O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Рауф Парфий билан учрашув Жиззах.2004.март

Рауф Парфий билан учрашув Жиззах.2004.март
152 views
02 May 2013 - 15:11

1-Rauf akaАтоқли шоир Рауф Парфи билан бўлган бу учрашув 2003 (ёки 2004) йилнинг март ойида шоир ихлосмандлари томонидан Жиззахда видео тасвирга олинган. Афсуски,видео тасвирнинг сифати жуда паст, овоз билан тасвир бир-бирига мос тушмайдиган  аҳволда экан. Шунинг учун ҳам  мазкур учрашувнинг техник нуқсонлардан тозаланган аудио нусхасини видео-слайд форматида тақдим этишни маъқул кўрдик. Бир неча кун олдин эълон қилинган  суҳбат-интервьюни ҳам саҳифамизга жойлаштирганда шундай йўл тутган эдик. Мазкур учрашувни уюштирган Туроб Мақсудга, учрашув видеосини бизга тақдим этган Мурод Човушга миннатдорчилик билдирамиз.

090

123

ХХ аср ўзбек адабиётининг ёрқин намоёндаларидан Рауф Парфи Ўзтурк – Сир шоири, унвони соҳир шеърият соҳибидир. Бизнинг билимларимиз бу шеъриятнинг зоҳирий қисминигина ёритиши мумкин, чунки уни тизимларга айириб, аниқ қолипларга жойлаб бўлмайди. Бу – жўн ўқувчи учун содда; билимдон ўқувчи учун – қудратли аҳмол бўла билади.
Рауф Парфи Ўзтурк асли насаби фарғоналик (Водилдан) бўлиб, 1943 йилнинг 27 сентябрида Тошкент вилояти, Янгийўл тумани Шўралисой қишлоғида Парфи Муҳаммад Амин (1893-1955) ва Сакина Исабек (1913-1995) оиласида дунёга келди.

Нўъмон Раҳимжоновнинг «Иймон асири» мақоласидан.

123

Орадан йиллар ўтиб, Рауф Парфини ўйласам, унинг юриш-туришини, хатти-ҳаракатини, гап-сўзларини, юз-кўзидаги беғубор самимиятни кўз олдимга келтирсам, аксарияти менга ёд бўлиб кетган шеърларини кўнглимдан ўтказсам, қалбимда ажабтовур қилиқлари, феъл-атвори билан ҳеч кимга ўхшамаган бу гўзал қалбли инсонни, инсонийлик, туркийлик, миллийлик қон-қонига сингиб кетган бу буюк ватанпарвар шоирни тириклигида етарлича қадрига етмаган эканмиз, деган бир надомат пайдо бўлади. Унга тириклигида айтмаган гапларимизни энди айтишдан нима фойда деган хаёлга ҳам бораман-у, лекин ҳеч бўлмагандан кўра кеч бўлгани ҳам яхши, деб айтишга жазм этаман. У менда қандай таассурот қолдирган бўлса, шундайлигича, у менда қандай ҳис-туйғулар уйғотган бўлса, шундайлигича, у менинг тасаввуримда қандай бўлса, шундайлигича эътироф этишга ҳаракат қиламан. Бошқаларни билмадим, лекин мен учун Рауф Парфи баъзи бировларга ўхшаб, устоз кўрган, тугаракдан чиққан шоир эмас. У мутлақо ўзига хос феъл-атворли, ўз дунёқараши ва эстетик принципларига эга туғма шоир – худо берган шоир. Жаҳон адабиётида сонетчилар кўп. Петрарка, Шекспир, Рильке сонетлари зўр. Аммо, назаримда, Рауф Парфи сонетлари теранроқ, гўзалроқ, соҳирроқ, эҳтирослироқдай.

Сулаймон Раҳмоннинг «Суюк ва буюк шоир» мақоласидан.

123

Рауф ака энг саводхон шоирларимиздан бири эди. Унинг шеъриятимиз янгиланишидаги хизматлари жуда улкан. Шоир ижодда маъно, шакл ва оҳангни ўзгача бир инжаликда юксалтирди. У шеъриятимизнинг интеллектини кўтарди. Жайдариликдан халос этиб, замонавий жаҳон адабиёти даражасига олиб чиқишда улуғ хизматлар қилди.

Усмон Азимнинг «Рауф Парфи» мақоласидан.

123

Рауф Парфи тириклигида афсонага айланган шоир эди — ёлғиз унгагина ярашган «қилиқ»лари хусусидаги баъзан чин,баъзан чўпчак гапларнинг ўзини бир китоб қилса бўлади. Аммо, кўплар билмайдики, бу «қилиқ»лар Рауф Парфи сийратини эмас, унинг суратиники эди. Шоир сийратини ҳаммагаям ошкор қилмас, уни фақат қоғозга ишонарди. Бугун шоир ҳақидаги кўплаб хотираларни ўқиб,зшитиб, уларни ёзган одамлар Рауф Парфи сурати ҳақида ёзаётганларини англамасликларини кўраман. Улар «Неча шишалик йўл?» деб сўраган Сийрат эмас,Сурат эканини билмайдилар. Гоҳ Навоий кўчасидаги,гоҳ Матбуотчилар уйи биносидаги,гоҳ яна бир жойдаги ошхоналарда ичиб ўтирадиган одам — Рауф Парфининг Сийрати эмас, сурати эканини англамайдилар. Сийрат фақат ёлғизликда намоён бўлар, мана шу ҳам роҳатли,ҳам оғриқли ёлғизликда у қўлига қалам олиб, юрагини безовта қилган,қийнаган сўроқларига жавоб излар, бу сўроқларини гоҳ Чўлпонга,гоҳ Нозим Ҳикматга, гоҳ Блокка бериб,улардан нажот кутарди. Ёнида бирон киши пайдо бўлиши билан Сийрат ўрнини Сурат эгалларди.

Хуршид Давроннинг «Рауф Парфига гулчамбар» мақоласидан.

123

Рауф Парфининг адабий-эстетик қарашлари, асосан, адабий асар психологияси, ижод фалсафаси, адиб шахси ва сўз санъати масъулияти билан боғлиқ. Шу маънода, уларни шоирнинг дунёни, шахс ва жамиятни, воқеликни таҳлил қилувчи, баҳоловчи ижтимоий-фалсафий концепциясидан айри англай олмаймиз. Барчаси мужассамлашган ҳолда, умрнинг маъноси, тириклик хосияти ва неъмати, шахснинг муқаддас сўз олдидаги бурчи, миллат ва Ватан ўтмиши, бугуни-эртаси-келажаги хусусидаги дардли ўйлар, изтиробли мушоҳадалардир. Хусусан, бир шоир китобига ёзган сўзбошисида бунга алоҳида эътибор беради: “… Бир шеър мухлиси сифатида беихтиёр бугунги шеъриятимиз учун ҳам, мен учун ҳам умумий бўлган бир неча масала ҳақида ўйлаб қолдим. Менинг фикри ожизимча — бугунги ўзбек шеъриятимиз ғоят турли-туман, ғоят рангин-рангпар, афсуски, баъзан долзарб мавзунинг ифодаси жўн, сўзлар заиф. Баъзан эса, юксак шеър маданиятига зид ҳолларга дуч келамиз. Сўз устида тинимсиз ишлашимиз, сўзнинг тарихини, тархини, тадрижини, товушини, ҳидини, таъмини чуқур ҳис қилишимиз, бир бутун уйғунлик ҳақида жиддий ўйлашимиз керакка ўхшайди. Туйғуларнинг меъёри бузилишини ақл кўзи билан кўришимиз зарур. Гўзалликни, нафосатни кўзимизга, руҳимизга ютгачгина у, сўзга айланади”.

Нўъмон Раҳимжоновнинг «Сўз-ранглар билан суҳбат» мақоласидан.

123

Рауф Парфини ҳаёт ҳақиқати эмас, қалб ҳақиқати кўпроқ ўзига тортади. Менинг назаримда, у кундалик турмушда қандай яшамасин, одамлар билан қай тарзда мулоқот қилмасин, шеър ёзаётганда қандайдир руҳий юксакликда туриб ёзарди…
Рауф Парфи сингари бир буюк ўзбек шоирининг ижодидан ҳар ким ўзи истаган фикрини топа олади. Энг муҳими, эҳтимол, айнан у шеър ҳақидаги минг йиллар қарор топган тушунчаларни парчалади. У шеър осон ўқилиши, ўқиган одам маза қилиши керак, деган тасаввурни синдирди. Унинг шеърлари бир ўқишда англашилиб кетадиган осон сатрлар эмас. Ундаги фикр силсилаларини англаш учун мияни «сиқиш», оғриқли ўйлаш керак бўлади. Шундагина ундан бойиниши, тўйиниш мумкин.

Абдулкарим Баҳридиннинг «Рауф Парфи: Мен куйиниб сўзлайман холос…» мақоласидан.

123

“Рауф Парфи ҳар бир шеърида одамнинг мураккаб руҳий дунёсидаги бирон ҳолатни тутиб олиб, суратлайди. Бу – қийин ижодий процесс. Лекин Рауфнинг сатрларида бу қийналиш билинмайди, улар гўё осон кўчгандек равон, табиий, самимий. Бу шеърларда декларативлик ҳам, насиҳат ҳам, иллюстрация ҳам, дидактив яланғочлик ҳам йўқ. Улар шоирнинг завқ дунёсидан туғилган. Агар бу дунё тобора кенгайса, тўлқин урса, инсоний эҳтирос ва гражданлик ҳислари билан янада бойиса, Рауф Парфи, шубҳасиз, ҳассос шоир бўлади”. Устод адиб Асқад Мухторнинг бу фикрлари, албатта, Рауф Парфи ижодига билдирилган дастлабки муносабат эди. Орадан салкам 20 йил ўтиб атоқли адиб шундай ёзади: “Рауф Парфи – яралари очиқ, дардли шоир. Унда ҳазинлик кўп, ора-чора шунчаки марсия ҳам ёзиб ташлайди, тушкунлик аломатлари ҳам учрайди. Мен буни шоирнинг айбига йўймасдим. Шоир инсоний дардлардан холи бўлолмайди. Рауф Парфи эса, шоир сифатида ўзлигини тўлароқ ифодалашга интилади, шу маънода рўйирост”. “Шеър – шоирнинг ижтимоий виждони” сарлавҳали мақолада Асқад Мухтор Рауф Парфи ижодини чуқур таҳлил қилиб берди, шоирни айрим ғоябозлардан ҳимоя этиб, у ҳақдаги энг асосий гапни айтди: “Рауф Парфи ҳиссиёт воситасида тафаккур қилувчи, кучли, беҳаловат шоир”.

Беҳзод Фазлиддиннинг «Ҳассос руҳнинг тиниқ овози» мақоласидан.

kh-davron.uz