O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Рауф Парфи: Ўзбекистондаги аҳвол ҳақида

Рауф Парфи: Ўзбекистондаги аҳвол ҳақида
144 views
06 May 2013 - 13:09

Қуйида Турк дунёсининг буюк шоири Абдурауф Парфининг нашр учун тартибланган “Сокина” номли китобидан шоирнинг ватанда бўлаётган воқеaларга муросасиз муносабати акс этган бир парчани эътиборингизга ҳавола киламиз.

СЎЗЛАР

RP 2004Инсоният тугал ҳақиқатга ҳеч қачон эриша олмайди, аммо ҳақиқат изловчиларнинг узлуксиз ҳаракат жараёни, ҳаракат йўли – ҳақиқатнинг ўзидир.

Абдулҳамид Чўлпон  “Хаёл. Хаёл. Фақат хаёл гўзалдир, Ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқамен”, деб ёзади.

Бу ерда шоир ҳақиқат сўзига фалсафий тазмин сифатида эмас, у ҳақиқат деганда, атрофда, кўз ўнгида кечаётган аниқ воқеликни назарда тутган.

Теварак – атрофда кечаётган воқеликни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди, ўз дунёвий билими даражасида идрок этади, албатта. Аниқ гапни ҳали ҳеч ким айтганича йўқ. Айта олмайди ҳам.

Менга ўхшаган ўртача фикрлайдиганлар – инсон ўз виждонини, иймонини қанчалик покиза сақласа, шунчалик дунёда тинчлик, хотиржамлик асралади, деб юрсак, ақли расолар бир-бирини ғажиб, бир-бирини итдек таламоқда, минг йиллик ғанимлардек бир- бирини ўлдирмоқда.

Бу алоҳида мавзу бўлиши мумкин, аммо биз бугун танлаган асосий мавзуга алоқаси бор.

Биз ютуқларимиз, ғалабаларимиз, оламшумул миқёсида тараққий этаётганимиз, ер ости, ер усти бойликларимиз халқ қўлида экани, оғир саноат, енгил саноат халқаро майдонда биринчи ўринда экани, айниқса бизда Инсонга эътибор, Инсон қадрияти ҳар нарсадан устивор экани ҳақида радио-телевизионда ночор эшиттириш ва кўрсатувларда, минглаб бир-биридан унчалик фарқ қилмайдиган газет- журналларда эрта тонгдан эрта тонггача, ҳар кун, ҳар тун, ҳар соат, ҳар дақиқа, ҳар сония тинимсиз ўқиймиз, кўрсатамиз, гапирамиз, лоф урамиз, ортиқча ҳаяжонланамиз ва албатта, бу ютуқлар ва ғалабаларни бир кишининг номи билан боғлаб олиб борамиз.

Ютуқларимиз ўз йўлига, аммо ҳақиқат- яъни воқелик ўзгачадир. Бу, аввало, юртимизда Инсон қадрининг тушиб кетганида кўринади.

Биз демократияга интилаётган авторитар давлатда яшаймиз, яъни муҳаққақ ҳарбий кучга суянувчи, табиийки мелисия давлатида яшаётганимиз букун ҳар бир Ўзбекистон фуқаросига ва бутун жаҳонга сир эмас. Олтмиш фоизи саводсиз, жоҳил кимсалардан иборат бўлган милисиясининг қамоқхоналарда, бозорларда, авто йўлларда, жаъмики йўлларда ватандошларга зулм қилаётганлиги ва бошқа кирдикорлари барчага маълум. Ёки  тузатилиши керак бўлган солиқ тизимининг кучланиши халқнинг тинкасини қуритганини ким билмайди? Бундайин аянчли иллатларни кимдан яширамиз? Ўзимизданми? У дунёданми?

Ўқитувчиларнинг ишлаётган мактабларини, институтларини, университетларини йиғиштириб, деҳқончиликка чиққанларини ёки ўзларини бозорга урганларини қандай изоҳлаймиз?

Тиббиёт манзилларидаги тибб ходимларнинг пора- рушват олишга мажбур бўлаётганларини қандай тушуниш мумкин? Олимларнинг, ёзувчиларнинг, рассом, санъат аҳлининг – жамики ижодкорларнинг қайғули аҳволига нима дейсиз?

“Тўртинчи ҳокимият” деб аталган журналистларнинг тепадаги учта ҳокимият тарафидан бўғилаётганини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз.

Ўзбек оилаларининг бузилиб кетаётганига асосий сабаб ночорлик ва қашшоқлик экани сирми?

Қизиқ, фуқаронинг бир қути папиросини, бир халта ёнғоғини ағдариб синчков текширувчи мелиса бомбачаларни бемалол ўтказиб юборса, ёки террористларга сотилганмикан мелиса?! Астағфуруллоҳ, алҳазар.

Бу шафқатсиз зўравонликлар ичдан бўлса, уни аниқлаш, ташдан бўлса буни фош қиладиган халқаро ташкилотлар билан юзма-юз бўлиш керак.

Алҳамдилиллоҳ, ҳаммамиз мусулмонмиз. Эй биродарлар, мусулмон дегани террорчи дегани эмас. Ватандошлар, терроризмга қарши кураш ниқоби остида, худо кўратмасин янги террорга йўл қўймайлик, тинчликни сақлаш ниқоби остида тинч аҳолининг тинчлигини бузишга йўл қўймайлик.

Ҳазрати Навоийнинг сўзлари ёдимга келади:

Кўзи қон тўкмак ичра қонмай ҳеч,
Ўзин холин ўзи инонмай ҳеч.
Ёрлик қайда қолди ёронлар,
Йўқ мусулмонлик, эй мусулмонлар.
Эй, Навоий, не бўлса гуфторинг,
Айла бунёдким, худо ёринг.

Бундай чегарасиз зўрлик, ҳамма жойда такрор-такрор айтилаётганидек, бусиз ҳам қўрқув ичинда яшаётган халқни яна-да қўрқувда, яна-да қашшоқликда, яна-да жаҳолатда сақлаш учун лозим, золимларга.

Агар ҳукумат фуқароларини моддий, маънавий ҳимоя қилишга қодир эмас экан маданий дунёларда истеъфога чиқади, ўз халқидан узр сўрайди, ўз халқини ўққа тутмайди.

Бизга бир кунлик, бир соатлик меҳр- мурувват керак эмас. Гап бир миллатни ҳалокатдан қутқариш устида кетмакда. Халққа ҳеч нарса бермайдиган қўшма корхоналар, маданиятсиз маданий марказлар, янги- янги қўғирчоқ партиялар, турли нодавлат ташкилотлар тузиш учун эмас, аввало етмиш фоиз касалликка чалинган аҳолига тиббий ёрдам, арзон дори-дармон, бутун дунёда қабул қилинган киши бошига ўртача тиббий расион бўйича овқатланиш ҳуқуқи керак, аҳолининг сотиб олишга қурби етадиган нархда табиий озиқ-овқат маҳсулотлари керак.

Ёлғон, рушват, бузуқлик, маддоҳлик, гиёҳвандлик авж олаётган юртдан Иймон қочади, Ҳақиқат юз ўгиради.

Ҳазрат Аҳмад Яссавий ёзади:
Аҳли дунё халқимизда саховат йўқ,
Подшоларда, вазирларда адолат йўқ.

Ўзбекистонда мурувватли одамлар ғоят ноёб. Бойларимиз ҳали тўйганлари йўқ, тўйганлари эса ахлоқан бузилишга мойил. Тузалиш учун илоҳий ва дунёвий билимлар зарур.

Ҳазрат Навоий айтганларидек: Мурувват- борча бермакдир, емак йўқ.

Мурувват ҳар кимнинг қўлидан келмайди, мурувват қилишга қодир инсонлар, улуғ инсонлардир. Биз халқмизми, тўдамизми, оломонмизми, подамизми, билмаймиз.

Биз Бугунни кўриб турибмиз, эртага нима бўлишини ҳеч ким, ҳеч бир авлиё башорат қилолмайди. Инсонга берилган неъмат ҳам шу, Инсоннинг фожеаси ҳам шундадир.

Ёвузлик ҳамиша қуролланган, кўзлари ҳар қачон очиқ ва ҳимоялангандир. Эзгулик ҳамиша қуролсиз, ҳамиша кўнгилчан, ҳамиша ҳимоясиздир.

Агар биз халқ бўлсак Аллоҳга шукр, агар бўлмасак-да нажот Аллоҳдандир. Ҳақиқат- Ҳақдир.

Улуғ озарбайжон шоири Муҳаммад Ҳодийнинг ушбу шеъри билан сўзимни мухтасар қилдим:

“Муҳаббатлар муваққатдир, адоватлар ҳақиқатдир,

Адолат қайда, лекин зулму ваҳшатлар ҳақиқатдир.

Қани ҳуррият оламда асоратлар ҳақиқатдир,Балолар, дардлар кўпдир фалокатлар ҳақиқатдир.

Кадарлар, ғуссалар, ғамлар, сафолатлар ҳақиқатдир,

Бутун осоримиз қонли, жиноятлар ҳақиқатдир”.

(28.03.04. кеч соат 5-00.)

Aйрилиқлардан иборат…

Вақт ўткан сайин йўқотганларингизнинг алами каттариб, ўзингизнинг йўқолиб бораётганингизни ҳис қилиб яшар экансиз.

Ҳамма йиллар, ҳамма ойлар, ҳамма соатлар айрилиқлардан иборатдек туюлади мен учун. Хаёлимда изтироблар сира камаймади, аксинча ортиб борди. Чорасиз сайёрамиз инсон фарёдини кўтариб айланаверди, айланаверди- ҳеч нарсани тузатаолмадик.

Ўлим кўзимизни тўсиб тураверди. Наҳотки, зулм абадий бўлса, наҳотки эзгулик бу қадар заиф. Ҳазрат Навоий айтганларидек:”Ғамингга чорасизлик чора бўлмиш”.

Чорасизлик Инсонни ерга уриб, осмонга отади. Бас қилинг алдоқни, ёвузликни, деб бўшлиққа ҳайқирасиз. Ҳайқириғингизнинг ичида чўкиб кетасиз.

Лекин ноумид шайтон, яхши кунлар, албатта, олдинда бор. Инсон Умиди билан Инсон.

                       ***

Устозлар ҳақида сўз кетганда талмовсираб, нима дейишимни билмай қоламан. Кўз олдимда уларнинг пурвиқор сиймолари гавдаланади, мен шўрлик уларга шогирдликка арзимаслигимни аниқ, аччиқ ҳис қиламан. Лекин устозлар ҳақида гапирмаслик мумкин эмаслигини ҳам тушунаман.

–        Мен сайёҳман, йўловчиман, ғаввосман, Сиз англаган, Сиз забт этган Адабиётга даҳлим йўқ, жуда борса адабий сайёҳман,- дейман қалтираб,қақшаб.

Хаёлан тиз чўкиб узр сўрайман.

Бас, менинг учта пирим бор, улардан кўмак, мадад тиланаман. Яссавий пирим, Навоий пирим, Тҳакур пирим – Гурузев.

Менга қўл узатган устозларим бор- Абдураҳмон Водилий, Асқад Мухтор, Шукрулло.

Улуғ Туркистоннинг тўққизта улуғ дарёси бор: Амударё, Сирдарё, Абдулла Қодирий дарёси, Абдурауф Фитрат дарёси, Абдулҳамид Чўлпон дарёси, Мухтор Авезов дарёси, Чингиз Айтматов дарёси, Ўлжас Сулаймон дарёси, Муҳаммад Солиҳ дарёси.

Менинг томирларимда ҳам шу тўққизнинг қонлари оқади. Мен бу улуғ дарёларнинг соҳилларида саргардонман, доим ташнаман, очман, муҳтожман..

2004