Алихонтўра Соғуний
ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 243
(давоми)
РАСУЛУЛЛОҲНИНГ ҚУРНОҚЛАРИ (ходимлари)
Булар ичида энг машҳури ҳазрати Анас ибн Моликдир. Мадинага ҳижрат қилиб келган йилдан бошлаб Расулуллоҳ вафот бўлгунларича хизматларида бўлди. Унинг ҳаққида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
— Эй бор Худоё, Анаснинг мол-жонига бу дунёда барака бергил, охиратда унга жаннат ато қил, — деб дуо қилдилар.
Дуолари қабул бўлиб, мол-жонига барака кириб дунёси кўпайди, ўлганида ёлғиз ўзидан туғилган болалари эрса бир юз олтита бўлган эди. Ўзи бир юз йигирма йил умр кўрди, разияллоҳу анҳу.
Иккинчиси, Абдуллоҳ ибн Масъуд эрур. Маккада турганларидан бошлаб Расулуллоҳ биланбирга бўлиб, ҳеч ажрамас эди. Билмаган кишилар шу оиладан деб ўйлар эдилар.
Расулуллоҳнинг мисвокларига, ковушларига эга эди. Таҳорат олишда мисвокларини, турганларида ковушларини тайёрлаб, юрганларида асо кўтариб, олдиларида йўл бошлар эдилар, разияллоҳу анҳу.
Учинчи хизматчилари Муайқиб Давсий эрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳр шарифларини сақламоқ учун бу кишига топширмиш эдилар.
Тўртинчилари, Уқба ибн Омирдур. Бу киши эрса Расулуллоҳнинг хачирлари Дулдулни боқиш, кутиш вазифасида эди. Сафарда, ҳазарда уни етаклаб Расулуллоҳни миндириш, тушириш хизматини бажарур эди.
Бешинчилари, Расулуллоҳнинг муаззинлари ҳазрати Билол Ҳабаший эрур. Бу эрса Расулуллоҳнинг оилалари устидаги сарф, нафақа ишларига ёрдамлашур эди. Ҳижратнинг 8-йили Макка фатҳ бўлганида Расулуллоҳ амрлари билан Каъбатуллоҳ ўгизасига (устига) чиқиб, Макка шаҳрида биринчи азони Муҳаммадийни айтган одам шул кишидур. Ҳижратнинг 20- йили олтмиш олти ёшда Шом шаҳрида вафот топди, разияллоҳу анҳу. «Арабнинг афзали мендурман, Ҳабашнинг афзали Билолдур», деган ҳадис шул киши ҳақида келмишдур.
Яна бир ходимлари Абу Зар Ғифорий эрур. Бу киши эрса, Расулуллоҳга ваҳий келганданкейин тўртинчи бўлиб Исломга кирган, сўфийлик, қаттиқ тарки дунё қилган улуғсаҳобалардан эди. Дунё тўплаган кишиларнинг ҳеч биридан рози бўлмай: «Учкунлигидан ортиғини муҳтожларга бўлиб бериш керак», дер эди.
Пайғамбаримиздан илгари бутга топинмаган, ҳақ дин излаган киши эрди. Мунинг мазҳабида ҳар бир мусулмон одамга кундалик овқатига қаноат қилиб, ортиғини муҳтожларга бериш фарздур. Хазина қилиб сақлаб қўйиш ҳаромдур. Шунинг учун Ҳазрати Усмон халифа вақтида Шом волийси Муовия билан бир масала устида хилоф чиқиб тортишувлар бўлди. Ҳазрати Усмоннинг ювошлигидан, қариндошчанлигидан фойдаланиб, Муовия бошлиқ Бани Умайя раисларига бу сўз оғир келганликдан Ҳазрати Усмонга шикоят қилдилар. Ҳазрати Усмон тарафидан чақирилиб Мадинага келгач, яна шу ҳақда ўз сўзини қувватлаб бу фикрдан қайтмади. Сўнгра Абу Зарнинг халққа кўп аралашмаслигини маслаҳат қилиб, Ҳазрати Усмон Мадинадан уч манзил узоқликда бўлган Рабаза деган киши йўқ ерга сургун қилди. Саҳобалар орасида фитна қўзғалди. Ҳазрати Усмонни шаҳодатларига сабаб бўлган ишларнинг бириси шул эди.
Ҳижратнинг 9-йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шом тупроғига яқин Табукғазотига чиқмиш эдилар. Шунда Абу Зарнинг минган туяси чарчаб аскар ортидақолди. Йуришга ярамаганликдан қуролларини осиниб, юкини елкасига қўйиб йўлга тушди.
Унинг келаётганини Расулуллоҳ йироқдан кўриб:
— Бечора Абу Зар, ёлғиз юради, ёлғиз ўлади, — дедилар.
Шунинг устига Кўфадан келаётган Ибн Масъуд бошлиқ бир жамоа киши келиб қолишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
— Эй Абу Зар, сенинг жанозангни мўминлардан бир жамоа киши ўқийди, — деган эдилар.
Расулуллоҳ айтганларидек, Рабазага сургун бўлиб, шу жойда ёлғизликда вафот топади. Яна ул зот айтганларидек, Ибн Масъуд имом бўлиб, шул жамоа жанозасини ўқиди. Расулуллоҳ йигирма неча йил илгари Абу Зар ҳақида ғайбдан хабар айтган мўжиза сўзлари деганларидек тўғри чиқди.