Алихонтўра Соғуний
ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 173
(давоми)
РАСУЛУЛЛОҲНИНГ МЎЖИЗАЛАРИ
РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ МЎЖИЗАЛАРИ
Дастлаб «мўжиза» деган сўзни ўқигувчиларга тушунтириб ўтамиз. Анинг учунким, сўз қилишдан мақсад тушунтирмакдур. Китоб ўқимоқдан мақсад унинг маъносини билиб, маълумот олмоқдур. Аллоҳ таоло ўз улуғ қудрати билан барча оламни яратди. Яъни, бурун ҳеч нимарса йўқ эди, йўқдан бор қилди. Сонсиз олам ичида одамни яратди.
Олам яратмоқнинг ҳикмати одам яратиш эди. Одам яратишдан мақсади ўзини танитиш, уларга тўғри йўл кўрсатиш эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло, бир ривоятда айтилишича, бир юз йигирма тўрт минг, иккинчи ривоятда айтилишича, икки юз йигирма тўрт минг Пайғамбарларни инсонларга элчи қилиб юборди.
Энди ўйлаб қарасак, ҳар бир кишига очиқ маълумдирким, бир подшо ёки бир ҳукумат бир кишини ўз томонидан хизмат учун бир ёққа юбормоқчи бўлса, қоида-қонун шулдурким, албатта, унинг қўлига бошқалар ишонгудек қилиб тамғаларни бостириб, ҳужжат хатини берурлар. Мана шунга ўхшаш улуғ қудратли Аллоҳ таоло ўзи юборган Пайғамбарларини ҳақликларига ҳужжат бўлиши учун уларнинг ҳар бирларига ҳар турлик мўжизалар бермишдур. Агар бундоқ бўлмаган тақдирда Худо тарафидан келган Пайғамбарлар ўз қавмлари олдида хижолатга қолурлар эди. Агар алар келиб қавмларига:
— Сизларни ой ва кун, юлдуз ва ерларни яратгувчи Тангрингиз томонидан яловчи бўлиб келдим. Ўз сўзини сизларга еткузмак учун мени юборди, — десалар,
— Бу сўзингга ҳужжатинг борми? — деб кишилар ундан сўраса, нима айтурлар?
Далилсиз қуруқ сўз ҳеч ўринда қабул қилинмас. Мана шунинг учун мўжиза кўрсатмаган пайғамбар дунёда йўқдур. Ҳеч бир пайғамбарни Худо мўжизасиз юбормагандир. Отамиз Одамдан бошлаб Муҳаммад Пайғамбаримиз замонларига келгунга қадар неча юз минг пайғамбарлар ўтган бўлсалар, ҳаммаларининг Худо томонидан берилган мўжизалари бордур. Лекин бизнинг Пайғамбаримизнинг мўжизалари ўтган Пайғамбарларга қараганда яна ҳам кўпроқдур. Улуғ алломалардан баъзилари Қуръондан бошқа Расулуллоҳнинг мўжизалари уч мингдан ортиқроқ, дейдилар.
Аммо Расулуллоҳга берилган мўжизаларнинг ичида энг улуғи ушбу Қуръондур ва унинг мўжизалигини билмак учун уч йўл бордур.
Биринчиси — бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммийдурлар. Яъни, онадан туғилганларича ўқимаган, мадраса юзини кўрмаган, қалам тутиб хат ёзмаган бир кишидурлар. Мундоқ кишига Қуръонга ўхшаш фасоҳат ва балоғатда энг олий сифатга эга бўлган бир улуғ китобни ўз кўнглидан чиқазиб ёзмоқ ҳеч қачон мумкин эмасдур. Қалам тутмаган, ҳарф танимаган киши китоб ёзиш буён турсин, ўз отини ҳам ёзолмайди. Бу иш эрса оқиллар олдида очиқ ҳақиқатдур. Энди иш шундоқ бўлгач, Расулуллоҳ бу улуғ Қуръон китобини қайдин келтирдилар? Албатта, шаксиз бу китоб Пайғамбаримизга Аллоҳдан келгандур.
Жаброил номли фаришта Аллоҳнинг амри билан ўттиз пора Қуръонни йигирма уч йил ичида Пайғамбаримизга келтириб тамомлади. Ҳожат тушган вақтда бир сура-ярим сура, беш-ўн оятлаб тушириб турди.
Иккинчиси шулдурким, Пайғамбаримиз туғилиб, Қуръон ер устига тушгунчалик араблар тил тўғрисида, сўз даражасида шундайин ривож топган эдиларким, чечанлик, шоирликнинг энг юқори мақомига етган эдилар. Қуръон тушган кунларда араблар ичида ўқимаган, ёзмаган туғаса шоир, хатиблардан неча минглаб топилур эди. Мана шундоқ чоғда Пайғамбаримиз Худо тарафидан бу улуғ мансабга тайин топдилар. Яъни, Пайғамбаримиз қирқ ёшга етганларида бутун дунё халқига Аллоҳни танитиб, уларни Ислом динига даъват қилишлик Худо тарафидан буюрилди.
Бу диннинг қоида-қонунларини очиқ баён қилиб, Пайғамбаримизга Қуръон китобини туширди. Бошқа мўжизага ҳожат қолмай шу китобнинг ўзиёқ Расулуллоҳнинг Пайғамбарлигига энг улуғ ҳужжат бўлди.
Шундоқким, Расулуллоҳга Пайғамбарлик ваҳийи келгач, халқ ичига кириб очиқдан-очиқ айтдилар:
— Билингларким, мени Аллоҳ таоло сизларга Пайғамбар қилиб юборди. Ер устидаги барча инсонларни Ислом динига даъват қилурман. Агар менга иймон келтириб қабул қилсангиз, нажот топурсиз. Йўқ эрса, абадий азобга қолурсиз.
Анда улар:
— Сенга далилсиз, ҳужжатсиз қандай ишонгали бўлур, бош-оёғи билинмаган бир сўз билан ўз динимизни нечук ташлагаймиз? — деб Расулуллоҳдан ҳужжат сўрадилар эрса, дарҳол Қуръондан бир қисқароқ сура ўқиб:
— Мана меним ҳужжатим, бу сўз Аллоҳдан келмишдур, меним барҳақ Пайғамбарлигимга шу ўқиганларим далилдур. Бу оятлар Аллоҳ сўзидур, махлуқ сўзи эмасдур. Аллоҳ сўзини ўзга ҳеч кимарса сўзлай олмагай. Махлуқ сўзини ҳар ким сўзлай олгай. Агар меним шу сўзимга ишонмас эрсангиз, Муҳаммад Қуръонни ўзи кўнглидан тўқиб чиқарди десангиз, қани бўлмаса, сизлар ҳам шунга ўхшаш бирорта сурани, ёки беш-ўн оятни ўз кўнглингиздан тўқиб чиқаринглар-чи! Агар сизлар ҳам шунга ўхшаш оят тўқиб чиқарур бўлсангиз, ул чоғда мени ёлғончи қилмоққа, албатта, ҳаққингиз бордур. Лекин аниқ билурман «Инно аътайно» каби қисқача бир сура келтирмакка ҳам кучингиз етмайдур, бу ишга ожиз эрурсиз. Йўқ эса, қани шунга ўхшаш бир сура келтиринглар-чи! Шу билан осонгина ишимиз айрилсун, ўртамиздаги талашган масаламиз тезроқ ҳал бўлсин, — деб уларни қистагали турдилар.
(давоми бор)