Алихонтўра Соғуний
ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 242
(давоми)
РАСУЛУЛЛОҲНИНГ АМАКИ ВА АММАЛАРИ
Расулуллоҳнинг ўн икки амаки ва олти аммалари бор эди. Булардан Абу Толиб, Зубайр, Абдул Каъба бу учовлари Пайғамбаримизнинг оталари Абдуллоҳ билан туғишган бўлиб, бошқалари ўгай эдилар.
Булардан икки киши — Ҳамза билан Аббос иймонга мушарраф бўлдилар. Амир Ҳамза Қурайш ичида, балки бутун араблар ичида номи чиққан атоқли баҳодирлардан эди. Шунинг учун Расуллоҳ унга «Асадуллоҳ», яъни Аллоҳнинг арслони, деб лақаб қўйдилар.
Бу киши Исломда ўттиз тўққизинчи, Ҳазрати Умар билан мусулмонларнинг сони қирққа тўлиб, бу икковларининг ҳиммати билан Ислом дини юзага келди. Бўлмаса, бундан илгари дин ишлари яширин эди.
Ҳазрати Ҳамза Расулуллоҳдан уч тўрт ойлик катта бўлиб, бир сийнани эмишган эмакдошлари эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилиб Маккадан Мадинага келгандан сўнгра Ҳазрати Ҳамза ҳам Худо йўлида ҳижрат қилиб, оиласини Маккада қолдириб, ўзлари Мадинага келди.
Ислом динининг биринчи ғалаба қозониши бўлган Бадр урушида бек баҳодирлик кўрсатган эди. Ундан кейин бўлган Уҳуд урушида Ваҳшийнинг тўсатдан отган найзаси билан шаҳид бўлмиш эди. Кофирлар томонидан жасадлари парчаланиб, кўзлари ўйилиб, қулоқ-бурунлари кесилмиш эди. Шунинг учун Расулуллоҳ бу зотни шаҳидлар аълоси, шаҳидлар сайиди деб, етмиш такбир айтиб жанозасини ўтадилар.
Ҳазрати Аббос қолган амакиларининг энг кичкинаси эдилар. Бадр урушида Макка мушриклари зўрлаб аскарликка олган эдилар. Шу урушда бошқалар қатори асир бўлиб қўлга тушдилар. Кофирлар асирлардан фидя пули олиб бўшатганларида амакилари Аббосга ҳам тўрт минг танга фидя тўлашга буюрдилар.
Анда ул киши:
— Мен мажбурлик билан келганман, — деб қутилиш учун далил кўрсатсалар ҳам саҳобалар:
— Шариат зоҳирига қарайди, кўринишда шуларга қўшилиб келдинг, тўлайсан, — деб қўймасдан тўрт минг тангасини олдилар.
Анда Аббос:
— Мен Қурайшнинг олийларидан эдим. Энди энг камбағалларидан бўлиб қолдим, — деди.
Расулуллоҳ:
— Ҳой амаки, хотининг Умму Фазлга кўрсатган дунёни кўмган жойингдан олсак, яна бойлигинг кетмайди, — деган эдилар, амакилари Аббос ҳайрон қолиб:
— Энди аниқ билдим, сен Худонинг пайғамбари экансан, йўқ эрса, мен бу ишни хотинимдан бошқа ҳеч кимга айтмаган эдим. Сенга буни Худо билдирди, бўлмаса қайдан билар эдинг? Энди мусулмонлигимни билдириб сени олдингда қолай десам, Макка халқига берган омонат молларим куйиб кетармикан деб қўрқаман, — деди.
Макка фатҳ бўлгунча динини яширинча тутиб, у жойда туришга Расулуллоҳ рухсат қилдилар. Ҳазрати Аббос саксон саккиз ёшга кириб, Мадинада вафот топдилар, разияллоҳу анҳу.
Муовиядан бошланиб давлат саксон неча йил давом этган Умавия давлати энг охири Марвон Харга келганда Абу Муслим Хуросоний инқилоби орқалик йиқилиб тугади. Сўнгра Пайғамбаримизнинг амакилари Ҳазрати Аббос набираларидан Абдуллоҳ Саффоҳ деган киши салтанат тахтига ўлтириб, Аббосия давлати шундан бошланди.
Расулуллоҳнинг амакилари ичида очиқдан-очиқ қаршилик кўрсатиб, душманлик қилган киши Абу Лаҳаб эди.
Аммо Ҳазрати Алининг отаси Абу Толибнинг Расулуллоҳга қилган фидокорликларига қаралса, Рахматал- лилоламиннинг шафоатидан бу киши ҳам қуруқ қолмаса керак. Бунинг ҳақида иймонга кирди-кирмади деб текшириб ўлтириш бизнинг ишимиз эмасдур. Яхшиси шулки, ул зотга Расулуллоҳ учун ҳурмат ва муҳаббатимизни билдириб, бошқа томонига ўтмай сукут қилишдур.
Расулуллоҳнинг олтита аммалари ичида Зубайр ибн Аввомнинг оналари Сафия бинти Абдумутталиб Исломга мушарраф бўлди. Отика, Арво икковларининг динга кирганлари гумонликдур. Қолганлари эрса ваҳийдан илгари ўлгандирлар.
Пайғамбарларнинг даъватлари етмаган кишилар кофир ё мусулмон бўлмайди. Икки пайғамбар орасида ўтган дин даъвати уларга етмаган одамларнинг ҳам ҳукмлари шудир. Қиёматда буларнинг жойлари жаннат билан дўзах ўртасидаги «Аъроф» деган ўринда бўлиши Қуръони каримда айтилмишдур.