РАУФ ПАРФИ
(Портретига чизгилар)
Камина ёй бурчида туғилганман. Ёй бурчида туғилганлар бироз назокатсиз бўладилар. Кўпинча ўзлари истамаган ҳолда қовун туширадилар. Масалан, мен инсонларни мақташ керак бўлган жойда унутиб, мақтамасдим. Вазифам эсга тушганида эса, суҳбатдош қулоғига хуш келадиган сўз ахтариб, топаолмай асабийланар ва мақтаркан, яна-да каттароқ қовун туширардим.
Рауф Парфининг ажойиб фазилатларидан бири, у суҳбатдошда ҳеч қачон уни мақташ эҳтиёжи уйғотмасди.
Рауф Парфи суҳбатдошини бу азобдан дарров халос этарди. Уни мақтамасдан у билан соатларча сухбатлашиш мумкин эди. Балки шунинг учун ҳам у билан ҳамсуҳбат бўлиш инсонларни хушнуд этарди.
У ҳамсуҳабатига уни мақтамаслик эркини берарди.
Мен бу эркдан яна бир марта фойдаланиб, “Буюк шоир Рауф Парфи” деб бошлаётган жумламни ўзгартириб, ерига унинг Буюк Тавозесини ёздим
Рауф Парфи билан 1971 йили танишдим.
Ғафур Ғулом нашриётига Омон Матжонни кўришга борганимда Парфи ҳам нашриётда эди.
У ерда бизни таништирдилар. Камина талаба ва “ёш шоир” мақомида эдим.
Рауф Парфининг 60-йиллар чиққан шеърларидан бир-нечтасини ўқигандим, аммо машҳур “Лайло” қўшиғининг матни ҳам бу шоирга оид эканлигини билмасдим. Бу қўшиқда “Лайло, Лайло, сенинг ёнингда япроқ каби кўрдим ўзимни” сатридан бошқа 70-йилларда танилган Парфи руҳини ифодалайдиган сатр йўқ эди наздимда.
Парфининг илк шеърларида Усмон Носир кайфияти сезиларди. Кейинги тажрибаларида Носирдан узоқлашди, сатрларидаги мунг теранлашди.
Шаффоф, ҳазин руҳи ўқувчини ўзига дарров жалб этарди.
Ташбиҳлари оғир эмасди, тасаввурни зўрламасди, латиф эди.
Гарчанд ёзиш услубларимиз диаметрал шаклда фарқли бўлса ҳам, Парфи Ўзбекистондаги шоирлар ичида руҳан менга энг яқини эди.
Унинг шеъриятидан ҳам кўпроқ шахсиятидаги кам одамда учрайдиган xушкўрувчилиги, инсонларнинг жоҳиллигига сабри, соф адабиётга бўлган садоқати, ҳар қандай ҳолатда ҳам, кучи етганича, тўғрилик тарафида туришга интилиши мени мутассир этганди. Шеъриятини севиб ўқирдим.
Албатта, шеъриятида менга тўғри келмаган хусус ҳам йўқ эмас эди. Буни ўзига бир неча марта айтишга шайландим, аммо кўнглини инжитмаслик учун айтмадим. Гарчанд Рауф Парфи танқиддан қўрқадиган одам эмасди, аммо қалби ҳассос эди, ташқаридан билинтирмаса ҳам ичидан инжиниши мумкин эди. Бу хусусни ўзига айтмаганим учун бу ерда ҳам айтмайман. Зотан, дидга оид бир тушунча эди.
Умумият-ла Рауф Парфи кичик жуссаси билан Тошкентни тўлдириб турадиган бир аурага соҳиб шахсият эди.Шоирлиги каби инсонийлиги билан ҳам.
У ҳақда бир мақола ёзган эдим. Аммо газетадаги қурумсоқлар бу мақолани кесиб-қирқиб, Муҳаммад Раҳмон ҳақидаги фикрларим билан қўшиб,”Икки шоир ҳақида бир оғиз сўз” деган бир материал чоп этишганди.
Шу материалдан бир парча:”
“Жасорат дегани атрофидаги ёлғончиларга дўқ уриб, бақиришгина эмас, балки, уларнинг даврасида ўтириб, ўз фикрини айтмоқ ҳамдир. Ваҳоланки, баъзи ёзувчи ва шоирлар “одамнинг сўзи билан иши бир бўлиши керак”, деб ўгит қиладилар, аммо хотинининг қулоғига “бу адабиёт эмас сенга, ҳаётдир” деб шипшийди, ёки “ўзимни адабиётга қурбон қиляпман”, деб шеърлар ёзади-ю, ўзи эса, дуч келгандан қурбонлик талаб қилади, шеъриятдан бошқа ҳамма нарсаси бўлганлар “шеъриятдан бошқа ҳеч нарсам йўқ”, деб алдайдилар.
Лекин бу ҳолат Рауф Парфининг шеъриятига xалал беролмайди. Ҳақиқий шеърият ўзича қувноқ, ўзича исёнкор, ўзича маҳзун.
Тингланг: эътибор даъво қилмайдиган бир оҳангда, ўзбек даштлари каби кенг, вазмин, қорабайир туёқларидан сачровчи товушлар маромида шеър қуйила бошлайди.
Аммо бу маром алдамчи. Охирги сатрлар сизни ҳушингизга келтириб қўяди…
Исён ўз шамойилини ўзгартиришга уриниб кўрди.
У муҳаббатнинг кўйлагини кийиб, ўзини кўзгуга солди, мулойим, назокатли кўринишга интилди – бўлмади. Севгининг кўйлаги унга ярашмади. Шунда у тақлиддан воз кечди. Яъни бармоқлари билан ўпа бошлади, кўзлари билан силай бошлади. Исён ўзлигига қайтди. Ўз овозидан уялмай, куйлаб юборди.
Сиз унинг қўшиғини беихтиёр ёд оласиз.
Хотирада қолган шеър эса – тирикдир.
Ахир, айтинг, жавонда турган китобдан ҳам улуғроқ нарса борми?
Аслида, ўша китобдан ҳам ўликроқ нима бор?
Ҳар қандай китоб фақат мутолаа жараёнида тирилади. Таъбир қилганда, арвоҳ бу йўқ нарса, лекин уни эсласангиз кифоя, арвоҳ қаршингизда пайдо бўлади: Ҳамлет отасининг руҳини ёнига чақирмайди, уни эслайди, холос…
Шеър давом этади.
Чўчинқираб тинглайсан. Чунки, шеърдаги фикр паришон келаётган одам олдида бурилишдан чиқиб қолган йўловчидай дафъатан:
“Кўкларга етмагай нолам, ёшлигим,
Сувга чўкиб кетган болам, ёшлигим…
Дафъатанлик фақат фикрда эмас. Шаклга эътибор қилинг: бармоқда ёзилган шеър баландпарвозликка мойил, бу ҳол унинг табиатидан келиб чиқади. Аммо Рауф Парфи вазн инжиқлигини енгиб, уни ўз ҳукмига бўйсундиради, ер чиройини тарашламай, борлигича, шеърнинг бўйнига тақади;
“… Ёшлик зангор фасл. Кечди. Сарғарди,
Тўкилди у. Шафақ билмас баргрезон.
Қора совуқларга отиб юборди;
Шамоллар пойида синмоқда ҳазон,
Ёшлик зангор фасл. Кечди. Сарғарди”.
Сўзлар кескинлиги кўҳна вазнга янги шакл мазмунини беради: “Ёшлик зангор фасл. Кечди. Сарғарди”. Бу сўзлар – шоирнинг энг ичкин, энг самимий изҳоридир. Бу уч нуқта билан ажратилган бўлаклар бир-биридан юз ўгирган, аммо бир-бирини таъкидловчи учта ҳолатдир.
Учта тақа-тақ ёпилган эшик , учта қайтарилган “оҳ”.
Шоир “сарғайди” сўзининг ўрнига “сарғарди” сўзини ёзади.
Чунки, сўнгги сўз ҳарфларидаги зарб, кескинлик уни кўпроқ жалб этади ва иккиланмай ўшани танлайди.
Бу маҳорат ҳанжари – Шоирнинг ягона қуроли.
У умр бўйи шу ханжарни чархлаш билан овора бўлажак. Уни бировга ўқталиш учун олиб юрмайди. Бу ханжар шоирнинг ўзига аталган: кун-бакун, тун-батун чархланувчи бу тиғ ўзгаларни даволаб, ўзини ҳалок этишини шоир яхши билади.
Лекин бу хабардорлик уни фаолиятдан четга тортмайди, аксинча, – илҳомлантиради, вақт, лаҳзаларнинг муваққатлигини билган шоир “кундан олмаган ҳақини тундан олади”. Демак, шоирнинг ўз осойишталиги ҳақида ўйлаб ўтиришга вақти йўқ, шеърият унинг учун тирикчилик эмас, тирикликдир.
Шоир севгисида ҳам, нафратида ҳам, ҳатто рашкида ҳам курашчи. Лекин лоқайд эмас. Лекин, ҳаёт воқеаларига қараб, қўл қовуштириб турмайди; йўқолсин лоқайдлик, йўқолсин қовуштирилган қўллар. Яшасин ҳамдардлик, изтироб, ёрдам…
Бундан ташқари шоир учун:
“.. Бир сўз бор,
Беғубор тонг каби гўзал.
Тонг чоғи очилган ғунча каби,
Ғунчада шабнам каби мусаффо…
Бир сўз бор Ҳақиқат сўзидан ҳам юксак,
Ҳақиқатнинг ўзидан ҳам юксак
Бир сўз бор…
(Рауф Парфи)
Бу сўз “Ватан” сўзи.
“Оёғи она ерга ботиб қолган” шоир бу улуғ тушунчани шунчаки плакат шаклида ифодалашни шаккоклик деб билади. У Ватан ҳақида ўз севгилиси, ўз онаси тўғрисида ёзгани сингари ичкин, меҳр билан юракдан кечирган туйғусини ёзади…
(1979)
Раҳматли Рауф Парфига шу шеърни бағишлаганман:
ШОИР
Тамаки ҳидидан бўғилган девор.
Меҳмонлардан чарчаган дастурхон.
Унда олмаларнинг қолдиғи,
Ғийбатлар қолдиги ётибди.
Курсида ўтирар кўзлари ботиқ
Сочлари оқариб кетган қуш.
Сайрашни унутган,
Бизнинг тилимизга ўтиб олган у.
Бизнинг тилимизга гапирган куни
Сочлари оқариб кетган қуш.
(1980)
(“Олис табассум сояси” 1986. саҳифа 238)
Аввалги шеърларида ҳафиф, инжа пардаларда сайраган бир қуш каби эди Рауф Парфи.
Сўнгра мазлумлар тилида сўйлай бошлади. Ва сочлари оқарди Шоирнинг.
Юқоридаги шеърнинг мазмуни шу.
Рауф Парфи туғма улфат эди. Улфатлик қобилияти шеърий қобилияти билан мусобақа қиларди. Бу хислати худди магнит каби инсонларни жазб этарди.
1970 йилларининг ўрталаригача биз кандакор рассом Омон Азиз устахонасида улфатчилик қилдик. Унинг устахонаси аввал Чилонзордаги “Савдо маркази”га яқин бир мавзеда эди. Кейин у ерда Омон аканинг ҳамкори ҳайкалтарош йигит интиҳор этди ва Омон Азиз бошқа ердан, Руставели кўчасидан бир устахона топди. У ерда улфатчилигимиз айнан давом этди.
Камина илк бора Туркиянинг қўшиқчиларини ўша ерда тингладим. Хусусан, Танжу Окан шарқилари, унинг модерн таркидунёчилиги, шароб апологияси бизни мафтун қилганини эслайман.
Рауф Парфи кўпгина шеърларини ўша ертўлада ўқиди. Шеър ўқиркан, худди ҳазиллашаётгандай ўқирди. Бу ундаги камтарлик тазаҳури эди.
Рауф Парфида баҳс этганимиз “гердайиш комплекси” йўқ эди. “Бошда дўппи”си ҳам йўқди. Аммо миллатини севарди. Ўзига яраша туркчи эди, бутун туркларнинг бирлашуви тарафдори эди.
Нозим Ҳикматни севарди. Нозим унинг учун бир коммунист эмас, буюк турк шоири эди. “Инсон манзаралари”ни иш бўлсин деб ва ёки пул учун эмас, севарак таржима қилди она тилига.
Рус адабиётини яхши биларди, рус маданиятига катта ҳурмат билан қарарди. Аммо Туркистоннинг Чор-Совет-Русияси тарафидан ишғолини тенгдошлари каби қисмат ўлароқ қабул этмаганди.
Танишлигимизнинг илк босқичида миллий руҳдаги суҳбатлар қилмасдик. Суҳбатлар асосан шеър ва янги китоблар ҳақида бўларди. 70-йиллар ўрталарига бориб суҳбатларимиз миллий тус олабошлади. Адабиёт қаторида сиёсат ҳам тилга олина бошлади.
РЎЁ
Бугун менинг уйқум бузилди, бевақт
Деворда соялар лопиллар улкан –
Кўзим қамаштириб юборар ногоҳ
Олис минтақада ёнган бир гулхан –
Чарсиллаб кетади олов дамо-дам,
Зулматда чирилдоқ чириллар нолон,
Гулхан теграсида еттита одам –
Соқоллари ўсган етти қўзғолон.
Улар суҳбат қурар жимгина… аммо
Уларнинг дунёга тушгандир иши –
Гулханни қучоқлаб олгандир гўё
Чордона қурган бу еттита киши.
Олов узра парвоз этар безавол,
Қанотин куйдирмай учади шу тоб
Менинг қўрқувимга ўхшаган савол
Сенинг умидингга ўхшаган жавоб…
Мана, тун ҳам дапров ярмидан оғди,
Суҳбат давом этар, гулхан ёшарар,
Ўйнар еттовининг юзида ёғду –
Ўт билан ўйнайди етти башара…
(1983)
(“Олис табассум сояси” 1986 ).
Бу утопик шеър қаҳрамонларининг прототиплари рассом Омон Азиз ертўласида тўпланган шоир ва рассомлар эди.
Аммо улар шеърда тасвирлангани каби ҳали “Ўт билан ўйнай” бошламаган эдилар.
Фақат менинг хаёлимда бу ўйинни бошлаб юборгандилар.
Хаёлий гулхан атрофида ўтирган ўзбек ойдинлари мен учун “етти қўзғолон” шамойилида кўрина бошлаганди.(Гулханни мавзу олган Рауф Парфининг шеъри ва бу шеър асосида яратилган Омон Азизнинг ҳам бир асари бор эди. Фақат уларда сиёсий мотив йўқди).
“Рўё” шеъри ёзилгандан беш йил сўнгра, 1988 йилга келиб, рўё рўёбга чиқди: миллий тушунчаларимиз ертўладан чиқиб, майдонларда тошди. “Рўё” ғаройиб бир шаклда 1983 йилда чиккан “Валфажр” тўпламига кираолмай қолиб кетганди. Ўзбекистон КП Марказий қўмитаси котиби Р. Абдуллаева ишдан кетганидан сўнгра бу “шубҳали” матн 1986 йил нашр этилган “Олис табассум сояси” тўпламига киритилди
Рауф Парфи майдонларда нутқ отмаса ҳам, доим биз билан бирга бўлди.
Тошкентда айрилгунимча у билан алоқамиз кесилмади.
Каминани сиёсий режим “халқ душмани” деб эълон қилганида бу “душман”ни тарк этмасликкa журъат этган 3-4 та дўстнинг биттаси эди Рауф Парфи.
Бу “душман” ҳақда гапириш таҳликали бўлган йилларда ғурбатда юрган бу дўстини очиқча қўллаб уни у ҳақ этмаган юксакликларга кўтаришдан қўрқмаган мард инсон эди.
Ҳаққингни ҳалол эт эй, Мужоҳид!
Ўзбекнинг буюк шоири Рауф Парфи умрининг сўнгигача романтик бўлиб қолди. У бундан уялмади, ғурурланмади ҳам. Ўз табиатини ташқи шароитга қараб ўзгартиришга тиришмади.
Ўзига бино қўйган жиддийлик унга комик кўринарди ва кўриши тўғри эди.
Жадидлардан сўнг пайдо бўлган миллий адабиёт саҳросида Рус мустамлакасидан мустақил бўй кўрсатган илк битки – Рауф Парфи эди.
Аллоҳ руҳига ғани ғани раҳмат айласин.
Муҳаммад Солиҳ
2020