифалари шулардан бўлсин, унга ҳам биз ёрдамчи бўлайлик. Халифалик шу кишига лойиқдур, — деб Абу Бакр Сиддиқнинг қўлини тутди.

Ансор раисларидан Башир ибн Саъд, Усайд ибн Ҳузайр бу сўзни қутладилар. Сўнгра Ҳазрати Абу Бакр сўзга чиқиб, сўзнинг охирида:

— Мен халифаликка шу икки одамдан бирини хоҳладим. Бири — Умар ибн Хаттоб, иккинчиси — Абу Убайда ибн Жарроҳдур.

Эй Ансор жамоати! Қуръондаги Худо айтган дин қариндошимиз эрурсиз. Аллоҳ ҳукмига ҳаммадан илгари сизлар рози бўлишинглар лозимдур. Мен шу икковига рози бўлдим, — деб уларнинг қўлларини тутиб кўпчилик халққа кўрсатди. Ҳар иккови ҳам эй Абу Бакр сен турганда бу ўринга ҳеч ким лойиқ эмасдур. Баримиз сенга розидурмиз, — дедилар.

Яна Ҳазрати Умар халққа қараб:

— Абу Бакр олдида халифа бўлганимдан бошим кесилгани яхши. Эй Абу Бакр, сен бизнинг сайидимиз, баримиздан яхшироқ, баримиздан Расулуллоҳга яқинроқдурсан.

Расулуллоҳ тирикликларида намозга сени имом қилиб, динимизга, охиратимизга бошлиқ қилиб, сенга ишондилар. Нечун биз дунёмиз учун ишониб сени халифа қилмаймиз? Сенинг олдингга тушиб халифа бўлишга кимнинг кўнгли унайди? — деди.

Бутун халқ бу сўздан қаттиқ таъсирландилар. Муни билгач, Ҳазрати Умар:

— Қани бер қўлингни, — деб биринчилардан бўлиб байъатга қўл узатди.

Шу билан байъат бошланиб аввал муҳожирин, сўнгра ансор саҳобалар ҳазрати Абу Бакрга байъат қилдилар. Ҳажарул асвадни талашгандек барчалари, розилик билан Расулуллоҳ ўринларига ҳазрати Абу Бакр Сиддиқни халифаликка сайладилар. Лекин муҳожирлардан Ҳазрати Аббос, Ҳазрати Али, Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Миқдод ибн Асвад, яна Баний Ҳошимдан бир неча кишилар бу байъатга ҳозир бўлиша олмади. Чунки бу иш тўсатдан бошланиб, уларни чақиришга вақт етмади.

(давоми бор)