Алихонтўра Соғуний
ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 241
(давоми)
РАСУЛУЛЛОҲНИНГ БОЛАЛАРИ
Пайғамбаримиздан онамиз Ҳазрати Ҳадича уч ўғил ва тўрт қиз туғдилар. Дастлаб Маккада энг аввал туғилган ўғилларининг оти Қосим эди. Шунга кўра Пайғамбаримизни араблар Абул Қосим, яъни Қосимни отаси деб ҳам атадилар.
Мундан сўнгра тўрт қиз — Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум, Фотима ваҳий келмасданилгари туғилган эдилар. Сўнгра пайғамбарлик даврида бир ўғил туғилиб, оти Абдуллоҳ бўлди.
Шу ўғилни Таййиб Тоҳир деб ҳам атар эдилар. Бироқ, булар Абдуллоҳ эмас, балки ундан кейин туғилган эгизак ўғиллари эди, деганлар ҳам бордур. Буларнинг ҳаммалари ҳижратдан илгари Маккада туғилган эдилар. Бош ўғиллари Қосим икки ёшга тўлмасдан Маккада вафот топди. Сўнгра Абдуллоҳ ҳам бир неча ойлигидаёқ вафот бўлди. Бу бола вафотбўлгач, ўғил фарзандлари қолмади. Араблар эрса қизни бола қаторида кўрмас эдилар.
Шунинг учун Қурайш мушрикларининг раисларидан Ос ибн Воил:
— Муҳаммаднинг тухуми тугади, дунёдан боласиз ўтади, насли узилди, оти ўчди, — деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маъюс бўлмасин деб Аллоҳ таоло Кавсар сурасини тушириб, «Инна шаниака ҳувал абтар», деди. Яъни: «(Эй Муҳаммад,) сенга кўп яхшиликлар бердик, қиёматгача сенинг отинг ўчмайди. Сени «абтар» деган кишининг ўзи «абтар»дур. У ўлди эрса оти ўчиб, ҳеч ким уни оғзига олмайди. Сенинг номинг миноралар бошида, минбарлар устида, мусулмонлар оғзида қиёматгача айтилиб туради», деди.
Расулуллоҳнинг учинчи ўғиллари Иброҳимдур. Ҳижратнинг саккизинчи йили қурбон ойида туғилди. Еттинчи куни қўчқор сўйиб «ақийқа» қилдилар. Ва шу куни отини қўйиб, сочиниолдирдилар. Сўнгра унинг оғирлигича кумуш садақа қилишга буюрдилар. Йигирма ойликбўлганда Иброҳим ҳам вафот бўлиб, Бақеъ гўристонига кўмдилар.
Ул кунда Расулуллоҳ:
— Эй Иброҳим, сендан ажраётганимиз учун ҳаммамиз қайғуликдурмиз, — деб йиғладилар, муборак кўзларидан ёш тўкилди.
Чақалоққа еттинчи куни қудрати етар экан икки қўй, йўқ эса, бир қўй сўйиб ақийқа ўтказиш ва шу куни исм қўйиб, сочини олдириш, оғирлигича кумуш садақа қилиш умматларига суннат бўлиб шундан қолди.
Расулуллоҳнинг Қосимдан кейин туғилган қизлари Зайнаб эди. Бу қиз вояга етганида холасининг ўғли Абул Осга бердилар. Мундан туғилган икки бола: бир ўғил ва бир қиз бўлиб, исмлари Али ва Умома эрди. Абул Оснинг онаси Ҳадича онамизнинг сингилларидур.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилганларида набиралари Алини туя орқасига мингаштириб олган эдилар. Умри қисқа экан, балоғатга етар-этмас бу бола ҳам вафот топмиш эди. Қиз набиралари Умомани эрса Ҳазрати Фотима вафот топгандан кейин Ҳазрати Али никоҳларига олдилар. Чунки, холаси Ҳазрати Фотимадан шундоғ васият бўлмиш эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўттиз ёшга кирганларида Зайнаб туғилмиш эди, саккизинчи ҳижрийда вафот топди, разияллоҳу анҳо.
Иккинчи қизлари Руқайяни Ҳазрати Усмонга берган эдилар. Ҳижратнинг иккинчи йилида вафот топди. Расулуллоҳнинг асранди ўғиллари Зайд ибн Ҳориса Бадр урушининг хабарини суюнчилаб шу куни Мадинага келмиш эди. Қайтганида мусибат хабарини етказиб, Расулуллоҳга таъзият қилди эрса: «Қизларнинг ўлими шарафликдур, алҳамдулиллоҳ», дедилар.
Учинчи қизлари Умму Кулсумдур. Уни Руқайя вафот топгандан кейин Ҳазрати Усмонгабердилар. Шунинг учун бу кишининг лақаби «Зуннурайн» — «Икки нур эгаси» бўлди.
Ҳазрати Усмон у билан олти йил умр ўтказдилар, ўрталарида бола бўлмади. Ҳижратнинг тўққизинчи йили вафот бўлиб, Бақеъ гўристонига қўйилди.
Расулуллоҳ айтдилар:
— Усмонни тезроқ уйлантириб қўйинг, агар меним учинчи қизим бўлса, уни ҳам берар эдим.
Расулуллоҳнинг тўртинчи қизлари Фотимаи Заҳро эди. Ҳижратнинг иккинчи йили Ҳазрати Алига никоҳ бўлди. Ҳазрати Фотима ўн беш ёшда, ҳазрати Али йигирма саккиз ёшда эдилар.
Пайғамбаримизга ваҳий келишдан бир йил илгари туғилмиш эдилар. Ҳижратнинг ўн биринчи йили Расулуллоҳдан олти ой кейин вафот топди, разияллоҳу анҳо. Ёши йигирма саккизда эди.
Ҳазрати Али Фотимани сўраб келганида:
— Никоҳ маҳрига нима нарсанг бор? — деб сўрадилар эрса:
— Урушга киядиган ёлғиз совутим бордур, — деди.
Ҳазрати Алининг бошқа ҳеч нарсаси йўқ эди. Шуни сотиб пулини келтирмоққа буюрдилар.Тўрт юз саксон тангага сотиб пулини Расулуллоҳга келтирди. Тўй маҳрига шу пулни сарфқилиб, хурмо, майиз билан саҳобаларга никоҳ тўйи қилиб бердилар. Ичига хурмо қипиғитўлғизилган бир ёстиқ, жундан тўқилган бир шолча, қурбонликдан қолган бир қўчқортериси, бир дона чойишаб, бир дона сув ташийдиган идиш, 2 дона кўзача бердилар.
Фотимани узатганда унга қилган асбоблари шулар эди. Туширилган уйлари ичига қум тўшаб, шунинг устига қўчқор терисини солиб ётар эдилар. Никоҳ ўқилгандан сўнгра бир коса сув келтиринглар, деб буюрдилар. Унга «Бисмиллаҳ» айтиб дуо ўқигандан кейин шу сувдан олиб Ҳазрати Алининг юзларини, кўкракларини силадилар. Ҳазрати Фотимага ҳам шундоқ қилганларидан сўнгра:
— Эй бор Худоё, буларга ва буларнинг наслларига баракот бергил, — деб дуо қилдилар.
Ҳазрати Фотимадан олти бола туғилди. Ўғиллари эрса Ҳасан, Ҳусайн, Муҳсин, қизлари Зайнаб, Умму Кулсум, Руқайя эдилар. Муҳсин ёшлигидаёқ вафот топди. Имом Ҳасан, имом Ҳусайнлар бўлса, Пайғамбаримизнинг дуолари шуларга етиб, наслларига Худо барака берди.
Кўпинча азиз ва авлиёлар шулардан чиқдилар. Ислом тупроғида бу зотларнинг қадамлари етмаган жой йўқдур.